Қадим замонда бир шаҳар бошлиғининг хотини шаҳардаги мўътабар одамларнинг хотинларини зиёфатга даъват қилди. Меҳмонлар тайин этилган вақт-да ташриф буюрдилар, ўриндиққа ўтириб, овқат келгунча, ўзларининг қимматбаҳо кийимлари, зирак, узук, зебигардон каби тақинчоқлар ҳақида сўз юритдилар, жуда қимматли зийнат асбобларига зга бўлишлари билан фахрландилар.
Шу вақт содда кийим кийган, зийнат асбобларини тақмаган бир ёш хотин кириб келди. Бу хотин зиёфат эгасининг синглиси эди. Салом бериб меҳмонлар билан кўришди, кейин бўш бир ўриндиққа келиб ўтирди. Меҳмонлар бу хотин зиёфат эгасининг синглиси эканини билардилар, лекин унинг содда экани, зеб-зийнат нарсаларини тақмагани учун ҳайрон бўлиб ундан:
— Нега содда кийингансиз? Зирак, узук, зебигардон каби қимматли нарсаларингиз йўқми?—деб сўрадилар. У хотин:
— Менда сизларнинг қиммат баҳоли асбобларингиздан кўра қимматлироқ зеб-зийнатлар бор,— деди.
Меҳмонлар кўришни истаган эдилар, у хотин ташқарига чиқиб бир ўғил, бир қиз, икки ёш болани етаклаб келди, уларни меҳмонларга кўрсатиб:
— Менинг жонимдан ҳам қимматли зеб-зийнатим мана шулардир. Бу дўндиқларимни отамнинг болалари ёнига қўйиб, сизларнинг ёнингизга киргандим. Айтинг-чи, ота-она учун фарзанддан ҳам қимматли нарсанинг бўлиши мумкинми? Сизларнинг зеб-зийнат деб ўйлаган нарсаларингиз фарзанд олдида ҳеч даражасига тушиб қолади. Келинг, ўйлаган пуч зийнатларингизга эмас, севимли фарзандларин-гиз тарбиясига аҳамият беринг, севимли дўндиқларингизни одобли, ахлоқли, ғайратли, жасоратли этиб ўстиринг, суҳбатингиз, фикрингиз, зикрингиз мана шу тўғрида бўлсин. Фарзанд—ота-она кўрки, зийнати, ҳамма зийнатларнинг зийнати, буни эсдан чиқарманг,—деди.
Бу оқил, доно хотиннинг ҳаққоний сўзларидан меҳмон хотинлар таъсирланиб, сукут этиб ўйлаб қолдилар.