Қирғовулнинг чин гапириш ўрнига ёлғон гапириб, бир фалокат тузоғига илингани, чин сўзни шер ёлғон деб ойлаб, овозини эшитиб, етиб келмагани ва уни бало тузоғидан халос этмагани
Тўқайда бир йиртқич шер бор эди. Вахшатда осмон шеридек қўрқмас эди. У болалари билан ўйнаб, завққа тўлганда, чумолилар унинг боласини талаб қийнарди. У ўзининг ажралмас бу бойлиги -фарзандини оғзига тишлаб асрар эди.
Ўша тўқайда бир қирғовул ҳам бўлиб, бу йиртқич шернинг вахмидан доим қўрқувда эди. Шер бўлса боласини оғзида тишлаб, дам-бадам тўқайнинг гоҳ у ёғига борарди, гоҳ бу ёғига. Шўрлик қуш унинг тепасида ногаҳон парр этиб учса, шер қўрққанидан сесканиб кетар, боласига ҳам тиши ботиб кетарди. Тиши билан ўз боласини, ўз жигарпорасини ярадор қиларди.
Доим унга шу ғам ичида ғам, ғам ҳам эмас, мотам устига мотам эди. Бу ташвишдан кўнгли озор топиб, у қирғовул билан ўртоқ бўла бошлади. У деди:
– Менинг сенга ҳеч қасдим, душманлигим йўқ. Хотиржам бўлиб, мени ўзингга ишончли дўст деб бил. Қўрқишни йиғиштир, ҳамдамим, сирдошим бўл; айш ва хурсандлик вақтида бирга куйлашадиганим бўл. Мен ҳам сенинг куйларингни эшитиб, шод бўлай; нағмаларинг билан қайғудан озод бўлай. Шарт шуки, сенга бир зиён етса, фалак сени хийла билан бандга солса, марҳамат қўлини сенга ёрдам учун чўзай, бош панжам билан душманни ерга баробар қилай. Садоқат масаласида ўзимни кўрсатиб, сени душман тузоғидан халос айлай.
Шер кўп сеҳр билан ўз фикрини тушунтиришга тиришди, ҳам садоқатли бўлишга аҳд қилди. Ораларида бир-бирларига шундай муҳаббат пайдо бўлдики, бунга осмоннинг ўзи ҳам ҳасад қиларди. Қаэрда йиртқич шер дам олиб ётса, атрофида қирғовул бемалол учиб юрарди. Султоннинг тепасида ҳумо қуши айлангандай, шер бошида қирғовул айланиб парвоз қиларди. Шер унинг сайрашини эшитиб, куйида ёлғон борлигини фахм қилиб, дер эди:
– Ёлғон гапирма, ёмон бўлади. Тўғри одамлар олдида ёлғон қораланади.
Қирғовул пандни эшитмас, ўзи билан ўзи маст, атайлаб фиғонини ҳеч пасайтирмас эди.
Бир кун бир овчи уни тутиш учун ўз тузоғини ёйган эди, у дон билан сувни кўриб, унинг олдига боргач, овчи унинг устига тузоқни тортди. Тузоқда у бахтсиз қичқириб, бир неча бор: «Дод, мени тутдилар!» – деди.
Бу сўз шер қулоғига эшитилди, лекин унинг бу ашуласини ҳар галгидек ёлғон деб ўйлади. Бунақа ёлғонларни кўп эшитгани учун чин қичқириғини ҳам ёлғон деб гумон қилди. У қанча ростакамига қичқирмасин, ростини ҳам ёлғон деб ҳисоблади. Уни қутқариш учун илтифот кўрсатмади; натижада унинг ҳаёти қирқилди. Кимки беихтиёр рост гапирса, ёлғон гапирса ҳам халқ уни рост дейди.
Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан