Аллоҳнинг яқини Хожа Абдуллоҳи Ансорий сўзи шундайким, эгаси тариқатнинг охиридан хабар бердими, у ўз тариқати тугаганидан хабар берган бўлади
У кишини Ҳирот аҳли, Ҳирот аҳлигина эмас, балки бутун коинот уни қибла (Каъба) деб ҳисобларди. У имони комилларнинг йўл бошловчи хулқ-атворлиси бўлиб, лининг исми Абдуллоҳи Ансорий эди. У: «Менинг ишим тоат қилиш ва Тангрининг буйруқларига бўйсунишдан иборат! – дер эди. – Менинг мақсадим (одамларни) дўзах ўти билан қўрқитиш ҳам эмас, (тоатлар) эвазига жаннат ваъда қилиш ҳам. Кимки қўрққани учун Худога ибодат қилар экан, у нафси тилаган нарсадан халос бўлиш йўлини қидириб иш тутган бўлади. Кимки умид билан бечораҳол яшар экан, унинг тилаги жаннатда осудаликка эришишдир.
(Унда) уни ҳам, муни ҳам ҳақиқатдан узоқ, деб бил. Иккаласига пул топиш учун мардикорлик қилиш, деб қара. Менинг ишим доим сиғинишдан иборат бўлди. Мен қўрқиш ва умидворлик – иккаласини ўзим учун ҳаром деб билар эдим. Бандалик амрларини бажариш билан (аҳволимни) яхши деб билиб, туну кун ишларим шундай экан, бунинг учун мен узрлиман.
Тоат-ибодатим бунинг учун лойиқ даражада бўлмаслиги мумкин, лекин бир соатим бусиз ҳам бўлмасин!
(Аллоҳ) қил дедими, менинг одатим қилишдан иборатдир. Буни у қабул қиладими ёки рад этадими, бу билан ишим йўқ. Жаннат зоҳидга, дўзах енгилтакларга бўлақолсин! Ёр орзуси бўлса, Навоийга шунинг ўзи етарлидир.
Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан