Мактаб талабалари устозларидан безор бўлишибди, кўп ўқиш, ёзиш, уй вазифалари уларни жуда чарчатибди. Кўчада ўйнашни исташибди. Бир чорасини ўйлашибди. Нима қилиб бўлса ҳам, маълум вақт устозни мактабдан узоқлаштиришга қарор қилишибди. Ораларидаги энг кичкина, аммо жуда зийрак бир ўқувчи, шундай деди:
— Ўртоқлар, ўқитувчимизнинг ҳеч қаери касал эмас.Қани энди бир неча ҳафта хасталансаю, биз ҳам дам олсак. Қандай бўшаш учун ҳаракат қишш керак.Дўстлари унга;
— Қандай қилиб соппа соғ одам касал бўлиши мумкин? дедилар. Ҳалиги бола:
— Бўлади, деди. Мен бир ҳийла ўйладим. Эртага дарс бошлангандан сўнг синфга биринчи кирган бола устозимизга: “Устоз, тинчликми! Юзингиз анча сўлғин, сарғайибди, беҳолмисиз? Аллоҳшифо берсин”, деб хаста бўлганини айтади. Устоз, бу гаплардан ваҳимага тушади.
Талабалар ўзаро маслаҳат қилишди ва эртаси кун эрталабдан синфга илк кирган ўқувчи:
— Тинчликми устоз Аллоҳ шифо берсин. Юзингиз сап-сариқ.Мазангз йўқми? деди.
Устоз:
— Валдирама, касал эмасман, бор жойингга ўтир, деб қўрслик билан жавоб берди.
Синфга кирган икки уч ўқувчи ҳам устозига:
— Аллоҳ шифо берсин, деб юзининг сарғайиб кетганини айтди.
Устозни ваҳима босди. Ўз-ўзига: “Хотинимнинг ақли жойида эмас, юзимнинг сўлганлигини, вужудимнинг титраганинй қаердан ҳам билсин. Унинг дарди меи эмас. Ўзига оро беришдан бошқа нарсани ўйламайди”, деб гапирди.
Бу орада ўқувчилар гўё дарсни такрорлаган бўлиб, шовқин сурон кўтара бошлашди. Устоз ваҳима ичида шовқин сурондан боши оғриб уйига кетди. Эшикни очган хотинига:
— Эй сен хотин, кўрмисан, ҳолимга бир қара юзимнинг сўлғинлигини ҳамма кўрди, нега сен кўрмадинг, бегоналар менинг дардим билан қизиқишади, сен мен билан бир уйда яшаб наҳотки иситмам чиққанини билмадинг. Мен касалман, тез ётоғимни тайёрла, деди.
Хотини уни
— Эй хўжайин, сизда хасталик аломати йўқ, хоҳласангиз ойна келтираман, сизда шунчаки бир ваҳима бор, деди. Унга жавобан эри:
— Вужудим дир-дир титраётганини кўрмаяпсанми, менга бошимнинг оғриғи етади. Бор, ётоғимни тайёрла, деди.
Хотини ноилож ўрин жойъ тайёрлади. Эри оҳ уф қилиб, ўзини тўшакка отди. Бошини боғлаб устма уст кўрпа ёпди.
Ўқувчилар севиниб уй уйларига тарқалдилар. Оналари болаларининг бундай вақтли қайтганларидан ҳайрон бўдди. Болалар: “Устозимиз касал бўлиб қолдилар, бизга ҳам таътил бўлди”, дедилар. Бу пайт устознинг уйига яқинлари, қўни қўшнилар келишар, устоз қават қават кўрпа тагида терга ботиб ётарди.
— Соғайиб кетинг устоз, қандай қилиб касал бўлиб қоддингиз, ҳеч хабаримиз йўқ, деганларга:
— Ўзим ҳам бехабар эдим, барака топгур болалар айтишди. Шундай оғир хасталигимни сезмай қолибман, деб жавоб берарди.
Ҳа, устоз ўзининг касаллигига батамом ишонган эди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан