Бир бой намоз пайтида Аллоҳга илтижо қилиб дер эди:
– Эй Аллоҳ, раҳм эт менга, ишимни осон қил.
Бу сўзни ёнида турган бир девона эшитди.
Девона унга қараб деди:
– Сен Аллоҳдан раҳмат тилама! Сен такаббур ва ноз билан жаҳонга ғарқсан, ҳар замонда манманлик қилиб бойлигинг билан мақтаниб турасан. Фалакка бўй чўзган кўшку айвонларинг бор, иморатингнинг деворлари ҳам олтиндан. Ўнта қулинг, ўнта канизагинг бор. Хўш, бундай ҳолда сенга раҳмат нимага керак? Қараб кўр: бу туришинг, ишларинг билан сен Аллоҳ раҳматига сазовормисан? Уялишинг керак! Агар мендай, қисматга тан бериб, ҳаммасидан мосуво бўлса эдинг, унда лутфу марҳамат тиласанг ярашарди. Мулк ва молдан юз ўгирмагунча, Атлоҳ марҳамати ва раҳматига мушарраф бўлиш ҳисси бир нафас ҳам муяссар бўлмагай. Ҳамма нарсадан бир дамда юз ўгирсанггина. мардлар каби халос бўласан ва олий мақсадга етасан.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.