Бир шоир хотинлардан кулиб шеър ёзганди. Подшоҳ саройидаги хотинлар, вазир, ҳаким ва бойларнинг хотинлари жуда ҳам аччиқланиб, ўз қўллари билан у бечора шоирга жазо бермоқчи бўлдилар. Бу ниятларини подшоҳга арз қилиб, шоирни дарҳол саройга келтиришни талаб қилдилар.
Подшоҳ қабул қилиб, шоирни зудлик билан ўз ҳузурига келтирди. Уни ечинтирди ва қўлига бир таёқ олиб хотинларга:
— Шоирни мана шу таёқ билан уриб ўч олинг, фақат бир шартим бор, орангизда ким хунук, бадбашара бўлса, энг аввал ўша хотин таёқ билан уриб ўч олишни бошлаб бериши керак,— деди. Бироз вақт кутди, хотинлардан чурқ этган товуш чиқмади, бирор хотин ҳам хунук, бадбашара деган номга эга бўлишни истамади.
Кейин подшоҳ табассум билан шоирга:
— Ҳеч бир хотин биринчи бўлиб таёқ уриб, ўзини хунук деб кўрсатишни истамайди. Тур энди, кийимларингни кийиб уйингта кетавер,—деб шоирни жўнатиб юборди. Шундай қилиб, подшоҳ гўзал тадбир соясида шоирни хотинлар ҳужумидан қутқазди.
Байт:
Ақл элидан мушкул иш осон бўлур,
Йўқ эса одам балоларга қолур.