Янги келган муриднинг олтинни шайхдан яширгани

Янги келган муриднинг озгина олтини бор эди, уни ўз шайхидан яширмоқчи бўлди. Шайх буни билди ва ҳеч нарса демади. Мурид ҳамон олтинни яширин сақлаб юрарди. Мурид ўз пири раҳбарлигида сафар қилиб йўлга чиқдилар. Олдиларидан қоп-қора зулмат қоплаган водий чиқди ва ҳам бул водийда икки йўл пайдо бўлди. Олтини бор мурид титраб қўрқарди, олтин унинг сирларини ошкор этиб расву қилганди.
У шайхга қараб деди:
– Икки йўл пайдо бўдди, қайси биридан юрамиз?
Шайх деди:
– Бойлигингни ташла, у — энг катта хато. Кейин қайси йўлдан юрсанг ҳам хато бўлмайди.
Кимки олтин-кумуш билан дўстлашса, девдан ҳам қўрқинчлидир. Бир парча ҳаром олтин деб қанчадан-қанча найранг, ҳийла ишлатасан, қилни қирқ ёришга тайёр турасан. Шундай бўлгандан кейин чўлоқ эшакдай динда мустаҳкам эмассан, қўлинг оғир тош остидаю, ўзингаи холи – халос деб гумон қиласан. Эй инсон, найранг бошласанг — шайтон бўласан қоласан, аммо диндорликка етсанг, ҳайрон бўлиб қоласан. Кимники олтин йўлдан урган бўлса, у гумроҳ бўлди ва қудуқ ичида қўл-оёқлари боғлиқ ҳолда асир бўлиб қолди. Агар сен Юсуф (бўлмоқчи бўлсанг), бу қудуқдан ҳазар қил, даминг — нафасингни чиқармай тур, чунки бу нафс чоҳининг аждарҳодай дами бор – бир дамда ютиб юборади.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.