Озғин, кўримсизгина бир шаҳзода бор эди. Бунинг устига инилари узун бўйли ва хушсуратли гўзал юзли эдилар. Кунлардан бир кун, ҳаммаси ичида подшоҳ отаси уни энг паст ва хор кўришини пайқаб қолди. Шаҳзода отасини кўргач, не хаёлга боришини фаҳмлаб шундай деди:
–Ота, деди. – Узун бўйли ва хушсурат бир жоҳилдан, озғин ва кўримсиз бўлса ҳам ақлли инсон яхшироқдир. Баланд бўйли ва гулбадан нарсанинг ҳар доим ҳаммадан устун бўлиши мумкин эмас. Илми кучли бир заифнинг, семиз аҳмоққа қараб: “Араби от заиф бўлса ҳам, шу ҳолатида эгари юкланган эшакдан афзалдир”, – деганини эшитмаганмидиз?
Отаси кулди, давлат арбоблари ҳам унинг сўзларини маъқул топишди. Фақатгина инилари бу гапдан қаттиқ норози бўлиб, ичларида хафа бўлишди. Орадан кўп ўтмай, подшоҳга қарши четдан душман бош кўтарди. Душман қаттиқ туриб олди, охирида икки томон қўшини уруш майдонида тўқнаш келди. Подшоҳ, озғин шаҳзода ва унинг инилари ҳам уруш майдонида туришарди. Жанг бошланганида, душманга қарши чиқиб отини шоҳнинг олдида қолдирган озғин шаҳзода бўлди. У султонга қараб шундай деди:
–Мана энди менинг кимлигимни кўрасиз! Тупроқ ва қон ичра бир бош кўрсангиз ўша мен бўламан! Зеро, жанггоҳда урушган ўз қони ила, ундан қочган қўшинининг қони ила ўйнайди.
Бу сўзларни айтар айтмас душман аскарларига ҳужум қилибди. Ва душманнинг энг илғор аскарларидан бир қанчасини ер билан яксон қилди. Орада отаси ҳузурига келди. Салом бериб шундай деди:
–Эй, мени ҳақир ва нимжон деб билган ота, бўйи бастни фазилат санаманг! Жанггоҳда боқувдаги ҳўкиз эмас, ингичка белли от ишга ярайди.
Буларни айтиб яна жангга кириб кетди. Душман қўшини бир неча марта кўп эди. Подшоҳ қўшини кам бўлиб, жангчилар қоча бошлади. Шунда озғин шаҳзода аскарларига қараб:
–Эй, йигитлар, ғайрат қилинглар!!! Аёлларга ўхшаб қочманглар, – дея ҳайқирди.
Шаҳзоданинг гапларини эшитиб, суворийларнинг жасорати ортди ва ҳамма биргаликда бошқатдан ҳужумга ўтди. Ниҳоят, душманга ғолиб келдилар. Воқеаларни бир четда туриб кузатган подшоҳ, озғин шаҳзоданинг мардлиги қаршисида лол қолди. Дарҳақиқат, унинг бошқалардан кўра кўпроқ фойдаси теккан эди. Уруш тугаши билан подшоҳ озғин шаҳзодани бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди. Шундан сўнг унга бўлган ишончи ва ҳурмати ошди. Шаҳзодани ўзига валиаҳд этиб тайинлади.
Аммо инилари шаҳзодага ҳасад қилишди. У ҳақида ёмон фикрларга бориб, бир фитна ўйлашди. Шаҳзоданинг овқатига заҳар қўшилди. Синглиси бу ишдан хабар топиб, сирдан валиаҳдни огоҳ этди. Шаҳзода вазиятни ўрганмагунича овқатга қўл урмади.
Бўлиб ўтган воқеалардан хабар топган подшоҳ зудлик билан валиаҳд шаҳзоданинг иниларини чақиртирди. Фитна қўзғаганлари сабаб уларни жазога буюрди. Аммо озғин шаҳзода ҳиммат кўрсатиб, шоҳдан уларнинг гуноҳини сўраб олди. Подшоҳ чиқаверишида, мамлакатнинг энг олис гўшаларидан уларга ҳисса ажратди ва ҳаммасини ўша ерларга юборди. Шу тариқа, норозиликларга барҳам берилиб, англашилмовчиликларга ўрин қолмади.
Ҳикмат
Ҳар нарсанинг ташқи кўриниши билан бирга ички кўриниши ҳам бордир.
Бир нарсанинг зоҳири гўзал, ботини хунук; ёки зоҳири хунук, ботини гўзал бўлур. Бунда зоҳирга қараб ҳукм чиқармоқ инсонни алдайди.
“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси