Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, бироқ тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан (жувонмарг бўласан).
* * *
Пасткаш кимсанинг ўз насл-насабини мақтаб, у билан фахрланиши, чанқоқ кишининг сув шуъласи (сароби) ни кўриб алдангани кабидир.
* * *
Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг юриши арслон юришидан кўра ҳам маҳобатлироқ (ҳайбатлироқ)дир.
* * *
Туну кунни ўтказаман-у, лекин бугунги куним кечаги кунимдан яхшироқ бўлмаётир, чунки замона кундан-кунга ҳалокатга томон бормоқда, шундай экан, кечаги кун бугунгидан авлороқ, бугунги кун эса эртагидан яхшироқдир.
* * *
Ҳақиқат ва адолат билан тўғри сиёсат юргизмаган ҳар бир раҳбар ва бошлиқ қаттиқ азоб-уқубат ва балога гирифтор бўлур.
* * *
Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таъзияли жойни эшитсанг, дарҳол у ерга бор, агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут (ўзинг биласан).
* * *
Одамларнинг энг хотири кучлиси уларнинг ичидаги энг унутувчисидир, кўнгилларнинг энг юмшоғи салобатлигию шафқатлисидир.
* * *
Мол-мулкни беҳуда исроф қилиш куфрона «неъматдир», ўйламасдан бойлигини сарфлаш тўлиқ таназзулга олиб келади.
* * *
Подшоҳнинг энг яқин кишиси яқинларнинг ичидаги энг улуғидир, хавф-хатар пайтларида уларга (хавф-хатарга) яқинроғидир.
* * *
Худо кўрсатмасин, агар сени оғир қайғу-ҳасратларнинг кучли еллари ўраб олса, унда дод-фарёду фиғонларинг фойда бермас.
* * *
Агар сенга нисбатан ўз биродаринг бирор хиёнат қилса, унга яқинлашишдан ўзингни тий, унинг макру ҳийласидан ўзингни муҳофаза этишга ҳаракат қил.
* * *
Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг ризолигини ўйла, акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб, зое кетади.
* * *
Аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди, бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек.
* * *
Бирор мамлакат (ҳокимият) ишларининг орқага кетишига сабаб — тузукларию тартиботларининг сусайишидандир.
* * *
Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг юриши арслон юришидан кўра ҳам маҳобатлироқ (ҳайбатлироқ)дир.
* * *
Ҳалол-покиза киши доимо хотиржаму тинчликдадир, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтордир.
* * *
Ўз биродаринг сўзини сукут сақлаб тинглаб, унинг ҳурматини ўрнига қўй, гарчи уни эшитишга рағбатинг ва майлинг йўқ бўлса ҳам.
* * *
Агар тилингнинг ортиқча сўзлашига эга бўла олмасанг, унда тизгининг жиловини шайтонга топширган бўласан.
* * *
Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисидир, уларнинг ичидаги энг ялқови — пасткашидир.
* * *
Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир.
* * *
Кўпчилик одамлар ҳақиқатдан йироқдир, уларнинг талаб ва даъволари ёлғону бўҳтон (ботил)дир, яъни айтган сўзларию ишлари ўзларига мувофиқдир.
* * *
Одамларнинг энг азиз ва ҳурматлилари қайғу-ҳасрату ташвишли дамларда билинур, гўёки бу ташвишлар улар (ҳурматли кишилар) учун туғишган опа-сингилдек яқиндир.
* * *
Савдогарнинг шуҳрати ва обрў-эътибори киссасида, олимнинг шуҳратию обрў-эътибори ёзган китобларида (асарларида).
* * *
Ўзини сахий, мард ва ҳиммати баланд кўрсатиб, аслида хору зор, ҳақир ва қадри тубан бўлган одамлардан қўрқ, токи бир кун ўзларининг хасисликлари бирла онгсизликдан мард одамни тузоқларига туширгайлар.
* * *
Тилингдан чиққан садақа (яъни панду насиҳатинг ва мавъизаю ҳасананг) баъзан қўлингдан (мол-дунёнгдан) чиққан садақангдан кўра хайрлироқдир.
* * *
Арслон нафақат чуқур қазиш билан овланиб қолмай, кўпинча у ҳийла билан ҳам овланади (қўлга туширилади).
* * *
Сени кечаю кундуз зиёрат қилувчиларнинг кўпчилиги сени ҳаддан ортиқ кўкларга кўтариб мақтаб, охир-оқибат адоватга дучор қилувчилардир.
* * *
Кўп сўзлар борки, улар сени жангу жадалга солиб, ҳалокатга гирифтор қилади ёки улардан қайтарса ҳам елка чуқурингни гул каби қизарган ҳолга келтиргандан кейин қайтаради (яъни кўп машаққатлардан кейин).
* * *
Еру заминнинг кўркамлиги олимлар билан бўлса, осмону фалакнинг зийнати эса юлдузлар биландир.
* * *
Муҳаммад пайғамбар алайҳиссаломнинг тутган йўллари менинг йўлимдир, бахту саодатим ҳам, нажотим ҳам шу йўлдир.
* * *
Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқатнинг чироғини ҳам сўндириб бўлмас.
* * *
Ёзилган китоб нусхасининг тўғрилиги кўз қорачиғининг боққанига боғлиқдир, ривоятнинг инобатлиси (ишончлиси) эса сероб сувдан ҳам ортиқроқ қондирар.
* * *
Зиммангда фарз бўлган нарсани қарз ва бурч ўрнига қўй. Бу ҳол қалбингу дилингга роҳат бахш этиб, шону шарафинг ва обрўйингни сақлаш учун энг тўғри йўлдир.
* * *
Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду саною мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир.
* * *
Сени касоду инқирозга учрашдан огоҳ қилувчи кишига лутф билан муомалада бўл, қўрқма, зарари йўқ, зиёни йўқ, деб юпатувчилардан узоқроқда бўл.
* * *
Сенинг қилаётган ишларингдан душманинг огоҳ бўлиб, улардан кўз юмиши сенга илон чаққандан кўра ҳам зарарли ва машаққатли бўлади.
* * *
Ақл-идрок ва шариатга амал қилиб иш тутган банда асл ва иккинчи даражали мақсаду матлабларини жам қилиши муқаррардир.
* * *
Ўтган замонларда илму фазилат соҳиблари подшоҳларидан ўз оғирликларига баробар олтин ҳадя олардилар, аста-секин замонлар ўтиши билан уларнинг қийматлари камайиб, итлару олмахонлар (қармоқлар) улардан афзал бўлиб, қолди, яъни нодонлар олимлардан ортиқ кўрнладиган бўлиб қолди.
* * *
Ҳар бир вазир қайчи мисолидир (агар қайчининг бир таянч томони бўлмаса иккинчи томони ҳеч нарсага қодир бўлмайди), чунончи Мусо пайғамбар вазири Хорун билан мукаммал бўлган.
* * *
Олижаноб ва ҳимматли одамнинг «гўштини» ҳасад аҳли «ейди», гўё қурт-қумурсқалар арслон боласини егани мисоли.
* * *
Кимки адовату хусуматни экса, албатта у ташвишу машаққат ўради.
* * *
Виждон азобию таънадан тўғри бўлмаган одамни (кимсани) таълим-тарбия ва қийнаш ҳам тўғрилаши амримаҳол.
* * *
Мансаб илинжида бўлган (қарам) кимсаларнинг томирлари-кесилгандир, улар оладиган фармонлари эса бир-бирига зарба берувчилардир.
* * *
Хасталик ва муҳтожлик — булар иккаласи шундай бир балоки, ҳатто хутбон (энг тахир, аччиқ ичимликлардан ҳисобланади) ичимлигидан кўра ҳам аччиқроқдир.
* * *
Кимники қўлидан хайр-баракали ва пурҳикмат ишлар келмаса, унинг насабининг шарифлиги-ю, улуғлиги фойда келтирмас.
* * *
Кимки бахт-иқболли, солиҳ кишиларнинг этагига ёпишса, у албатта муроду мақсадига эришиб, хайру барака топар.
* * *
Ўз ваъдасида турмаган, турли-туман важ-карсонлар кўрсатувчи кимса ҳеч қачон мард ва ҳнмматли инсон бўлолмайди.
* * *
Қўрқувга мубтало бўлган киши (қуён мисоли) фақат қочишдан нажот излайди.
* * *
Илму маърифатли одам такаббурлик қилувчи доимо нодон кимсаларнинг бурнини тўзон-тупроққа тўлдирур.
* * *
Одамлар турли-туман бўладилар, афсуски уларнинг аксарияти нопокдирлар.
* * *
Тоғ тепасидаги қояларни кўчириш миннат эшитиш юкларига нисбатан енгилроқдир.
* * *
Сен етмиш ёшга кирган бўлсанг-да, ҳамон арслон мисоли йиртқич ҳайвонсан, чунки, мол-дунё ҳирсида мудом қўлингни (ҳар томонга) чўзасан.
* * *
Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқайди.
* * *
Ўткир қиличнинг бошга тушадиган зарбаси баъзи нодонларнинг ҳукми остида муте (итоатда) бўлиб юришдан афзалдир.
* * *
Қиличга қин(ғилоф) ва йиртқич қушда ўткир тирноқ бўлиши шак-шубҳасиздир (бу ҳикмат эр кишида керакли анжомлару қатъий азму қарор бўлиши керак деган маънони англатади).
Убайдулла Уватов таржималари