Бир кеча Миср жоме масжидига ўт тушиб, ёниб кетди. Мусулмонлар буни христианлардан гумон қилиб, уларнинг уйларига ўт қўйиб куйдирдилар.
Миср султони ўт қўйишда айбланганларни қўлга туширди. Унинг буйруғи билан қанча одам қўлга олинган бўлса, шунча кичик қоғозчалар тайёрладилар. Ҳар бир қоғозчада бир кишининг исми ва унга қандай жазо бериш кераклиги ёзилган эди.
Шу қоғозчаларни ҳар кимга биттадан улашдилар. Кимга қандай жазо чиққан бўлса, ўша билан жазоланарди.
Бир йигитга ўлим жазоси чиқди, у йигит афсусланиб:
— Мен ўлимдан қўрқмайман, аммо онамга ачинаман, унинг мендан бошқа ҳеч кими йўқ, мендан кейин қандай ҳолга тушишини ўйлаб қайғураман, — деди. Унинг ёнида турган бир йигитга дарра уриш жазоси ёзилган қоғозча тушган эди. У ўз қоғозчасини ўлим жазоси ёзилган қоғоз олган йигитга берди ва уникини ўзи олиб, жазо ҳукмларини ижро қилувчиларга:
— Менинг онам йўқ, ёлғиз ўзимман, бу йигитга бериладиган ўлим жазосини менга беринг, менинг ҳиссамга тушган қамчи уриш жазоси билан уни жазоланг, — деди. Унинг тилагича иш қилдилар.
Сийму зар сочиш билан мардлик кўрсатиш мумкин, аммо жонни тикмоқ аъло мардликдир.