Бир шерюрак, душманлар додини берадиган эр киши бор эди, бир неча йил бир аёлга ошиқ бўлиб юрди. Ул аёлнинг бир кўзида тирноқ учидай кичкина оқ нуқтаси бор эди. Аёлга кўп марта диққат билан қараган бўлса ҳам бу оқликдан эркак бехабар эди. Ошиқ боши ишқ шавқи қиёмида ёр кўзининг айбини илғармиди?
Бир вақт эркакнинг аёлга нисбатан ишқи камайди, ошиқлик дардига дармон топилгандай, аёлга бўлган муҳаббатида нуқсон пайдо бўлди. Аёлга бошқача қўз билан қарайдиган бўлди шекилли, унинг кўзидаги оқ доғни илғаб қолди. У аёлга деди:
– Кўзингдаги оқ доғ қачон пайдо бўлди?
Аёл деди:
– Сенинг муҳаббатинг камайган кундан бери шунақа бўлди. Сенда ишқаро нуқсон пайдо бўлгач, менинг кўзимда ҳам шу сабаб нуқсон пайдо бўлди.
Кўнглингда васвасадан минг ғавғо бор. Аввал ўз айбингни кўр, эй кўнгил кўзи басир одам! Қачонгача бошқалардан айб қидирасан, ўз ёқангни ҳидлаб, ўз айбингни қидирсанг-чи. Ўз айбинг ўзингга аён бўлиб, оғирлигини сезсанг, бошқалар айбига парво қилмайдиган бўласан.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.