Йўлдаги одамни (ёзувчини) шаклланиб бўлган, яъни манзилига етган дейиш мумкинми, айтинг? Ҳаёт уни йўниб, тоблантириб, чиниқтириб бориши табиий ҳол. Бироқ йўнилавериб, сип-силлиқ бўлиб қолмоқдан сақланиш лозим. Ундай одамнинг қаламидан чиққан нарсалар ҳам ўзига ўхшаб сип-силлиқ бўладики, адабиётга бунинг сира даркори йўқ.
* * *
Адабиётнинг бугунги жамиятдаги ўрни ҳақида тўлиб-тошиб сўзламоқ қийиндир-ов. Адабиёт, умуман санъат ҳозирги кунда пул, манфаат дунёсига дуч келиб турибди. Бу балолар аралашган жойда чинакам адабиёту санъатдан сўз юритиш ортиқча.
Булар ҳам замонга мослашсин. Ана, харидоргир китоблар пештахталарни тўлдирган-ку, демоқ бўлсангиз, каминангиз уларни адабиёт ҳисобламайди-да. Улар ёзувчилик даъвосида, адабиётга ўхшатиб, аслида бозор илинжида наридан-бери ясаб ташланаётган нимарсалар, холос. Ҳақиқий адабиёт намунаси бундай тезқадам, тезпишар бўлмайди, у дард¬ли сўздан, тоза сўз¬дан дунёга келади. Худо берган куни эмас, Худо ёрлақаган куни!
* * *
Адабиёт… ўзим яхши кўрган, ҳаётимни бағиш¬ламоққа аҳд қилган соҳа. Тақдир бошқа бир йўлга солиб юборганида ҳам мен барибир усиз яшаёлмас эдим чоғи.
* * *
Мени асарнинг жанри эмас, унда эришилган бадиий натижа кўпроқ қизиқтиради. Роман ёзгани билан одам ёзувчи бўлиб кетаверса кошки экан! Бошқаларни қўйиб буюк Чеховни олинг! Унга замондош бўлган неча-нечалари ўнлаб романлар ёзган, лекин бугун уларнинг номини ким билади, айтинг?
* * *
Битта “секрет”имни айтайми? Мавжуд андозаларни унутиб, сипогарчиликни йиғиштириб, воқеликни, қаҳрамонларингизни иложи борича аниқ, ростгўйлик билан тасвирлаб берсангиз, ўзи шундай чиқаверади: кулгилироқ, ҳайратомуз… Бунда ўзингизнинг шахсиятингиз, таъб-дидингиз ҳам муҳим, албатта.
* * *
Кўп ўқиб-ўрганганим, ҳавас қилганларим рост, аммо сира бировга ўхшатиб ёзгим келмайди. Ахир, ўзим-чи, мен ҳам одамман-ку, ҳеч кимга ўхшамайман-ку, билганимча, қўлдан келганича ёзаверай-чи, деб уриниб ётавераман.
* * *
Икки юз-уч юз саҳифали қўлёзманинг устига “роман” деб ёзиб қўйган билан роман бўлаверадими? Узундан-узоқ бир кечмишни анчайин жўнгина ёзиб чиққан ёки тарихан бирор даврни олиб, “қош-кўзи”ни адабийлаштириб қайта ҳикоя қилиб берган “роман”лар ҳақиқатан ҳам кўпайиб кетди. Нима ҳам дердингиз, Худо инсофини берсин, холос!
Менимча, роман деганларида янги бир воқелик, янги руҳ, мураккаб характерлар, уларнинг чигал тақ¬дири, шулардан туғиладиган салмоқли бир фалсафа, фикрлар бўлмоғи лозим. Китобхонни у илгари нотаниш янги бир дунё, янги воқеликка бошлаб кирмоғи даркор.
Шунақа асарларимиз чиндан ҳам камроқ.
* * *
Модерн, аслида, янгича, адабий бир янгилик дегани. Сирасини айтганда, чинакам бадиий асар ҳамиша кашфиёт, янгича бўлмоғи лозим ва шу сўзга кўнгил жуда суст кетса, уни сира иккиланмай модерн намуналари қаторига қўшиш мумкин. Дарвоқе, рус адабиётшунослигида бу борада “модернлашган реализм”, яъни янгиланган реализм деган бир истилоҳ ҳам пайдо бўлибди-ку. Демак, барибир, тагзаминида реализм бор экан-да, осмонга сапчиб нима фойда!
* * *
Ҳар гал янги нимадир ёзганингизда бир гапларни айтдим-ов, деб ўйлайсиз ўзингизча. Лекин бари – денгиздан томчи. Дилдагисини умрнинг охиригача айтиб адо қилиб бўлмас!
Муҳим гапни айтиш учун, аввало, кўнгилда шундай гап бўлиши керак.