“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига
Тўртинчи фарзандим дунёга келганда ҳар бир ота-она каби Оллоҳга шукроналар айтиб ўзимизни бахтиёр ҳис этдик. Ўғлимнинг келажаги ҳақида орзуларга берилар эканман, дунёда мендан-да бахтлироқ инсон йўқ эди, чамамда. Болалар шифокорининг “болангиз касалманд туғилди, гапиролмаслиги, юролмаслигиям мумкин”, деган гапи мени турган жойимда михлаб қўйди. Хаёлимда “нега айнан менинг болам?”, “наҳотки шунчалар гуноҳларим кўп бўлса”, деган аянчли савол чарх урарди.
Ўтирсам ҳам, турсам ҳам ўзимни айбдордек ҳис этишдан воз кечолмасдим. Туну кун Оллоҳга илтижо қилиб, болам учун дуолар қилардим.
Уйга рухсат беришган кунда турмуш ўртоғимни болаларим билан хурсанд, қўлида гул билан кўриб, кўнглим анча хотиржам бўлди. Кейинроқ билсам, докторлар турмуш ўртоғимга боладан воз кечишни таклиф қилишган, турмуш ўртоғим эса Оллоҳнинг неъматини рад этадиган ғофил эмаслигини айтган экан.
Болам 2 ойлик бўлганида юрагида туғма нуқсон борлигини ҳам билдик. Яна ичак фаолиятида ҳам бузилиш бўлиб, ичидан қон келиши юрак-бағримни эзарди. Аммо эр-хотин тушкунликка тушмай, Оллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлаверар эдик.
Болам ўсган сари соғлиги ёмонлашиб борар, юраги жарроҳлик амалиётисиз тузалмаслиги аён бўла бошлади. Турмуш ўртоғим тижорат билан шуғуллансалар-да, рўзғордан пул орттириб, амалиёт учун пул тўплаш осон эмас эди. Ҳеч ким ўзидан ортмай қолган бу замонда бировдан қарз кўтариш ҳам осон иш эмасди. Эр-хотин кеча-ю кундуз Оллоҳга таваккал қилиб, яхши кунларга умид қилдик. Турмуш ўртоғим шу фарзандимиз туғилганидан бери ишларига қут-барака кирганини айтганларида Меҳрибон Зотнинг марҳаматини ҳис этдим.
Тез-тез касалликка чалинаётган мурғаккина гўдагим жонлантириш бўлимида ўзига келарди. Нимжонгина вужуди билан яшаш учун курашаётган болам бир ярим ёшида ҳам икки-уч ойлик гўдакка ўхшарди.
Докторлар ўғлимнинг юрак амалиёти мураккаблигини, имконият бўлса, чет элда қилдиришимиз лозимлигини айтишди. Ягона нажоткоримиз Оллоҳга илтижоларимиз, дуоларимиз сабаб секин-аста имкониятларимиз эшиги очила бошлади.
Ҳужжатларни тўғрилаш ишлари билан югуриб юрганимизда турмуш ўртоғимнинг жарроҳ танишларига дуч келиб қолдик. Бизнинг мақсадимизни эшитган бу жарроҳ гап бошлади: “Ака, очиғини айтаман сизга, яхшилаб ўйлаб кўринг… бу бола шунча харажат қилишга арзирмикан?.. Ҳам ичаги, ҳам юрагида муаммо бўлса… Дейлик, ҳаммаси тузалди, лекин бу боланинг яшаб кетишидан сизга нима фойда?..”
Э, воҳ, Оллоҳим, кўнгил кўзи сўқир бу бандаларингни ўзинг кечир! Бизни ҳам шунақалар сафида қилмаганинг учун ўзингга ҳамд-у санолар бўлсин! Кўнглимда шу кечинмалар билан турмуш ўртоғимга қарадим. У киши танишига лом-мим демай сукут сақлади-да, секин мени йўлакка бошлади…
Ва ниҳоят, Ҳиндистоннинг нуфузли клиникаларидан бирида ўғлимнинг жарроҳлик амалиёти ўтадиган бўлди.
Бир ойлик муддатга мўлжалланган сафар олдидан турмуш ўртоғим тижоратни тўхтатиб туришга мажбур эдилар. Аммо, дўконнинг ижара пули, бироз олинган қарзларни узиш мажбуриятидан турмуш ўртоғим сиқилаётганини, аммо менга ўзини хотиржам кўрсатаётганини ҳис қилардим. Бир томондан мусофир юрт, нотаниш одамлар орасига бориш ҳадик берса, иккинчи томондан беозоргина кулиб турувчи мушфиқ гўдагимнинг барча қийинчиликлардан қутулишини ўйлаб таскин топардим. Яна ҳамма-ҳаммасини Ҳасиб зотга таваккал қилиб, эр-хотин ўғлимизни олиб йўлга тушдик.
Аэропортдан хушмуомала таржимон йигит бизни кутиб олиб, меҳмонхонага олиб кетди. Шифо умидида келган юртдошларимиз билан бир жойга жойлашдик. Кейинги куни дарҳол мен ва ўғлимни клиникага ётқизишди. Икки кунлик текширувдан сўнг, ўғлимни жарроҳлик амалиётига тайёрлай бошлашди. Доктор мени чақириб амалиёт оғир ўтишидан, ўғлим ойлаб жонлантириш бўлимида ётиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Боламнинг тепасида туриб, Яратганга дуо қилишдан бошқа нарса ҳаёлимга келмасди. Амалиёт кунида эр-хотин фақат яхши кунларга умидвор бўлиб, илтижолар қилдик. Боламизнинг келажаги докторлар айтгани каби бўлмаслигига, ҳаммаси Қодир Зотнинг қўлида эканлигига умидвор эдик. Шунинг учун тинмай дуо қилар эдик. Зеро, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, қолаверса, мусофирнинг дуоси ижобат бўлишини яхши билардик.
Алҳамдулиллоҳ, ўғлимнинг юрак жарроҳлиги амалиёти жуда омадли ўтди. Докторлар ўғлимнинг кутилганидан тез тузалаётганидан ҳайратда эдилар. Бир ҳафта деганда бизни жонлантириш бўлимидан оддий палатага ўтқазишди. Доим беҳолгина бўлиб ётволадиган, камҳаракат ўғлимнинг анча тетиклашгани, кўзларида порлаб турган яшаш умидини кўриб, бўғзимга йиғи тиқиларди. Ҳамшираларнинг ўғлим тепасида парвоналигини кўриб кўнглим тоғдек кўтарилади.
Амалиётнинг 14-кунида бизга рухсат беришди. Яна бир ҳафта шу ерда қолиб, ҳар куни докторлар назоратига келиб туришимиз керак эди. Қиш Дехлида ҳам қишлигини қилар экан. Кунлар анча-мунча совуқ эди. Шу боис ўғлим шамолламасин дея турмуш ўртоғим касалхона биносигача такси чақиртирган эканлар. Уччовлон яна меҳмонхонага қайтдик. Келгач, турмуш ўртоғим касалхона харажатларидан ташқари кам маблағ қолганини, ҳали олдинда меҳмонхона тўлови, бир ҳафталик еб-ичиш, боламиз учун харажатлар борлигини айтиб қолдилар. Касалхона ва меҳмонхона орасидаги масофа анча олис бўлгани боис ҳар куни таксида муолажа учун қатнашимиз кам пул эмас эди. Боламиз тузалганидан хурсандчилигимиз билан мусофир юртда пулсиз қолиб кетиш ҳадиги баробар қалбимизга кириб келганди. Меҳмонхонада бирга турган юртдошларимиздан ёрдам сўраш жуда ноқулай эди.
Эр-хотин ўйлаб-ўйлаб, охири, қўлимиздаги бор пулни ишлатиб турайлик-чи, жуда бўлмаса, банк орқали қариндошларимиздан пул олиб турамиз деган қарорга келдик. Буёғи яна ўзига таваккал…
Кейинги куни эрталаб меҳмонхона ёнига такси чақиртирдик. Ҳаво анча изғирин, совуқ кучли бўлгани боис ўғлимни иссиқ кийинтириб тезда мошинага чиқволдик. Доктор ўғлимнинг аҳволи анча яхшилигини кўриб, ҳар куни келмасангиз ҳам бўлади. Яна уч кундан кейин соат саккизда келсангиз жарроҳлик ипини олиб ташлаймиз, деди. Айтган соатида бормасак, доктор жарроҳлик амалиётига кириб кетади ва биз тўрт-беш соатлаб кутишга мажбур бўламиз. Шунинг учун вақтида боришимиз шарт эди. Айтилган кунда соат 06:30 да такси чақиртирдик. Аммо соат 7 га яқинлашса ҳам таксидан дарак йўқ эди. Қайта-қайта қўнғироқ қилишлар ҳам ёрдам бермади. Ортиқ кутишга вақт йўқ эди. Шунда ўғлимни кўтариб совуқ кўчага чиқишга мажбур бўлдик. Жароҳати битмаган боламни бу аҳволда совуқда олиб юриш жуда оғир эди. Эр-хотин иккаламиз ҳадикда, боламни яна касал бўлиб қолишидан қўрқсак-да, бир-биримизга билдирмасликка ҳаракат қилардик. Турмуш ўртоғим тинимсиз такси тўхтатар, аммо масофа олислиги боис ҳамма ҳайдовчилар ҳам у йўналишда юргиси йўқ эди. Ҳам кечикиш ташвиши, ҳам боламни шамоллатиб қўйиш хавотири ич-этимизни тирнарди. Ичимдан мусофирчилик қурсин, дея ҳўрлигим келарди-ю, турмуш ўртоғимга билдирмасдим.
Шу пайт ёнимизга оддий таксилардан фарқ қиладиган салобатли мошина келиб тўхтади. Ҳайдовчи машинадан тезда тушиб машинасини эшигини очди-да, бизни ичкарига таклиф қилди. Ҳеч нарсани ўйламай ўзимизни машинага урдик. Совуқ, хавотир гангитиб қўйган эканми, машинанинг иссиқлигидан ўзимга кела бошладим. Бу орада турмуш ўртоғим юра бошлаган машинага қаерга боришимизни тушунтирдилар. Йўлда сукут ичида кетар эканмиз, хаёлимдан “бу ҳайдовчи оддий таксилардан анча-мунча баландроқ нарх талаб қилади–ёв, бу ёғи нима бўларкин” дея бот-бот хўжайнимга қараб қўярдим. Йўл ярмидан ошганда ҳайдовчи қайси меҳмонхонада туришимизни сўради. Кейин ёнгинамиздаги кўчада ўзининг меҳмонхонаси борлигини, агар турган жойимизнинг шароити ёқмаса, ўша жойга кўчиб ўтишимиз мумкинлигини айтди. “Ҳа, демак, меҳмонхонасини реклама қилиб юрганлардан экан-да, мусофирлигимизни билиб мўмайгина пул ишламоқчи бўлибди-да…” дея ўйлай бошладим. Клиникага келганимизда бизни кўчада қолдирмасдан стоянкага пул тўлаб ичкарига кирди. “Ҳм, шу тўловини 10 баробар қилиб ундириб олади-да, ҳозир бу ёғига хўжайиним нима қиларкинлар” дея баттар эзила бошладим. Хайдовчи касалхона эшиги тагида тўхтаб машинадан тушди. Хўжайиним ҳам бу ёғи қанчага тушдийкин дегандек чўнтакларини ушлаб турибдилар. Иккаламиз ҳам ҳайдовчининг оғзига термулиб турибмиз. У тўғри келиб қўлимдан ўғлимни олди-ю, қўлига кўтарди. Меҳр билан ўғлимга термулиб исмини сўради. Аҳмад, дедик секингина. Хўжайним безовталаниб қанча беришимиз лозимлигини сўраганларида секингина жилмайди-да, Аҳмад учун сизлардан пул олмайман. Ҳаммасини шу гўдак учун қилдим. Менинг исмим Абдураҳмон деди.
Ё Раб, мусофир юртда ҳам дўстларингни рўбарў қилиб ўз ҳолига ташлаб қўймаганинг биз ғофил бандаларингни кечир! Ҳаммаси учун кечир, Оллоҳим! Ҳам тазарру, ҳам шукроналикка тўлган кўз ёшларим юзларимни ювиб кетди!
Ва, ниҳоят, ўғлим соғайиб бизга Ватанимизга қайтишга рухсат беришди. Меҳмонхона хўжайини яшаган кунларимизни ҳисоб-китоб қилиб олиши керак бўлган пулнинг бир қисмини ўғлинг учун деб қайтариб берди. Меҳрибон Зотнинг марҳамати билан Ватанимизга эсон-омон, яна қўлимизда пулимиз ортиб қайтдик.
Энди бу ёғи дўконнинг ижара пули, қарзларни тўлаш учун ҳам ишлаш кераклиги ҳақида эр-хотин суҳбатлашиб турганимизда телефон жиринглади. Олсам дўкон эгаси Дилбар опа. Биздан ҳол-аҳвол сўраб, ўғлимни суриштирдилар. Яхши гапларни айтиб кўнглимни кўтардилар. Суҳбат охирлаб хайрлашаётганимизда “Ҳа, дарвоқе, менга ўтган ой учун ижара пулини тўлашларингиз шарт эмас. Мендан сизларга ёрдам шу бўлақолсин” дедилар.
Ё Раб, бир бандангга шунча яхшиликми?.. Наҳот, шунча марҳаматингга лойиқ кўрган бўлсанг….. Алҳамдулиллоҳ! Гўшакни қўйиб тинимсиз йиғларканман, бу ҳолимни ўзимдан бошқа ҳеч ким тушунмасди!
Шу воқеаларга ҳам бир ярим йил бўлди. Бу вақт мобайнида ўғлим чопқиллаб юриб ҳам кетди. Ҳозир боғчага боради, уч ярим ёш ўғлим яхши гапиролмаса-да, зеҳни ўткирлиги, ҳаммага меҳрибонлиги кўзимни қувонтиради. Адасига қўшилиб азон айтишга, намоз ўқишга ҳаракат қилаётганини кўриб, ўғлим туғилганида докторларнинг айтган ваҳимали гаплари учун беҳудага азоб чекканимни тушунаман.
Ўғлим менга жазо эмас, мукофот сифатида берилганини тушуниб етдим. Оллоҳ ўғлим туфайли фақат яхши одамларни рўбарў қилди. Ўзимни ҳам қўлимдан келганча яхшилик қилишга ўргатди. Қолаверса, ҳар бир нарсадан иллат эмас, ҳикмат излашга ўргатди! Ноумид бўлманг! Карами кенг Зотнинг марҳаматидан умидвор бўлиб яшанг!
Дилдора Шарипова