Хорун ар-Рашид кунлардан бир кун Бағдод кўчаларининг биридан ўтиб кетаётиб мактабдан уйларига қайтаётган болаларга учраб қолди. Бир боланинг ўз ўртоқларига қилган хуш муомаласи, доно-доно сўзлари халифанинг диққатини ўзига жалб этди, унинг ақлли, фаросатли ва зийрак бола эканини англаб, дарҳол ёнига чақириб олди ва ардоқлаб бошини силаб-сийпаб унга бир олтин берди.
Бола халифанинг ҳадясини қабул қилмай ўртоқлари ёнига кета бошлади. Хорун ар-Рашид уни тўхтатиб деди:
— Ўғлим, мен берган ҳадяни нега қабул қилмайсан? Халифаларнинг ҳурматларини рад этиш тарбиясизлик аломати эмасми?
Бола халифага таъзим бажо келтириб шундай жавоб берди:
— Сўзингиз тўғри эканига ҳеч бир шубҳа этмайман. Ота-онамнинг: «Халифалар бир одамга ҳадя бермоқчи бўлсалар, фақат бир олтин эмас, кўпроқ олтин берадилар»,— деган сўзларини эшитиб эдим. Агар берган битта олтинингизни олсаму, уйга қайтиб ота-онамга:
— «Халифа Хорун ар-Рашид менга бир олтин ҳадя қилдилар»—деб кўрсатсам, биласизми, қандай ёмон ҳолда қоламан. Албатта ота-онам сўзимга ишонмай:
— Ёлғон айтасан, Хорун ар-Рашиднинг халифа бўла туриб бир олтин бериши мумкин эмас, сен нодон, албатта, бировнинг олтинини ўғирлаб олиб келгансан, дарров эгасини топиб олтинини бер, узр эт. Олтин эгаси ёшлигингни назарда тутиб гуноҳингни кечиради,— дсб мени уришадилар. Шунинг учун биттагина олтинингизни олиб, бошимни ғавғога қўйишни, ота-онамни норози этишни истамайман, мени маъзур кўринг.
Халифа Хорун ар-Рашид бу ақлли, фаросатли, зийрак боланинг бир-биридан гўзал сўзларини эшитиб завқланди, унинг бошини силаб, пешонасидан ўпди, китоб солган халтасини олтин билан тўлдириб унга ҳадя қилди, эртаси кун шу зийрак болани йўқлаб, ҳузурига келтириб, ўз тарбиясига олди.
Байт:
Фаросатдан кўнгилга кўз очилгай,
Ҳама ҳолатни ул маълум қилгай.