Таълим-тарбия олимларидан Ҳофиз Умар Сомий айтади:
— Ўн саккизинчи асрда Африкадан Европага қайтган бир олим ўз кўзи билан кўрган аянчли бир воқеани шундай ҳикоя қилади:
— Бир золим мустамлакачининг қўл остида бўлган занжилардан бир қанчаси жабр-зулмга тоқат қила олмай, қочиб кетишга мажбур бўлгандилар, лекин бу бечораларни тутиб олиб ваҳший мустамлакачининг ҳузурига келтирдилар. Бундай қочоқларнинг жазоси дор ёғочи эди. Шунинг учун бу бечоралар ҳам осиб ўлдиришга ҳукм этилдилар. Жаллодлик вазифасини бажарувчи одам узоқ бир ерга кетгани сабабли жон олишга харис бўлган бу оқ танли мустамлакачи қўлга тушган қочоқ занжиларга шундай таклиф қилди:
— Ичингиздан қайси бирингиз бошқа шерикларини осишга рози бўлса, мен уни ўлимдан қутқазаман.
Демакки, ичларидан фақат орқадошларини осишга рози бўлганга, яъни энг разил, мурдорларига ҳаёт каби қимматли неъмат ваъда этганди. Фақат бу ваъдага илтифот қилган занжи топилдими? Ҳечда, терилари қора, фақат диллари соф ва пок бўлган инсонларнинг ҳаммаси бу нафратли, жирканч таклифни рад қилдилар, биттаси ҳам манфур таклифни қабул қилишга рози бўлмади.
У вақт малъун мустамлакачи жуда ҳам ғазабланиб, содиқ, итоатгўй занжи хизматчисини чақириб:
— Дарров дор ипини ҳозирла, буларнинг ҳаммасини ос, рад қилсанг, сени ҳам булар билан бирга остираман,— деди.
Бечора итоатгўй занжининг кўнглида олий бир фикр пайдо бўлди. Тошюракли ваҳший ҳожаси мустамлакачига:
— Ижозат беринг, дарров ҳозирланиб келиб, буларнинг ҳаммасини осаман,— деди.
Хожаси ижозат бергач, панароқ жойга чекилди. Бир оз вақтдан кейин хожаси ёнига келди, бир қўлининг бармоқлари кесилганди, шириллаб қон оқиб тушарди. Ҳалиги пана жойда у қўл бармоқларини болта билан кесиб туширган, марҳаматсизларга бир буюклик мисолини кўрсатишни истаганди. Бу фидокор занжи золим мустамлакачи ҳожасига қараб:
— Эй хожам, энди мен орқали бу гуноҳсиз орқадошларимни остириш қўлингдан кела оладими?— деди ва ерга йиқилиб ҳушидан кетди.
Байт:
Ҳар кўнгилким бўлса поку беғубор,
Ғайб нақши унда бўлгай ошкор.