Устоз айтарди:
— Ота-онангизнинг хизматини адо этаётганда, уларга оҳиста сўйланг. Агар улар сизнинг айтганларингизни қилишни истамаётганликларини кўрсангиз, бари бир тавозеда тураверинг ва одоб қоидаларини бузманг. Ҳатто қон ютиб турган бўлсангиз ҳам, койинганингизни билдирманг.
Конфуций милоддан илгари тахминан 551—471-йилларда яшаган. Унинг бутун дунёда машҳур бўлган номи «кун» ва «фуцзи» сўзлари асосида ясалган «Кун» ҳозирги вақтда фамилияни англатувчи сўз бўлса, «фу» файласуф, «сзи» ўқитувчи маъноларини ифодаловчи сўзлардир. Яъни Конфуций «фалсафа ўқитувчиси» деган сўзларнинг фамилия мақомини олган шаклидир. Конфуций яшаган даврдан «Тўрт асос» ва «Беш асос» деган улкан ёзма ёдгорликлар сақланиб қолган. «Беш асос» Конфуцийга қадар яратилган «Қўшиқлар китоби», «Таомиллар китоби» («Маросимлар китоби»), «Ривоятлар китоби» ва «Фолбинлик китоби» («ўзгаришлар китоби») сингари қисмлардан иборат бўлган. Лекин бу китобларнинг барчаси конфуцийлик таълимоти асосида қайта ишланган ва Конфуций таълимотининг моҳиятини очишга хизмат қилиб келган. «Тўрт асос» эса Конфуций «Ҳикматлар»идан ташқари, «Менсзи» («Мен-муаллим»), «Буюк таълимот» ва «Оралиқ ҳақидаги таълимот» син-гари Конфуций шогирдларининг ҳикматли сўзларидан ташкил топган. Конфуций таълимоти марказида «муруwатли зот» туради. У ҳукмрон табақанинг идеал вакили бўлиб, Конфуций таълимоти ёрдамида ўзида жамият фаровонлигини таъминлай ва маънавий асосларини ифодалай оладиган олижаноб фазилатларни шакллантирган. Конфуций «Ҳикматлар»и «муруwатли зот»нинг шундай юксак инсоний фазилатларини акс эттиради. Аниқроқ айтсак, бу зот олий ҳукмдорга нисбатан чуқур эҳтиромли, халққа эса муруwатли бўлувчи, бутун куч ва қобилиятини жамият олдидаги бурчини оқлашга, миллий урф-одат ва анъаналарнинг тўла-тўкис бажарилишини таъминлашга сарф этувчи кишидир. Шунинг учун ҳам унинг ўгитлари, панд-у насиҳатлари Хитойда ҳанузга қадар эъзозланиб ва қадрланиб келади. |
* * *
Мен Сун устоздан фарзандлик бурчи нима, деб сўради. Устоз жавоб берди:
— Тузукдан чиқмаслик.
Фан Чи от аравани ҳайдаб борарди, шунда Устоз айтди:
— Мен Сун мендан фарзандлик бурчи нима, деб сўради. Мен унга: тузукни бузмасликдир, деб айтдим.
— Бунинг маъноси нима? — деб сўради Фан Чи.
Шунда Устоз жавоб берди:
— Ота-она тириклигида уларга яхши хизмат қилмоқдир. Қазо қилсалар — кўмиб келмоқ ва зарур расм-русумларни адо этмоқликдир.
* * *
Устоз айтарди:
— Агар ўқисанг-у ўйламасанг — чалкашиб қоласан. Агар ўйласанг-у ўқимасанг — шубҳа-гумонлар тагида қолиб кетасан.
* * *
Устоз айтарди:
— Ота-онангиз тирик экан, улардан узоқ кетманг. Агар бориш зарур бўлиб қолса, қаерга боришингизни уларга маълум қилиб кетинг.
* * *
Устоз айтарди:
— Қадимларда кам сўйлашарди, ўз сўзларининг ортидан етолмай қолишдан қўрқишарди.
* * *
Устоз айтарди:
— Эҳтиёткор одамлар камдан-кам хато қиладилар.
* * *
Устоз айтарди:
— Муносиб хулқли киши сўзларни шошилмасдан сўйлагани маъқул ва ишларни жадал адо этмоғи афзал.
* * *
Ян Юан ҳақиқий одамийлик нима, деб сўради.
— Одам ўзини тута билиши ва адаб таомилларига риоя этиши керак, — деб жавоб берди Устоз, — мана шу чинакам одамийлик бўлади. Бир сафар ўзингни тутишга ўргансанг ва адабга риоя қилган ҳолда ҳаракат қилсанг, шунда бутун Осмон сени одамий экан, деб атайди. Одамий бўлиш ёки бўлмаслик фақат кишининг ўзигагина боғлиқ, — ахир бу нарса бошқаларга боғлиқ бўлиши сира ақлга тўғри келадими?
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, бунга қандай эришса боиади?
Устоз айтди:
— Адабга зид нарсаларга қараманг. Адабга зид нарсаларни эшитманг. Адабга хилоф нарсаларни гапирманг. Адабга хилоф нарсаларни қилманг.
* * *
Муаллим айтди:
— Ўқиш ва доим баркамолликка интилиш яхши эмасми? Узоқдан дўстларинг келса, қувонмайсанми?
* * *
Муаллим шундай деди:
— Гапга чечанлик ва ёқимли чеҳра ҳамма вақт ҳам инсоний фазилатни билдиравермайди.
* * *
Муаллим айтарди:
— Агар олижаноб одамда қатъият етишмаса, унда салобат ҳам бўлмайди, демак, у билим олишга иштиёқманд эмас. Муҳими — ҳалол ва тўғри сўзли бўл, маслакдош бўлмаганлар билан дўстлашма ва камчиликларингни тузатишдан қўрқма.
* * *
Муаллим деди:
— Агар олижаноб киши овқат пайти нафсини қондиришни ўйламаса, уйдалигида саранжом-саришталик ҳақида бош қотирмаса, иш жараёнида абжир бўлса, ўйлаб гапирса ва йўлини топиб олганлар билан яқинлашиб, ўзини ўнглаб олса, ундайларўқишни яхши кўрганлардан саналади.
* * *
Муаллим айтди:
— Одамларнинг сени билмаганлигига хафа бўлма, балки ўзинг одамларни билмаганлигинг учун хафа бўл.
* * *
Конфуцийнинг шогирди Цзию, “Фарзанд одоби нима?” деб сўради.
Муаллим жавоб қилди:
— Ҳозир фарзанд одоби, деганда фақат ота-оналарга меҳр кўрсатиш, уларга қараш тушунилади. Ҳайвонлар ҳам парвариш қилинади-ку. Иззат-икром кўрсатилмайдиган бўлса, бу иккисида фарқ бўлмайди.
* * *
Муаллим айтди:
— Одамгарчилик бор жойда — ҳамма нарса гўзал. Қандай қилиб ақлли одам имкони бўла туриб, бу жойларга ташриф буюрмасин?
* * *
Муаллим айтди:
— Одамгарчиликка интилиш инсонни барча ёмонликлардан қайтаради.
* * *
Муаллим айтди:
— Ҳар ким ўзининг ғаразгўйлиги туфайли адашади. Одамнинг хатосига қарасанг — унинг одамгарчиликдаражасини билиб оласан.
* * *
Муаллим айтди:
— Олижаноб инсон хайрихоҳлик кўрсатишга интилади, авом одам ўз ерини соғинади. Олижаноб инсон жазоланишни афзал кўради, авом одам раҳм-шафқатга умид қилади.
* * *
Муаллим айтди:
— Ўз ўрнингни топа олмасанг, ғам ема. Камол топмаганлигинг ҳақида қайғургин. Сени ҳеч ким танимаса, ғам ема, аммо машҳур бўлиш учун доимо интил.
* * *
Муаллим айтди:
— Ота ва онанинг ёшини билмаслик мумкин эмас; бу ўғил учун ҳам қувонч, ҳам ташвиш.
* * *
Муаллим айтди:
— Оғир, босиқ одамнинг хатоси ҳам кам бўлади.
* * *
Муаллим айтди:
— Олижаноб киши содда гапиришга, моҳирлик билан ишлашга интилади.
* * *
Муаллим айтди:
— Яхши фазилат ёлғиз бўлмайди, албатта, унинг қўшниси ҳам бўлади.
* * *
Муаллим айтди:
— Мен ҳозирча мустаҳкам, букилмас иродали одамларни учратмадим.
Кимдир айтди:
—Шогирдингиз Шэнь Чен…
Муаллим эътироз билдирди:
— У шунча кўп нарсани хоҳлайдики, қандай қилиб иродали бўлсин!
* * *
Жан Цю айтади:
— Сизнинг йўлингиз менга ёқади, лекин менинг кучим етмайдиганга ўхшайди.
Муаллим айтди:
— Кучи етмаганлар ярим йўлда қолиб кетади. Сен бўлсанг, ҳали қадам ташлаганинг ҳам йўқ.
* * *
Қорнини ўйламас олижаноб шахс,
Фақат ўз тинчини кўзлаб яшамас.
Шахдам хизмат қилар, гапи — маъноли,
Улуғ йўлга ўзин тайёрлар доим,
Деса бўлар уни аъло ўқувчи.
* * *
Ташвиш чекма, танимаса сени одамлар,
Ташвиш чеккин одамларни танимасликдан.
* * *
Ким эзгулик йўли билан иш тутар экан,
У ўхшайди худди шимол Қутб юлдузига.
Ўз ўрнида нур сочади, муқим, улуғвор,
Порлаб турган юлдузларнинг орасида у.
* * *
Фақат раҳм-шафқатли одам
Бошқаларни чин дилидан сева олади,
Ёмонлардан эса нафрат қила олади.
Интилинса раҳму шафқатга
Қолмас бу дунёда ёвузлик.
* * *
Ҳаётда ўрним йўқ деб асло чекма ғам,
Ўзингни барқарор этмоққа тириш.
Агар сени ҳеч ким танимаса ҳам
Кўпчиликка машҳур бўлишга кириш!
* * *
Ота ва онангга қилганда хизмат,
Қилмагин уларга панду насиҳат.
Нени хоҳласалар этгин жо-бажо,
Сўзлари ёқмаса жеркима асло.
Ота-онанг ҳали ҳаёт бўлган чоқ,
Сира кета кўрма улардан узоқ.
Мабодо кетсанг ҳам аниқ жойда тур,
Излатма ўзингни бўлсанг гар зарур.
* * *
Чириган ёғочга нақш солиб бўлмас,
Деворни гўнг билан оқлаб бўлмайди.
Беғам шогирдга ҳам беҳудадир панд.
* * *
Олдинлари одамлар-ла алоқада мен
Гапларига ишонардим ваъда беришса.
Энди эса одамлар-ла алоқада мен
Гапларини тинглайману кутиб тураман —
Токи улар ваъдаларин қилгунча адо.
Бу одатга олиб келган — беғам шогирдим.
* * *
Кексаларни доим иззат-ҳурмат қил,
Вафодор дўстингга ҳамиша ишон.
Ўзингдан кичикни кўрсанг — азиз бил,
Хато қилсанг дилдан бўлгил пушаймон.
* * *
Эвоҳ, эзгуликнинг ҳоли паришон,
Билимга интилиш кўринмас ҳамон.
Тўғри йўл кўрсатсанг юрмайди биров,
Иллатлар инсоннинг йўлидадир ғов.
* * *
Дили куймаганга бермайман таълим,
Ҳайратга тушмаган ололмас билим.
Бир бурчакда туриб қолганин кўрмас,
Бундайни ўқитиш фойдаси бўлмас.
* * *
Йўқни бор дейилса — бу қандай одат,
Бўшни тўла демоқ — шуми саодат?
Фақирликни — бойлик, жафони вафо,
Бунга не демоқлик керак, ажабо?
* * *
Нақадар буюкдир Яо подшоҳ!
Қанчалар сарбаланд, улуғвор!
Аслида энг баланд Осмон-ку,
Гўёки кўккача етгулик боши.
Йўқ ниҳоя салобатига.
Таърифига топилмайди сўз,
Унинг аъмоли ҳам юксак ва улуғ,
Маърифат йўлидан таралади нур!
* * *
Доим самимий бўл, интил билимга,
Такомил йўлига тиккил ширин жон.
Йўллар бос, бакор кел юрту элингга,
Бекор ўзни ўтга урма ҳеч қачон.
* * *
Учиб келмаётир бахт қуши — Ҳумо,
Дарё ҳам кўрсатмас яхшилик — нишон,
Демакки менинг ҳам куним битмоқда!
* * *
Садоқат, софликни муҳим деб билгил,
Дўстлигу вафога сен риоя қил.
Аммо дўст бўлмагин тенгинг бўлмаса,
Хатою нуқсон-ла қилма муроса.
Шеърларни Мухтор Худойқулов таржима қилган.