Сўнгги илинж

Абу Райҳон Беруний дардга чалинди. Ҳозиқ табиблар имкон қадар муолажа қилдилар, аммо беморнинг аҳволи яхшиланмади. Аксинча дард кундан кунга кучайиб борарди. Бу дунёдан насибаси узилаётганини олимнинг ўзи ҳам сезиб турарди. Лекин унинг жўшқин табиати илму ирфон уммонидан сўнгги қатрагача олиб қолиш илинжида эди.
Бир куни уни кўргани дил маҳрами қози Валважий қадам ранжида қилди. Хол-аҳвол сўрашгач, Беруний деди:
– Тунов куни нотўғри даромад хусусида бир нима дединг, вале далилинг чала қолиб эди. Ўша мавзуга қайтсак…
Қози ажабланди.
– Ҳозир бу масалани муноқаша этмак мавридими, Мавлоно, – деди у, – халлоқи оламдин сизга офият тилайдурмен, иншооллоҳ, ўшандай саодатли кунларга қолдирайлик бул масъалани.
Беруний ранжиганнамо деди:
– Эҳ, дўстим! Сиз ҳам ярамга туз сепмангиз. Бу фоний дунёдан бир масала ечимини билмасдан ўлиб кетгандин кўра, билиб кўз юмган афзал эмасму? Айтинг энди!
Қози Берунийнинг товушидаги амрона оҳангга бўйсунишга мажбур бўлди ва нотўғри даромад борасидаги тахминларини батафсил сўзлади. Олим кўзларини юмганча тинглади ва хўрсинди.
Сўнг Валважий ортга қайтди. У уйига етар-этмас, ортидан шум хабар келди. Абу Райхон Беруний оламдан ўтган эди.