Хулқи хуш

Абу Саид исмли бир мўътабар одам кунлардан бир кун ёру дўстлари учун зиефат берди. Ошпазини чақириб:
— Мен яхши кўрганим фалон хил таомни пишириб олиб кел,— деб буюрди. Ошпаз у буюрган таомни тайёрлаб, бошқа таомлар билан бирга олиб келди. Абусаид ўзи буюрган таомдан бир луқма олганди, унда бир қилни кўриб олиб ташлади, иккинчи-учинчи марта олган луқмаларида ҳам қил учратди. Ниҳоят у таомдан қўл тортиб, бошқа таомлардан ейишга мажбур бўлди.
Овқатдан кейин ошпазни чақириб:
— Мен буюрган таомни жуда ҳам лаззатли қилиб тайёрлагансан, эртага яна ўша таомдан ичида қил бўлмаслик шарти билан пишириб келтир,— деб буюрди. Зиёфатда ҳозир бўлганлар Абусаиднинг латофатли сўзига кулишдилар ва таажжубланиб:
— Абусаид дўстимиз ўз ошпазини шундай силлиқ ва мулойим сўзлар сўзлаб уялтирдиларки, унга қаттиқроқ танбеҳ беришга ҳожат қолмади,— деб таҳсин, офарин қилдилар.

Байт:
Кўрмадик сайр айлабон офоқни
Хулқи ҳушдан ўзга яхшироқни.