Тоғлар ортида фақат кўзи ожизлар яшайдиган бир қишлоқ бор экан. Бир подшоҳ шавкатли лашкари билан ўтиб кетаётиб, қишлоқ яқинида вақтинча қўниб, чодирларини тиклабди. Подшоҳнинг қўшинида кўп жангларда душманларни қийратган бир жанговар фил ҳам бор экан. Филнинг овозасини эшитган кўзи ожизлар жамоаси у қандай ҳайвон эканлигини билиб келиш учун уч вакилини юборибди.
Вакиллар кела солиб, ҳайвоннинг турли жойларини пайпаслаб, ушлаб кўришибди. Биттаси филнинг оёғини, биттаси хартумини, биттаси қулоғини ушлаб кўриб, филнинг қандайлигини билдим, деб ўйлабди.
Вакиллар ўз жамоасига қайтганида қишлоқ аҳли йиғилиб, фил нималигини тезроқ билгиси келиб, уларни савол-жавобга тутишибди. Филнинг япалоқ катта қулоғини ушлаб билган вакил:
— Фил гиламга ўхшаш, япалоқ кигизга ўхшаркан, — дебди.
Филнинг хартумини ушлагани бўлса:
— Фил — узун, эгилувчан ичакдай ичи бўш, лекин жуда кучли нарса экан, — дебди.
Ҳайвон оёғини ушлаган вакил:
— Фил устун каби йўғон ва мустаҳкам бир нарса, — дебди.
Кўзи ожизлар ҳар бири ўзи билган қисмни айни ҳақиқат деб билиб, қатъий ишонч ҳосил қилибди. Ҳеч бири филни бус-бутун тасаввур қилолмагани сабабли, у ҳақда айни ҳақиқатни билолмабди. Чунки, ҳақиқий билимни кўзи (қалб кўзи) очиқларгина билади. Илоҳий оламнинг бир бутунлигини билиш ҳам (қалб кўзи) кўрларга насиб этмайди.
Абдул-Мажид ибн Одам Саноийнинг “Ҳақиқат боғлари” асаридан Маҳкам Маҳмуд тайёрлади.