Хожа Муҳаммад Порсодан ҳаж аҳли дуо қилишни сўрагани ва ўғли Хожа Абу Наср (отаси) Хожа Муҳаммад Порсонинг илтимоси билан дуо қилгани
Пок Хожа жаноблари Аллоҳ йўлида «Қудсия» ва «Фасл ул-хитоб» деган асарларини ёзганлар. Осмон монанд гумбазда у кишининг кавушларининг излари қолган бўлиб у кишининг лақаби «Порсо» эканлиги бежиз эмас.
Гарчи ўзлари аср ягонаси бўлсалар у кишининг ўғли кимсан – Хожа Абу Наср эди. Тасаввуф йўли – фақрда отаси покларнинг подшоси – покиза табиати бўлса, бу покиза табиат подшонинг ўғли эди.
Кунларнинг бирида Муҳаммад Порсо Маккага борадиган бўлиб қолди. Хожа Абу Наср ҳам шу ишга жазм қилди. Отаси йўлбошчилик тараддудида бўлса ўғли унга энг яқин сирдош махрам бўлди. У чўлда кетаётиб, бир қадам босса, бу ҳам унга эргашиб, изма-из, қадам-бақадам борарди. Бир неча кун давомида улар чоини босиб ўтиб, (ниҳоят) мақсад манзилига ҳам етиб бордилар.
Келган халқ хаж қилишнинг асосий қоидаларини тўла бажариб, тавоф қилиш орқали яхши-ёмон муршид соликлар, ҳатто келолмаганлар ўрнида фаришталар ҳам олий мақомларга эришдилар. (Тасаввуф йўлини тутган) фонийлар ҳам, қолган амалдорлар ҳам ўз тилакларини билдиришиб, Аллоҳ қошида уларнинг барча тилаклари мустажоб бўлди.
Халқнинг (кўнглидаги) илтижоларини адо этиш ва барча келганларни дуо қилишлик учун шунча одамларнинг ичидан муносиб бир кишини излашар экан, Хожа Порсога ёзма ишора бўлди. Бу вазифани бажариш Хожа Порсо устида тўхтар экан, у эса Хожа Абу Насрга мурожаат қилди ва деди:
– У мендан устун! Бу юқори вазифага менга қараганда у лойиқроқдир! (Ҳаж) йўлида кимнинг бирон рахбари бўлмас экан, ҳар (хил) қўлга қараб адашиш мумкин. Бу сафарда менга бирон рахнамо йўқ эди. Тангри уни менга рахнамо қилди. Олдин менинг ишим уни парвариш қилиш бўлган эди. Менинг тарбиямга қараб иш тутадиган бўлди. Йўл машаққатлари мени вахимага солган эди. Йўл қийинчилигини (Аллоҳ) унга осон қилди. Йўлдаги нотинчликлар менга зарар келтирса, унга бу тариқат йўлида роҳат ва хузур бағишлади. Мен (йўл-йўлакай) ўзим учун, унинг учун ташвиш чеккан бўлсам, у ўзини ҳам, мени ҳам Аллоҳга топшириб, барча ташвишлардан холи бўлди.
У шундай деб, ўғлини кўрсатар экан, унга қарши узр айтишга имконият қолмаган эди. Отаси шамъ сингари кўзидан ёшлар тўкиб, ичидан ёнаётган (қари) чинордек дуога қўлини очди, раҳмат айтиб, одатга кўра кечиришларига истак билдирди. Хожа эса кўзида ёш билан омин қилди. Унинг сўнгги дуоси шундай бўлди:
– Эй Худо, сени паноҳ қилиб, уятга қолган холда дейман: «Мен қандай тилак билдириш расмини ўрнига қўя олмаган бўлсам, унинг қилган оминини зоэъ этмасанг бўлгани!»
Ота дейишга лойиқ кишининг саъй-ҳаракати билан ўғлининг иши шу даражага етди.
Эй Худо, ўша қилган омин ва дуоларинг ҳурмати ҳамда Ота ва Ўғилнинг ҳурмати! Сен бу ота билан ўғилни доим давлат ва дин тахтида узоқ тутгайсен! Унинг бошқа ўғилларини, унинг ўғиллари бунинг иниларини ҳам ҳурматга сазовор этгайсен! Бутун олам уларнинг ихтиёрида бўлиб, олам халқи ичида шайху шахриёр ҳам шулардир.
Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан