Тилнинг ғариблиги — тафаккурнинг қашшоқлигидан.
* * *
Тилинг бўлмаса, гапириб нима қиласан?
* * *
Ё раббий! Ўз тилида фикрлай олмайдиган кишилар, ўз тилида ёза олмайдиган «ёзувчилар», ўз тилида ўқий олмайдиган ўқувчилар, ўз тилида илм ярата олмайдиган олимлар, ўз тилида ваъз ўқий олмайдиган воизлар, ўз тилида куйлай олмайдиган хонандалар пайдо бўлди… Санъаткорларимиз, нотиқларимиз, аҳли ҳунарманд, аҳли фуқаро, аҳли ҳукамо ва аҳли фузало — ўз тилида «бир нима» дея олмаса…
* * *
Ахлоқсиз ва баттол одамларга бериладиган ҳар хил танбеҳ, ҳайфсан, жазо чоралари сирасига уларни бир хилда фикрлаш, сидирға, китобий сўзлашга мажбур қилишни ҳам киритиш керак, деб ўйлайман. Бу энг оғир жазолардан бири бўлар эди!
Чамаси, тилни бузганлиги учун жарима тайин этиш керак. Ана ўшанда ҳозир турнақатор бўлиб босилиб чиқаётган юзлаб китоблар, рисолалар таққа тўхтайди. Одамларнинг қулоғи тинади. Қоғоз тежалади…
* * *
Алам қиладиган жойи шундаки, менинг «қавмларим» — таржимонлар ҳам тилни булғашда тобора жазавалари тутиб, хуруж қилмоқдалар. Таржимани — санъат деймиз. Ундай бўлса, нима учун «таржима тили» деганда ҳамманинг пешонаси тиришади?..
* * *
Ахир, табиатга қаранг-а! Дарё «шовуллайди». Жилғалар «шилдираб» оқади. Шабада — «ғир-ғир». Қушларнинг «чуғур-чуғури» ҳам жонга роҳат. Биз уларнинг «тилини», «шевасини» тушунмаганимиз боисидангина буни — «чуғур-чуғур» деб айтамиз. Аслида эса уларнинг ана шу «чуғурида» бир дунё оҳанрабо оҳанг ва маъно бор! Биз ўзимизнинг кундалик ташвишимиз билан банд, уларни эшитмаймиз, илғамаймиз, фарқламаймиз, холос. Чунки ўзимиз ўзимизнинг кундалик сидирға «чуғуримиздан» ортмаймиз. Турфа табиат, шалола, гуллар атри, паррандаю даррандаларга йўл бўлсин!
Одамларни ҳеч қачон росмана китобий тилда гапиришга ундаш керак эмас. Бусиз ҳам ҳаммаёқда — «сидирғавозлик». Ҳар ким ўз тилида «чуғурлашсин». Бир хил қироат, жонни ўртагувчи бир хил «тоат-ибодат» жонга тегди… Жуда! Мажлисда, дарсда, уйда, ҳатто тўй-ҳашам, маъракада — чучмал гаплар, ёлғон-яшиқ уйдирмалар… Қачонгача!
* * *
Мен сўзшунос профессордан кўра дидли муҳаррирни афзал кўраман. Чунки профессор — кўп, яхши муҳаррир эса — … Ҳозир Ўзбекистонда зўр муҳаррир ким? Қани, номма-ном айтинг-чи?..
* * *
Бегона тилнинг грамматикаси авахтасига тушган фикр ўзининг ҳар қандай маъносидан маҳрум бўлибгина қолмайди, балки ўқувчини калом туйғусидан бездиради, сўзнинг таъсирчанлик, сафарбарлик кучини қирқади… Сўз ўзининг сўзлигидан маҳрум бўлиб, ҳис-туйғусиз шартли тамғага айланади.
* * *
Кўп тилшунос олимларимизнинг бисоти — тили саноқли атамалар мажмуасидан иборат. Шу бисотдан ташқарида улар — йўқ.
* * *
Бу илмий китобни инсоний тилга «ўгирилса», бутун маъноси ва таъсири йўқолади. Илм бўлмай қолади. Вассалом.
* * *
Тилимиз ҳам, ўз таркибига кўра, «Пахтакор» командасига ўхшаб қолган.
* * *
Ўз тилида хиргойи қилиш нималигини билмайдиган, ўз тилида ўз дилбандига алла айтолмайдиган, ўз тилида дуойи хайр, дуойи бад айтолмайдиган, муножот, нидо қилолмайдиган ва ҳатто ўз тилида… туш кўролмайдиган бир талай одамлар пайдо бўлди!
* * *
Ўзбек тили, ўз луғавий таркиби тарафидан ҳам, пойтахт Тошкентни эслатадиган бўлиб қолди. Қандай яхши!..
Биз бола тарбияси, дидни ўстириш, ўсаётган ниҳолга шакл бериш, табиатни муҳофаза қилиш, ўрмон, кўл, денгизларни асраш ҳақида (кечикиб бўлса ҳам!) ўйлай бошладик. Йиртқичлар, балиқлар, капалаклар, чувалчанглар, шиллиқ қуртларни ҳалокатдан қутқазиш ҳақида қонунлар бор. Нега энди тилнинг софлиги, беғуборлиги, покизалиги тўғрисида ғамхўрлик йўқ. Ахир, тил — руҳий ғизо, инсоннинг инсонлиги, унинг моҳияти-ку!
* * *
Ўзбек тили ҳақида ёзувчи киши ёзувчи бўлиши керак. Бу билан тил ҳақида… роман ёзилсин, демоқчи эмасман. Демоқчиманки, ўзбек тили ҳақида ўзбек тилида ёзиш зарур. Токи бизнинг ёзганларимизни «таржима» қилишга тўғри келмасин.
“Мен сув ичган дарёлар” китобидан (“Ёш гвардия”, 1990)