Сайроқи қуш овозига ошуфта бўлган обид ҳикояти

Туну кун ибодат билан шуғулланиб, ҳақ саодатига эришган обид бор эди. Халқдан ажралиб, узлатда ўтирар, Ҳақ билан парда ортидан роз айтар эди. Унинг ҳамнафсу суҳбатдоши Ҳақнинг ўзи эди, агар нафаси тинса ҳам Ҳақнинг биргалиги кифоя эди. Бошида бир дарахт соя соларди. Дарахт шохида бир қуш ин қуриб, хушовоз билан сайрарди. Унинг овозида ажиб сирлар яширингандай ёқимли эди. Обид қушнинг овозини ёқтириб, берилиб тингларди. Ҳақ субҳонаҳу ўша замон пайғамбарига ваҳий юбориб деди:
– Ул обидга етказингким, кеча-кундуз қилган тоатларинг Менга ёқарди. Йиллар давомида Менинг шавқимда ёнардинг, охирига келиб Мени бир қушга сотдинг (алмаштирдинг). Ўзинг камол ичра зийрак қуш бўлсанг-да, бироқ бир қуш ноласи сени қопга (тузоққа) туширди.
Мен сени сотиб олиб, ўзимга ўргатган эдим, сен эса ноаҳиллик қилиб, мени сотдинг. Дўстлик ва улфатчилик уйини куйдирдинг. Бундай «вафодорлик»ни кимдан ўргандинг? Сен бунақа арзон сотувчи бўлма, ҳамдаминг Бизмиз, ҳамдаму ҳамнафассиз қолма.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.