Бир йигит ўз отасини ҳакорат қилиб урганини кўрган одамлар нафратланиб, у адабсиз ўғилга ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Йигитнинг отаси одамларни тўхтатиб:
— Биродарлар, ўғлимга ҳужум қилманг, бу ишда ўғлим эмас, ўзим айбдорман. Йигитлик вақтимда кунлардан бир кун худди мана шу ерда отамни ҳақорат қилиб урган эдим. Отамга қилган адабсизлигим жазосини энди кўриб турибман, отамга қандай муомала қилган бўлсам, бугун ўшандай муомала ўз ўғлимдан қайтди. Нимани эксанг, шуни ўрасан, деб жуда тўғри айтганлар. Мен ота-онамни ҳурмат қилмадим, дилларини оғритдим, у муборак зотлар мендан норози бўлиб кетдилар, энди ўғлим айбдор эмас, биродарлар, айб ўзимда,— деб ўксиниб-ўксиниб йиғлади.
Йигит отасининг сўзларидан таъсирланиб, дод-фарёд қилиб кўз ёшларини тўкди. Дарҳол отасини қучоқлаб, ўпиб, ундан узр сўради. Ота эмасми, у ҳам ўғлининг гуноҳини кечирди, унинг кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб эркалади. Бу воқеанинг гувоҳи бўлган халқ ҳам таъсирланиб, кўзларига ёш олдилар.