Бир олийнасаб подшоҳ бир чиройли қулга ошиқ бўлиб қолди. Шунчалик ошиқ бўлдики, ул қулсиз бир дам ўтиролмас ёки дам ололмасди. Бу қулни бошқалардан ажратиб, ясантириб қўйган эди ва ундан кўзини узолмасди. Шоҳ агар қасрда ўқ отиш билан шуғулланса, у қул қўрқувдан титрарди. Чунки шоҳ олмани қулнинг боши устига қўйиб, нишонга оларди. Ўқ билан олмани тешарди, шунда бечора қул сарғайган гиёҳ япроғидай титрарди. Аҳводдан бехабар бир одам қулдан:
– Қип-қизил юзларинг нега олтиндай сарғайиб қолибди, шоҳ олдида шунча ҳурматдасан, нега аҳволинг бу қадар афтода бўлиб қолди?, – деб сўради.
Қул деди:
– Бошимга олмани қўйиб нишонга олади, агар менга ўқ тегиб яралансам, у бунақа қулим йўқ эди, лашкаримда бундан камчилик ҳам кўрмайман, деб айтади. Агар ўқи нишонга текса, ҳамма бу подшоҳнинг омади ва маҳорати деб айтадилар. Мен шу икки ғам ичида қийналурман, жонимни нимага хатарга қўйганман? Ҳеч нарсага!
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.