Келинг, кўринг, эшак кетди…

Сўфилардан бири йўлнинг устидаги хонақоҳга меҳмон бўлди. Мезбонлар сўфининг эшагини оғилга, сўфини эса бош чодирга олиб кирдилар. Хонақоҳда ўтирган дарвешлар бир бурда нонга муҳтож, йўқсил кишилар эди. Хонақоҳларига тушган меҳмоннинг ҳам қорни оч. Нима қилсинлар? Йиғилишиб бир қарорга келдилар: Меҳмоннинг эшагини сотиб, унинг пулига егулик олиб, само рақсини ташкиллаштирмоқчи бўлдилар. Суҳбат бошланади. Шу тариқа хонақоҳларга тушган Тангри мусофирининг кўнглини кўгарадилар. Тонг отгач эса Аллоҳ карим…
Эшак тез сотилди. Пулига ҳар хил егуликлар олиб келинди. Шамлар ёқилди. “Бу кеча хонақоҳга келган меҳмон шарафига зиёфат бор. Само рақси бўлади”, дея ҳамма ёққа хабар бердилар. Ҳақиқатдан ҳам тунда катга мажлис бўлди.
Сўфи хурсанд, ўзига кўрсатилган илтифот, сийлов туфайли боши осмонда, чапак чалар, гоҳ оёққа туриб само рақсига берилар эди. Мажлис охирида созандалар ва хонандалар: “Эшак кетди, эшак кетди” дея оҳангли бир нақорат айта бошладилар! Меҳмон сўфи ҳам уларга қўшилиб бақирар, ҳатто, овози уларникидан баландроқ чиқарди.
Шундан кейин чарчаб, ҳаммаси тарқалишди. Тонг отганда сўфи йўлга чиқишга тайёргарлик кўрди. Ашёларини тўплаб оғилхонага тушди. Не кўз билан корсинки, эшак йўқ. Оғил бўм бўш.
“Балки эшагимни суғориш учун ташқарига чиқарган бўлса керак, бироздан кейин олиб келишади”, дея ўйлади. Хизматкор келганда сўфи:
— Эшак каерда? дея сўради. Хизматкор кулиб дедики:
— Қайси эшакни сўраяпсан? Сўфи ҳайрон:
— Қайси эшак бўларди? Кеча сенга ўз қўлим билан топширган эшакнида. Сенга берган эдимку? Инкор қилсанг, мана маҳкама!
Хизматкор бўйин эгди ва:
— Кеча тунда дарвешларнинг ҳаммаси мени қистовга олиб, эшагингни қўлимдан олдилар, олиб бориб сотдилар. Мен нима ҳам қила олардим?  деди.
Сўфи:
— Яхши, аммо.нега хабар бермадинг? Агар менга айтсанг, эшакни ким олган бўлса, ундан қайтариб олардим,  деганида, хизматкор чидай олмади ва:
— Валлоҳи, сенга айтиш учун неча марта келдим, сен: “Эшак кетди, эшак кетди” дея бақираётгандинг, хурсанд ҳолда қарсак чалаётгандинг. Мен бу шодон ҳолингни кўриб рози эканда, деб ўйладим ва орқамга қайтдим.
Сўфининг ақли жойига келди ва:
— Уларнинг ҳаммаси ёқимли куйлаётганди. Менинг ҳам завқим келиб, қўшилиб айтдим. Ҳақиқатдан бундай бўлганини билмагандим  дея қайғуга ботди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан