Матлуб мерос

Миср ҳукмдори Рум ҳукмдори билан келишиб, ораларидаги адоватни бартараф қилдилар. Дўстлик аҳдини туздилар. Дўстликларини кучайтириб абадийлаштириш учун Миср ҳукмдори ўз қизини Рум ҳукмдорининг ўғлига берди. Рум ҳукмдори ҳам ўз қизини унинг ўғлига никоҳлади. Шундай қилиб ҳар икки ҳукмдор бир-бирларига қарши қуда бўлдилар. Бу ошнолик туфайли ҳар икки томондан элчи ва мактуб бот-бот бориб-келиб турди, ҳар иккиси бир-бири билан маслаҳатлашиб иш олиб бордилар.
Бир куни Миср ҳукмдори қудаси Рум ҳукмдорига шу мазмунда хат ёзиб юборди:
— Кўзларимизнинг нурлари бўлган фарзандларимизнинг вафотимиздан кейин ҳам роҳат ва фароғатда яшашлари учун шу топдан бошлаб чора кўришимиз керак. Мен ўғлим учун жуда кўп мол-дунё жамладим. Чиройли боғ ва иморат вужудга келтирдим. Сиз ҳам куёвим бўлган ўғлингиз учун шундай қилган бўлсангиз керак.
Рум ҳукмдори қудаси Миср ҳукмдорининг хатини ўқиб, табассум қилди ва шу мазмунда мактуб битди:
— Мен сиздан кўра бошқачароқ йўл тутдим. Вафосиз мол-дунё, матоларга илтифот этмайман. Шунинг учун мен ўғлимга мол-у дунё тўпламай, уни илм-ҳунарли, одоб-ахлоқли қилиб ўстирдим, адаб жилоси билан уни безадим, яхши хислатларни ўғлим учун мерос этиб қўйдим. Мол-дунёга завол етади, аммо одобга завол етмайди.
Миср ҳукмдори қудасининг хатини ўқигач, унинг сўзини маъқуллаб:
— Қудам тўғри айтади, одоб, ахлоқ — олтиндан ҳам қимматли, — деди.