Луқмони ҳаким занжи қул эди. Бир яхши одам уни хизматкорликка сотиб олди. Луқмон бир қанча вақт хожасига хизмат қилиб юрди. Хожаси бир куни унинг оқиллигини синаб кўриш учун қўй сўйиб, энг ёқимли жойни олиб кел, — деди.
Луқмони ҳаким қўйни сўйиб, унинг юрагини ва тилини кесиб келди.
Бир неча кундан сўнг хожа қулига яна бир қўйни сўйиб, энг ёқимсиз жойни олиб кел, деб буюрди.
Луқмони ҳаким қўйни сўйиб, яна унинг юраги ва тилини олиб келди. Хожаси ҳайрон бўлиб:
— Бу ишингни қандай тушуниш керак? — деб сўради.
Луқмони ҳаким жавоб берди:
— Дунёда энг ширин нарса — покиза юрак ва ширинсўз тилдир.
Дунёда энг ёқимсиз нарса — бемеҳр, тош юрак ва иғвогар тилдир.
* * *
Донишманд Жолинус йўлда бир чиройли йигитни учратибди. Унга бир неча савол берган экан, йигит қўпол жавоб берибди.
Жолинус ҳаким ўзича:
— Жомнинг сирти олтин экану, ичи мис экан, — дебди.
Муҳаммад Ибн Сулаймоннинг “Қиссату-л-уламо” асаридан Маҳкам Маҳмуд таржимаси