Шакар ўрнига тупроқ еганлар

Тупроқ ейишга ўрганиб қолган одам кунларнинг бирида бозорга чиқди. Бир дўконга кириб икки кило шакар олмоқчи бўлди. Савдогар ҳийлакор одам эди. Тарози тоши ўрнига, тупроқдан фойдаланарди.
Савдогар:
— Менинг тарозимнинг тоши тупроқдан..Шакар олиш ниятинг бўлса, сабр қил, мен тош топайин, деди.
Ҳалиги киши тарозидаги тўп тўп тупроқларни кўриши билан жони кирди. У учун тупроқ шакардан ҳам тотли, қийматлироқ эди.
Савдогарга:
— Зарур ишим бор.Шакар олишим шарт, тошинг нима бўлса ҳам фарқи йўқ, деди.
Савдогар унга:
— Жуда яхши… Модомики сен олмоқчи экансан, айтганингдек бўлсин,  дея икки килоча тупроқни тарозисининг бир палласига қўйди. Бошқа палласига шакар қўйиш учун омборга чиқди. Шунда ҳалиги киши савдогарнинг йўқлигидан фойдаланиб, тарозининг бир палласида турган тупроқларни ея бошлади. Савдогар буни кўз қири билан кўриб турар, кўпроқ ейиши учун гўё ўзини шакар солаётгандек қилиб кўрсатиб кўпроқ вақт ўтказди. Ўзича:
— Эй юзи сарғайган… ол ол, яна е. Тупроғимни» камайтиряпсан, менга ҳеч нарса қилмайди. Сен тарозидаги тупроқдан қанча кўп есанг, шакарни шунча кам оласан. Кўринишдан мени алдаяпсан, аслида эса алданган сенсан. Сен ўз ўзингни ейдиган бир аҳмоқсан,  деб пичирларди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан