Чжан Чао. “Теран уйқу соялари” китобидан

Шаклу шамойили ва мазмуни содда, аммо айни шу соддалиги боис мафтункор ҳикматлар ҳаёт ҳақида, дўстлик, аёл, табиат, турмуш чизгилари, қадимий хитой фалсафасига оид нақллар ва тушунчалар ҳақида. Уларнинг муаллифи ёзувчи Чжан Чао 1650 йилда Цин сулоласи даврида Аньхуэй вилоятида туғилган. Ўз даврида унчалик машҳур бўлмаган бу файласуф адиб ўз ёзувларидек содда ҳаёт кечирган. Деярли бирон бир маҳкамада ишламаган. Умрининг асосий қисмини табиатни ва инсонни кузатиш билан ўтказган. Унинг бирон бир асари ўша даврда 10 йил мобайнида 10000 китоб асосида сараланиб тартиб берилган ва Цин сулоласи даврининг адабиёти, тарихи, фалсафаси, илм-фани ва санъатининг қомуси бўлмиш 36381 жилддан иборат ўзига хос мажмуа — «Сику цюаньшу» тўпламига киритилмаган ҳам. Аммо, орадан йиллар ўтиб, аниқроғи 20 асрга келиб, унинг ёзувлари дунёга тарқала бошлади. Ушбу ҳикматлар (икки-учтасидан бўлак) таржимаси (асосан аёлларга бағишланган ёзувлар) 30 йилча аввал «Саодат» журналида чоп этилган эди.

• Агар сизнинг ёлғиз бир яқин дўстингиз бўлса, қисматингиздан нолиманг. Сиз ёлғиз эмассиз, сиз туфайли эса дунёда битта ёлғиз одам сони камаяди.
• Кимки, аёлни худди чечакларни севгандек суйса, у ўз ҳис-туйғулари осмонида юксакларда парвоз этажак. Кимки, чечакларни худди аёлларни суйгандек севса, у ўз ҳис-ҳаяжонлари уммонининг энг янги-янги тўлқинларини кашф этажак.
• Гўзал аёл чиройли чечакдан сўзлар моҳиятини англаши билан устундир. Чиройли чечак гўзал аёлдан ўзининг ифор манбаи бўлиши билан афзалдир. Уларни бир-бири билан келиштириш ғоят мушкул, шу сабабдаи ифор манбаидан ҳар бир сўзингни англайдиган суҳбатдош аълороқдир.
• Ўн бешдан йигирма ёшгача бўлган қизларнинг деярли барчаси мафтункор овоз эгасидирлар, аммо уларни кўздан кечирсангиз ўша заҳоти, уларнинг қай бири барно-ю, қай бири хунуклигини илғаб оласиз. Демак, эшитиш билан кўришнинг фарқи бор экан-да.
• Гўзал жориянгиз бўлганидан, сизни тушунадиган хотинингиз бўлгани аълороқдир, олтин тоғларга эга бўлгунча, кўнгил фароғатингиз бўлгани афзалдир.
• Аёллар ўз гўзалликлари билан эркаклардан устундир, Қушлар орасида эса нарлари мокиёнларидан гўзалроқдир. Ҳайвонлар ўртасида эса бу фарқ деярли сезилмайди.
• Қанчалик гўзал деб ҳисобламанг, аёлни пардоздан кейин томоша килишингиз маъқул.
• Агар шеър ва шароб бўлмаганда, тоғлару уммонлар жонсиз бир ижод бўларди. Агар гўзал аёллар бўлмаганда, гуллару ой шунчаки бир буюмдан фарқ қилмасди. Салоҳиятли,боз устига келишган шоир ёки гўзаллиқда тенги йўк, шу билан баробар катта истеъдод эгаси бўлган аёл ҳеч качон қариб колгунча умр сурмайди, Яратган Эгам уларни олдинроқ ўз ҳузурига чақиради.Чунки бундай одамлар нафақат ўз замонасининг, шу билан бирга ўтган-кетган , бор ва келажак замонларнинг ҳам бойлигидир. Айнан шу сабабдан ҳам Яратган Эгамиз уларни тирик одамлар орасида узоқ қолишларига йўл қўймайди.
• Роҳиб ўзини шаробдан узоқ тутиши шарт эмас, аммо у ўзини майда икир-чикирдан сақлаши лозим. Аёл адабиётнинг ўта билимдони бўлиши шарт эмас, аммо у нозик дид эгаси бўлиши шарт.
• Эҳтиросли киши аёлларни севиши табиий, аммо аёлларни севганларнинг ҳаммаси ҳам эҳтиросли эмас. Гўзал аёлнинг қисмати ҳамиша бахстсиздир, аммо, қисмати бахтсиз аёлларнинг ҳаммаси ҳам гўзал эмас. Истеъдодли шоир шаробни севиши табиий, аммо шаробга уч бўлган киши ҳаммавақт истеъдодли шоир эмас.
• Чинакам гўзал аёл зоҳиран гулу чечакка монанд; овози қуш нағмасига, руҳи совуқ ойга, қомати нозик шамшодтолга, бадани янги қорга ўхшайди; муқоми жилғага қиёс, юраги — завқли қўшиқдай…
• Фалак мусиқасининг бош мавзуси баҳордир. Куз эса баҳорнинг ўзгача талқинидир.
• Кўз ўзини кўра олмайди, бурун ўзини ҳидлай олмайди, тил ўз мазасини била олмайди, бармоқ ўзига бармоқ тегиза олмайди, фақатгина қулоқ ўзини эшита олади.
• Бутун бир далани шудгор қилишга етарли кучим бор, аммо кулбам олдида боғ ўстиришни маъқул кўраман. Ўрмондаги бор қуриган шох-шаббани йиғишга етарли дармоним бор, аммо остонам олдидаги ўтларни юлиб ташлашнинг ўзи менга етарли.
• Гул бор жойда, албатта, капалак бор. Жилғасиз тоғ йўқ. Мамир*сиз тошни тополмайсиз. Ҳовуз борки, балчиғи бор. Дарахт борки, япроғи бор. Худди шундай камчиликсиз одам ҳам йўқ.
• Минорага чиқиб юксак тоғларни томоша қилиш қандай мароқли. Қалъа деворида туриб, ёғаётган қорни кузатиш қанчалар завқли. Ёниқ шамчироқ олдида ўтириб, ойга боқиш ҳам мароқли. Қайиқда сузиб, туманни кузатиш қандай яхши. Ойдин кечада соҳибжамолга маҳлиё бўлиш дилнинг роҳати.
• Китоб йиғиш қийин иш эмас, китобни варақлаш қийин. Китобни варақлаш қийин эмас, уни мутолаа қилиш қийин. Китоб мутолаа қилиш қийин эмас, ўқиганингдан хулоса қилиш қийин. Ўқиганингдан хулоса қилиш қийин эмас, ўқиганингни ёдингда сақлаш қийин
____________
* Мамир — мох.

Хуршид Даврон таржималари