Қотил ва Ҳабиб ажамий

Одам ўлдирган бир қотилни подшоҳ қатл этди. Ўша кеча уни бир сўфий тушида кўрди: у жаннатда шод-хуррам юрарди.
Сўфий деди:
– Ахир сен қотил, гуноҳкорсан, одамларнинг қонини тўккансан. Қандай қилиб сен бу мартабага эришдинг — жаннати аълога етишдинг?
Қотил деди:
– Подшо жаллоди қонимни тўкаётганда, қатлгоҳ ёнидан буюк сўфий Ҳабиб Ажамий ўтаётганди. Соликларнинг бу улуғ пири яширинча менга бир қараб қўйди. Ана шу бир қараш туфайли мен бундай иззату шарафга эришдим.
Кимгаки давлат кўзи тушса, у саодат тахтига ўтиради. Агар сенга бир улуғ эрнинг назари тушмас экан, сен ўз вужудингни таний олмайсан. Минг йил хилватда ёлғиз ўтирсанг ҳам, пирсиз йўл тополмайсан. Пирсиз ёлғиз йўлга тушма, кўрлар каби ўзингни дарёга отма. Пир сенга йўлбошчидир, барча ишда сенинг суянчиғинг, паноҳингдир. Сен ахир тўғри йўл билан ўнқир-чўнқирлар, қудуқларни ажратолмайдиган кўзи ожизсан, асокашинг – раҳнамонг бўлмаса, йўлни босиб ўтолмассан. Сенинг кўзинг кўр, йўл эса узоқ, пир сен учун қалавуз — йўлчидир. Кимки бир соҳибдавлат соясида бўлса, йўлда хижолат чекмайди, кимки бир давлатга боғланса, қўлига тикан олса ҳам, у гулдастага айланади.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.