Агар олис тарихимизга назар солсак, 4 сентябр дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган беназир қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний бобомиз таваллуд топган кун ҳам ҳисобланади. Шу муносабат билан буюк алломанинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Масъуд қонуни” ва бошқа кўплаб йирик асарларидан саралаб олинган ҳикматлар, ривоят ва қайдларни газетхонлар эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.
Ўн икки минг терига ўзилган китоб
Подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида “Абисто” (“Авесто”)нинг ўн икки минг қорамол терисига тилло билан ёзилган бир нусхаси бор эди. Искандар Мақдуний оташхоналарни вайрон қилиб, уларга хизмат қилувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборган эди. Шунинг учун ўша вақтдан бери “Абисто”нинг бешдан уч қисми (“яъни, ўн саккиз наски) йўқолиб кетди. “Абисто” ўттиз наск эди, мажусийлар қўлида чамаси ўн икки наск (қисм) қолди.
Йил ва фасллар
Қуёшнинг буржлар фалакидаги ҳаракати ул-куллга (кулл — ҳамма, барча, бутун) қарши ҳаракат қилиб, қайси нуқта бўлса ҳам унинг ҳаракатининг бошланган жойи, деб фараз этилган нуқтага қайтиб келгунича ўтган (муддатда) йил дейилади. Йил тўрт фасл — баҳор, ёз, куз, қишни ва уларнинг тўрт хил табиатларини ўз ичига олиб, қаердан бошланган бўлса, шу ерда тамом бўлади.
Сувнинг шўрлигини камайтириш
Агар шўр сувли қудуқларга яхшилаб қуритилган мумдан бир неча ратл ташланса, сувдаги шўрлик камайиши мумкин. Ҳатто тажрибачилар: “Агар мумдан нозик бир идиш ясаб, денгиз сувига ташланса, оғзига чиқмайдиган бўлса, унинг ичига сизиб ўтган сув, албатта, ширин бўлади”, дейдилар. Чунончи, куз ва ёзда Тинч кўлига Нил суви кўп аралашса, ширин бўлади ёки аксинча, кам аралашса, жуда шўр бўлади.
Хушбўй сув
Мисрда бир тоғ этагида ибодатхона яқинида “Пок” деб машҳур бўлган ҳовузга тоғ тагидаги булоқдан ширин, хушбўй сув оқиб туради. Қачон бирор исқирт, ифлос, кир одам унда ювинса, сувнинг таъми ўзгаради, бадҳид бўлади. То суви бўшатилиб тозаланмагунча, ўшандай ҳид чиқаверади, тозаланса хушбўйликка қайтади.
Очни тўйғаз
Халифа Умар ибн Абдулазиз ўғли Абдуллоҳнинг минг дирҳамга бир қимматбаҳо тошни сотиб олганини эшитиб, ўғлига хат ёзибди: “Менга етиб келган хабарга қараганда, бир узук олибсан. Сенга насиҳатим шу, дарҳол ўшани сотиб, унинг қийматига мингта очнинг қорнини тўйғаз. Ўзингга бўлса кумушдан узук қилдир, унинг кўзи ҳам ўзидан бўлсин”. Абдуллоҳ отаси айтгандай қилибди.
Ал-фир қўрғони ҳақида
Ал-Фир — Хоразм шаҳрининг чеккасидаги лой ва хом ғиштдан қурилган қалъа бўлиб бир-бирининг ичига жойлашган ва баландликда бир-биридан қолишмайдиган уч қават қўрғон эди. Бу барча қўрғонлар тепасида Ямандаги Ғумдон сингари подшоҳларнинг қасрлари бор эди.
Қачон мақтанарли бўлади?
Олтин ва кумуш қадри одамлар орасида табиий сувратда эмас, балки сунъий сувратда бўлади. Чунки бу иккаласи тош бўлиб, одамни очликдан тўйғаза олмайди, ташналикни қондиролмайди, зарарни даф қилолмайди. Машаққатдан сақлай олмайди. Овқат сифатида манфаати бўлмай, инсонни тиклай олмаган ва унинг турини боқий қондиролмаган, кийим бўлиб одамларни ўраб асрай олмаган, иссиқ-совуқ қийинчиликлардан сақлай олмаган ва пана ер сифатида сақланишга ёрдам беролмайдиган ҳар бир нарса табиатан мақтанарли эмас. Башарти, мақтовга сазовор бўлгудай бўлса ҳам, у табиий равишда мақталмайди, балки ҳаётда зарур бўлиб, бошқанинг эҳтиёжи тушадиган нарса унинг ёрдамида бўлса, шундагина мақталади.
Кўпчилик кишиларнинг табиатини пасткаш қиладиган ёмон хулқдан, ҳақиқатни кўришга имкон бермайдиган омиллардан ўзни тозалагач, уларнинг исбот учун келтирган сўз ва эътиқодларини бир-бирига солиштириш билан билинади. Мана шу айтиб ўтганим ҳақиқий мақсадга етказувчи энг яхши йўл ва бунга доғ туширувчи шак-шубҳани ювиб ташлаш учун энг ишончли ёрдамчидир. Гарчи қаттиқ уриниб, зўр машаққат чексак ҳам, ўшандан бошқа йўл билан мақсадга эришолмаймиз.
Илмларнинг фойдаси очкўзлик билан олтин-кумуш тўплаш учун бўлмай, балки у орқали инсон учун зарур нарсаларга эга бўлишдир.
Суқротнинг жавоби
Қадимги юнонларда терига ёзиш одати бўлмаган эди. Келтирилишича, Суқротдан бу ҳақда сўрашганда: “Илмни тирик кишилар қалбларидан ўлик қўйларнинг терларига кўчирмайман”, деган экан.
Ёмоннинг касофати
Бир киши, иттифоқо, ўзи танимаган бир гуруҳ билан ҳамроҳ бўлиб қолди. Бу кимсалар қароқчилар бўлиб, бир қишлоқни босиб, хароб қилиб қайтаётган эдилар. У киши ўғрилар билан бирга бироз йўл босгач, қасоскорлар етиб келиб, уларни қўлга олди. Бу киши гарчи ўғриларга шерик бўлмаса ҳам, уларга қўшилгани учун азобга дучор бўлди.
Номус
Малика Клеопатра (ўз ўлкасига ёпирилиб келаётган) душман бўлмиш Август қўлига тушиб, номуси поймол бўлишидан қўрқиб, иккала кўкрагига заҳарли илон қўйган экан. Унинг ҳузурига киришганда, у тож кийиб боши билан ўнг қўлига суянганича ўтирганмиш. Шу кўйи душман қўлига тушиб шарманда бўлмасдан, обрўсини сақлаб қолган экан.
Илонлар уйқуси
Озор (март) ойининг ўрталарида денгизда юриш яхши бўлади, дейишади. Худди шу пайтда илонлар кўзларини очар, лекин ҳали совуқ бўлгани сабабли қимир этмай ётар экан. Хоразмда илонларни ер остида бир-бирига ўралиб ётганини кўрдим. Улар худди шар сингари ўралиб ётар, кўпининг боши кўриниб ҳам турарди.
Маърифат
Маърифатдаги даражаларни бир-биридан ортиқ қўймоқчи бўлган кишилар учун шундай масал тўқилган: Қоронғу кечада шогирдлари билан йўлга чиққан бир киши йўл устида тик турган нарсани кўриб чўчиган ва унинг нима эканлигини аниқлашни буюрган. Бир шогирд: “Нима эканлигини билолмайман”, деган, иккинчиси: “Уни билишга қудратим ҳам етмайди”, дея тўғрисини айтган. Учинчиси эса: “Билишнинг фойдаси йўқ, чунки тонг ёришгач, маълум бўлади-қўяди” деган. Демак, уч шогирднинг маърифати қисқалик қилган. Биринчиси — илмсизлиги, иккинчиси — ожизлиги, учинчиси — ишни кейинга суриб, устозлари олдида ожиз эканликларини кўрсатишган. Аммо тўртинчиси аниқ жавоб бермаган ва шубҳали нарсага яқин бориб, унинг ўралашиб кетган қовоқ палаги эканлигини кўрган ва уни тепиб юборган. Шундай қилиб, шогирд ўзининг маърифатлилиги билан устозини хурсанд этган экан.
Нечта камолот даври мавжуд
Ан-Нотилий шундай деган: “Инсон учун учта камолот даври мавжуд. Бири — балоғатга етиши, яъни ўзи каби бировнинг ундан бўлиши мумкин бўладиган вақт бўлиб, иккинчи етти йилликнинг (собунинг) бошидир; иккинчи “камолот” тафаккур қуввати бўлиб, унинг ақли қувватдан феълга чиқадиган вақти, яъни олтинчи етти йилликнинг бошидир; учинчи “камолот” — одам ёлғиз бўлса, ўзини, уйланган бўлса оиласини, подшоҳ бўлса, фуқаросини кутишга ярайдиган вақти”. Ан-Нотилий “камолот” муддатини бир юз қирқ йил деган, яъни инсон шу ёшгача яшаши мумкин экан.
Қулоқ ва кўздан қўрқамиз
Жамил ал-Азарий дейди: “Хурсандчилик манзилида бўлсак ҳам, қулоқ ва кўздан қўрқиб турамиз”. Чунки кўз кузатувчи аъзо саналади. Қулоқ сезгиси тешиги роғалари эса қулоқ солади — ундан ҳеч нарса яширин қолмайди.
Қуёшнинг нечта номи бор?
Ҳиндлар биргина нарсани жуда кўп исм билан атайдилар. Мисол учун қуёшни олайлик: Айтишларича, улар қуёшга мингта ном берганлар. Араблар ҳам шерни мингтага яқин исм билан атаганлар. Шернинг арабча исмлардан баъзиси ўзига мувофиқ, баъзиси эса унинг ўзгариб турадиган аҳволидан ёки ундан содир бўладиган феъллардан олинган исмлардир. Бу ҳам сиёсат.
Ёруғ тош
Абу Башар Сайрафий бир куни тоғасиникида қизиқ воқеанинг гувоҳи бўлибди. Қизил ёқут келтиришибди. Ёқутнинг ёруғида кечаси китоб ўқиш мумкин экан. Биллур билан кўрилган хатлар кўзга йўғонлашиб, сатрлар ораси кенгайиб кўринибди. Нима учун бундай кўринишини ойнак ҳақидаги китоблар ечиб беради.
Эра қандай аниқланади?
Агар бир киши ўзига маълум бир эра орқали бошқа тарихни билмоқчи бўлса, ўша маълум эрани кунларга айлантирсин. Бунинг мажмуи “асл” деб аталади. Кейин иккови, яъни маълум ва матлуб тарихлар бошланиши ўртасидаги (фарқ)ни олсин! Биз уни “таъдил” деб атаймиз. Агар маълум тарих матлуб тарихдан олдин бўлса, аслдан таъдилни камайтиради: агар маълум тарих матлуб тарихдан кейин бўлса, унга таъдилни қўшади. Бунинг жами матлуб тарих кунлари бўлади. Шу кунларда ўша тарихга тегишли йил миқдорига тақсим қилсин, бундан чиққанлар тўла йиллар, қолганлари кунлардир. Бу кунларни йиллар ойларига айлантирилади ва ойларнинг ҳар бирига биз айтиб ўтган миқдор — (кунлар)дан кераклиси берилади. Ана шулар қўш қават “тайласон”да тарихлар ораларидаги кунлар бўлади. Яна Худо билимдонроқдир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 36-сон