• Маънан бой инсон омма қаршисида ҳамиша кучлидир.
• Ҳаёт мудом таҳликали, шу билан бирга, беҳад гўзалдир.
• Ҳаётнинг қарама-қариш икки қутбини бир-бирига бўйсундириш, унинг сеҳрли куйини қоғозга тушириш, эҳтимол, менга насиб этмас. Аммо барибир ботинимдаги туғёнга қулоқ тутароқ бу ишга қайта ва қайта қўл уравераман. Зеро, айнан шу уринишларим сабаб мен ҳануз яшаётирман.
• Инсоннинг чин аъмоли — ўз-ўзини топмоқдир.
• Бор билимимни шоирлардан олганман.
• Ақлий меҳнат билан машғул одамларчалик шуҳратпараст, иззатталаб кимсалар бўлмаса керак. Аслида ҳам, улар мақтовга, далдага муҳтож.
• Ўз тилини яхши билмайдиган, севиб-ардоқламайдиган, уни ҳимоя қилмайдиган халқнинг шоириман деб кўкрак керишдан ор қилади киши.
• Ақл-идрок сасига мудом эҳтиёж сезсак-да, нечукдир унга кўп ҳам қулоқ солавермаймиз.
• Қисматимиз азалда битиб қўйилгани, унинг муқаррар эканини билмаймизми? Биламиз. Лекин бандаи ожизмиз — танлаш ҳуқуқи, ирода эркинлиги деган хомхаёлларга берилмоқдан ўзимизни тия олмаймиз.
Гўзаллик ва ўлим, шодлик ва фано — улар эгизаклардек доим бирга юради, бири иккинчисини тақозо этади, бу не ажаб ҳол?!
Чин воқелик, одатда, бехосият туш аён этадиган тимсоллардан кўра бирмунча беозордир.
• Ақлий ва жисмоний дангасалик ҳамиша ёнма-ён экан.
• Мингта лоқайд ўқувчидан ўнта зеҳнли китобхон афзал.
• Мулоҳаза қилмай китоб ўқимоқ — хушманзара табиат қўйнида кўзни юмиб сайр этмоқдек гап. Турмуш ташвишларидан чалғиш учун эмас, ҳаётни чуқурроқ билиш учун мутолаа қилмоғимиз керак. Китобга димоғдор муаллим қаршисидаги журьатсиз ўқувчидек эмас, энг бағланд чўққини забт этмоққа шай шижоатли альпинист каби ёндашмоқ лозим.
• Китоб ўқиш миямизни аталадек суюлтириб юбормаслиги, балки бизни янги-янги ғояларга сафарбар қилмоғи лозим. Китоб бошимизни ҳаёт тўғрисидаги бўлар-бўлмас икир-чикирлару маънисиз тафсилотларга тўлдириб, бизни сохта таскинлар билан овутмоғи эмас, аксинча, ҳаётимизга теран маъно-мазмун бахш этмоғи
керак.
• Китобхонга, эҳтимол, эриш туюлар, лекин биз — ёзувчилар учун ижод ҳаяжону изтиробларга бой жўшқин саргузашт — довул турган денгиз бўйлаб омонат қайиқда сайр этиш, коинот қўйнида ёлғиз парвоз қилишдир.
• Чароғон хона, қулай иш столи, ўзим одатланган ёзув қуроллари бўлмаса, ёзолмайман, дейдиган ижодкор- нинг истеъдодига шубҳам бор.
• «Каirоs» (юнонча “қулай фурсат”) ўнғай пайт, омад кулиб боққан лаҳза демакдир. Чинакам асар ният-мақсад ёки кимнингдир буюртма-топшириғи билан эмас, кўпроқ «каirоs» сабаб дунёга келади.
• Вақти келса, Худо олдида тўқсон тўққиз тақводордан кўра тавба-тазарру қилаётган бир гуноҳкор авло экан!
• Гўзаллик ўз соҳибини эмас, уни севган, унга топинган одамни бахтиёр этажак.
• Гўзаллик бир чимдим жозибасини фонийликдан олади.
• Гўзаллик — ҳақиқатнинг тажаллисидир.
• Эртанги кунидан ҳадик-хавотирда яшайдиган одам нафаҳат ҳаловатидан, ҳатто чин турмушидан ҳам мосуво бўлади. Бас, шундай экан, ўтаётган кунни, вақтни ўз ҳолига қўйинг!
• Жаннатнинг жаннатлиги ундан қувилганимиздан сўнг аён бўлди.
• Ҳамонки, бахт кўзга кўринмас экан, уни тасарруф қилиш мумкин.
• Кимки самарали меҳнат завқини туйса, ўртамиёна турмуши ҳам бадастир бўла боради.
• Ҳаёт йўлини жасорат-ла босиб ўтмоқ лозим. Башарти кимдандир қўрқсак, бунга ўз измимизни ўша одамга топшириб қўйганимиз сабабдир.
• Модомики, одам ўзи билан ўзи муроса қилолмас, якдил бўлолмас экан, табиийки, журъатсизлик ғолиб келади.
• Рисоладагидек ҳаёт кечирдим, на эркинлик ва на гўзалликка эҳтиёж сездим, шунга қарамай, камина ҳамиша ёлғизликка маҳкум эди.
• Ёлғизлик — ҳурликдир.
Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси