Меҳмон

Бир киши улуғ мартабали бир одамдан анчагина пул қарз олган бўлса ҳам, қарзини ўз вақтида адо этмаган, ваъдасидан кўпгина вақт ўтказган эди. Ниҳоят, пул эгаси қарздордан пулини ундириб олишни ўзининг катта бир хизматчисига ҳавола қилди.
Хизматчи қарздорнинг уйига борди, унга қаттиқ-қаттиқ сўзлар айтиб, амалдордан олган пулни дарҳол чиқариб беришни сўради. Қарздор у хизматчига:
— Мени хожанг ёнига олиб бор, унга айтадиган махсус сўзим бор,— деб қайта-қайта ўтинди. Унинг йиғламсираб, зорланиб ўтиниши бағритош хизматчининг ҳам кўнглига таъсир қилиб, ҳожаси ҳузурига олиб келди.
Амалдор бир қанча кишилар билан ўтириб ош ейишда машғул эди. Хизматчи у қарздорни амалдорга кўрсатиб:
— Бу кишидан пулингизни дарҳол чиқариб беришини сўраб қаттиқ муомала қилган эдим, кўп тавба-тазарру қилиб, сизнинг ёнингизга олиб келишимни ўтинди, раҳмим келиб олиб келдим. Энди нима қилсангиз ўзингиз биласиз,— деди,
Амалдор хизматчини ҳам, қарздорни ҳам ошга таклиф қилди. Улар ҳам овқатланишга машғул бўлдилар. Овқатдан кейин амалдор ҳалиги хизматчига:
— Бу қарздор энди менинг меҳмоним бўлди. Азиз меҳмонимдан пулимни талаб қилишим мурувватдан эмас. Бу бечора одам муҳтожлик ичида қолгани учун пулимни келтириб беришга қодир бўла олмаган. Унинг шундай ҳолда эканини олдинроқ билган бўлсайдим, сени унинг ёнига юбормасдим. Энди мен у пулимдан воз кечдим, азиз меҳмонимнинг ўзига бағишладим. Бундан кейин бу меҳмонимнинг уйига бориб, унинг кўнглини оғритма,— деди. Қарздор меҳ-моннинг кўнглини кўтариб, инъом-эҳсон қилиб, иззат-ҳурматини бажо келтириб, уйига қайтишига рухсат берди.