Эркинлик, бу — ёлғон гапирмаслик ҳуқуқидир.
* * *
Нега мен санъаткорман, файласуф эмасман? Чунки мен ғоялар орқали эмас, сўзлар воситасида фикрлайман.
* * *
Ҳаётнинг буюк саволи — одамлар орасида қандай яшаш.
* * *
Трагедия.
Л.: Дунёни қайта яратиш — арзимас вазифа.
С.: Дунёни эмас, одамни қайта яратиш даркор.
* * *
Фақат образлар орқали тафаккур қилиш мумкин. Агар файласуф бўлишни хоҳласанг, романлар ёз.
* * *
Гренйе коммунизм ҳақида: “Адолат идеалини деб бемаъниликларга рози бўлиш керакми”. “Ҳа”, деб жавоб бериш мумкин, бу — гўзал. “Йўқ”, деб ҳам жавоб бериш мумкин, бу — виждонан бўлади. — Бутун масала ана шунда.”
* * *
Эркин матбуот яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Эрксиз матбуот фақат ёмон бўлади.
* * *
Камдан-кам одам санъатни англашга қодир.
* * *
Ёзиш — миннатсиз юмуш демакдир.
* * *
Ману қонуни:
“Аёлнинг дудоғи, ёш қизнинг кўкси, гўдакнинг дуоси, қурбонлик олови ҳамиша покиза”.
* * *
Ўлимда ўйин ва қаҳрамонлик ўзининг ҳақиқий маъносига эга бўлади.
* * *
(1936), март.
Менинг шодлигим чегарасиз.
* * *
31 Март.
Менда шундай туйғу борки, гўё мен бир маромда тубанликдан кўтарилаётгандекман…
* * *
Май.
Жазоирда кун оғаётганда аёллар нақадар гўзал.
* * *
Аёлнинг аёвли ва сипо дўстлиги.
* * *
ХХ асрнинг энг кучли эҳтироси — малайликдир.
* * *
Энг хавфли йўлдан озиш: ҳеч кимга ўхшамаслик.
* * *
Мен ҳеч нарсадан кўз юммасликни афзал биламан.
* * *
Ҳамиша ҳақ бўлишга интилиш — ақлнинг тарбия топмаганлиги белгисидир.
* * *
Ҳар қандай одамнинг ҳаётида буюк туйғулар кам, майда ҳислар кўп бўлади…
* * *
Ҳа, менинг ватаним бор: француз тили.
Рус тилидан Маҳмуд Саъдий таржимаси