Ўрозбой Абдураҳмонов. Қайсарлар (ҳикоя)

Матризанинг манглайига битган ёлғизгина қизи бор. Ўзиям катта ўқишда. Омонлик бўлса, яқинда тугатиб қайтади. Қизи фермер хўжалигида ишлаган пайтлардаёқ талай-талай йигитларнинг боши Матризанинг пахса девордек қаттиқ, ўжар феълига урилиб “ёрил”ган ва қайта рўпара келмасликка сабоқ олиб кетган.
Матризанинг бир армони – қизини ўқитиш эди. Мана, орзуи ушалди. Бўлмаса, қизи тушмагур “ишлаб сизларни боқаман” ҳам деган эди. Матриза ўшанда қизини эргаштириб кетиб, нақ Тошкентдаги энг баланд институтга тест топширтириб келди. Худога шукур, худога шукур! Қани, ўқишни битириб, овулига қайтсин қани, қизини қутлуғ уяга ўз қўли билан қўндирса – Матризадан бахтли одам бу дунёда топилармикан?! Хуллас, худога айтиб юрган шукронаси кўп. Манави, хотини эса…
— Қизим ўтириб қоладиган бўлди! Бари сизнинг ўжарлигингиз касридан! Ўқисин дедингиз, қиз бола ўқиганда нима, шохи чиқармиди? – дея шанғиллайди ўқтин-ўқтин.
Шунда Матризанинг ҳам пешонаси тиришиб кетади.
— Ҳой, эси йўқ хотин! Ҳозир замон ўқиганники, билдингми? Озгина сабр қилиб тур энди, қизинг олий маълумот олиб келсин, совчи деганинг эшикни бузгудай ёпирилади ҳали. Қизалоғимнинг ҳар тола сочига биттадан йигит зор бўлади, ҳа! Мен, нима, институтни битирмаган қизимни “Ҳов, келин қилинглар!” деб, кимларнингдир бутининг орасидан ўтиб юришим керакми?, – деб койийди Матриза хотинини.
…Чоршанба. Муродбахш кунда уйига учта ёшулли кириб келишди.
“Сизларни танимайроқ турибмиз” деган гап удумимизда йўқ. Хотини дастурхонни кенг қилиб ёзиб юборди. Бир пасда қанд-қурс, олма-узум билан тўлди. Бироздан сўнг эса эшигидан келган меҳмонларнинг совчилар экани маълум бўлгач, Матриза қўрага кириб, оқ қўчқорини чалиб йиқитди. Овулнинг катхудоларини чақиришга одам жўнатди.
Барча йиғилгач, меҳмонларнинг ёши улуғроғи томоғини қириб сўз бошлади:
— “Сизларда қиз, бизларда ўғил…” деганларидай, қариндош – томир бўлайлик, деб келдик, туғишганлар. Манов Холмуродни Қумйиққан томонда танимайдиган одам йўқ. Шу инимизнинг…
Матриза бу гапларни диққат билан эшитаркан бошини кўтариб, бўлажак қуда томонга бир қараб қўйди. Холмурод деганлари индамасликни шарт қилиб келганми – жим-жит, мўмин-қобил бўлиб ўтирибди.
— Ҳм-м, яхши ният қилибсиз, баракалла. Бизга йигитнинг ким эканини, нима юмуш қилишини ҳам айтинг, — деди овулнинг катхудоларидан бири.
— Ўғлимиз сизнинг қизингиз билан бирга ўқийди. Иккови шу ёқда бир-бирини ёқтириб қолганга ўхшайди, — деди супургисоқол совчи. – Биз ота-оналарнинг фарзи – икки ёшга оқ фотиҳа бериб, уларнинг бошини қовуштириб қўйиш. “Гулни гулга қўш!” деб бежиз айтмайдилар, оқсоқол! Энди элнинг урф-одатига келсак, олди-бердимизни шошилмай, бамаслаҳат келишаверамиз-да…
Совчиларнинг савоб иши ўнгидан келгач, бўлғуси қудалар бир-бирларига “Сиз мана бу ёстиққа ёнбошланг, дастурхондаги ноз-неъматлардан олиб ўтиринг” деб мулозамат қилиб қолишди. Бош қуданинг олдига қўчқорнинг калласи қўйилди. Оқсоқоллар ўтган-кетган ҳангомалардан айтишиб, кулишиб чаҳ-чаҳлашиб ҳам олишди. Бироқ Матриза билан Холмурод бир-бири билан кўз уриштириб, ортиқча гап-сўзга йўл қўймай, таъвозе ила сипогина бўлиб… дегандай, ҳамон жим-жит эдилар.
— Ё пирим-ай, қариндошлар, бир китобда манови ўзимизнинг атшўк — сассиқпопшак деган қуш бор-ку, шунинг таърифини ёзишибди, — деб қолди бир пайт ҳалиги супургисоқол меҳмон. – Яқинда Мамбет қорининг уйидаги зиёфатда ўқиб беришганди…
— Хўш-хўш, атшўкнинг ўша китобда битилган қандай таърифи бор экан? – деди овулнинг катхудоси ёстиғини бир қўлтиқдан иккинчи ёнбошига оларкан.
— Китобда битишибдики, қадимги замонда ошиб-тошиб кетган бир бой ўтган экан. Унинг ой деса ой, кун деса кун ёлғизгина қизи бўлган экан. Бой қизини тагли-тугли, яхши бир хонадонга узатиш ниятида яшаркан. Бироқ қиз отасининг айтганига кўнмай, ўзига ёққан йигит билан тил топишибдию қочиб кетибди. Бой аччиқ устида қизига шундай дебди: “Энди менинг сендай қизим йўқ, сенинг отинг ҳам йўқ!”
“Онанинг қарғиши — йўқ, отанинг қарғиши — ўқ”, деганларидай қиз бояқиш қушга айланиб қолибди-да, “оти йўқ, оти йўқ” деб сайрайверибди. Шундай қилиб у охири “атшўк” бўлиб қолган экан…
Супургисоқол ёшуллининг айтганлари бир дастурхон атрофида ўтирганларнинг оғзига сақич бўлиб тушди.
— Ростдан ҳам, шу бечора қуш сайраганда-ям “оти йўқ”, “оти йўқ” деётганга ўхшаб кетади-я…
— “Оти йўқ” деган гап “атшўк”ка айланиб кетган-да, шундайми?
— Ундай бўлса, “атшўк-атшўк” дегани отаси айтган қарғиш экан-да…
— Атшўкни ҳар куни кўриб-тинглаб юриб, ҳеч эътибор бермас эканмиз. Китобда ҳикмат кўп-ов…
Келганидан бери жим ўтирган Холмурод шу пайт қандай гапирганини билмай қолди:
— Шу… сизлар айтаётган атшўк деган қуш бир ойгина сайрайди, сўнг япалоққа айланиб кетади…
Матриза бу гапга қўшилмади:
— Сиз ҳам янглишдингиз, меҳмон, – деди, — япалоқ бошқа қуш, атшўк бутунлай бошқа қуш.
— Йўқ, унақа эмас, атшўк билан япалоққуш – туб келиб чиқиши битта қуш. У аввал атшўк бўлиб сайраб юради-да, овози хириллаб қолгач, япалоққа айланиб қолади, — деди Холмурод.
Матриза эса бу гапга кўнмади:
— Улар бошқа-бошқа қушлар деяпман. Бу дунёда атшўк ҳам япалоққа айланадими ҳеч?
— Айланади, — деди Холмурод.
— Айланмайди!
— Айланади!
— Айланмайди!
Худо хоҳласа, қуда бўламиз, деб ўтирган иккита кап-катта одам атшўк билан япалоқнинг устида баҳслашиб кетишди. Дастурхон атрофидагилар ноилождан иккига бўлиниб, бирлари Матризани, иккинчилари Холмуродни ёқлай бошлашди.
— Ахир, япалоқ деган қушда ҳам отатеги бўлиши керак-ку, япалоқ атшўкдан чиқмаса, қаёқдан чиқади?
— Атшўкнинг ота-онаси – атшўк, япалоқнинг ота-онаси – япалоқ бўлади-да, тақсирим. Сизнингча, нима, товуқни туятовуқ туғадими?
— Йўқ, унақа эмас, атшўк япалоққа айланганидан сўнг сайрамайди ҳам, учолмайди ҳам, ерда йўрғалаганича юраверади, — деди Холмурод.
— Атшўк ҳам, япалоқ ҳам ўзича сайрайди, ўзича учади, — деди Матриза энсаси қотиб.
— Япалоқ умуман учмайди-ку!
— Учади, дедимми, учади!
Бу орада катхудо оқсоқоллар гурунгни бошқа мавзуларга буриб юбормоқчи бўлиб кўп уринишди, бироқ сира натижа чиқмади, гап айланиб келиб яна қушларга бориб тақалаверди.
— Атшўкнинг полапонлари атшўк бўлади.
— Ўшалар барибир бир куни япалоққа айланади-ку, ахир…
— Айланмайди.
— Айланади!
— Қани, айланса, туринг ўрнингиздан, кўтаринглар ўкчангизни! Сизларга қиз ҳам йўқ, туз ҳам йўқ!
— Бай-бай, сенинг қизингни оламан деб, менинг ҳам оғзим қуриб қолаётгани йўқ. Кетсам, кетавераман. Атшўк билан япалоқнинг фарқига бормайдиган одамнинг қизини олмаганим бўлсин!
— Тепага қараб сўзла, жўра, мен ҳам сенга ўхшаган япалоқнинг отаси атшўк дейдиган одамнинг зурёдига қизимни бермаганим бўлсин!
Ана-мана тўй кунини белгилаймиз деб келишиб турган ерда иккала қуда бир-бирларини қайтиб кўрмас бўлиб тарқалишди…
Матризанинг хотини яна ерни муштлади:
— Соқолларингга ўт кетсин-а сенларнинг! Соқолгиналаринг куйсин! Бир оғиз гапдан қолганингизда, нима, имонингиз куярмиди? Шу иккита қуш сабабчи бўлиб, энди қизимнинг тўйини тўхтатасанларми? Иккита қуш эмас, бу — иккита аҳмоқ… Ув-в-увв!!!

* * *
Матриза тўйнинг… барибир бўлаётганини, қизи турмуш қураётган куёв бола – ўша Холмурод ўжарнинг ўғли эканини, тўй ҳам туманда эмас, Нукусда эмас, нақ Тошкентда бўлаётганини икки ойдан сўнг – тўйга таклифнома-телеграмма келганида билиб қолди. Хотинига ола қараб, югурган эди, сўнг яна шайтонга ҳай бериб тўхтади. Хотини қичқирди:
— Боринг, Тошкентга билет олиб келинг энди! Ёлғиз қизингиздан безиб ўтиролмайсиз-ку, ахир. Туринг, оқ фотиҳа бериб, тўйини ўтказиб келайлик…
— Сен ўжарнинг хаққинг мана шу! – дейишди бирин-кетин кириб келган овул оқсоқоллари. – Ўшанда бир оғиз гапдан қолганингда, биз ҳам овулда тўй кўриб, маъраканинг паловини ердик… Қизинг бечора қачонгача чидасин? Мана, оғзингга лой чаплаб кетди. Энди атшўкингнинг ҳам, япалоғингнинг ҳам патини юлиб ўтиравер! Ўжарлигингдан ёнингга тирик жон яқинлаша олмайди. Ана энди қизингнинг тўйи Тошкентда бўлаётир…
Матриза таклифномани ўша куниёқ йиртиб ташлагани билан тўй куни яқинлашгани сайин тоқатсизланаверди.
Барча ота-оналарга теккан “фарзанд” деган дард унинг ҳам юрак-бағрини эзиб юборди-да тўй куни Тошкентга қандай учиб келганини билмай қолди. Таксига ўтириб, талабалар шаҳарчасидаги тўйхонага етиб келганида қатор тизилган столларнинг тўрида ўтирган Холмурод ўрнидан туриб кетди-ю, тўй тўхтади. Қудалар ҳув ўша атшўк билан япалоққуш воқеасини эслагандай, бир-бирига ёвқараш қилиб тикилиб қолишди. Анча вақтгача чўзилган жим-житликни бузишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади. Шунда Матризанинг кўзи оққуш мисоли чиройли кийинган қизи билан савлатли куёвига тушди. Ерга тикилиб, йиғлагудай бўлиб турган қизининг лаблари пичирлаб: “Ота, мен бахтли бўлмоқчиман, бизга фотиҳа беринг!”, дегандай бўлди. Бундай бахтиёрликни ҳис қилиш учун ҳам ота бўлиб кўриш керак экан…
Матриза секин қудаларга яқинлашди-да, қўлини чўзиб турган Холмуроднинг ёнига ўтди. Зал гувиллаб кетди. Шампанлар отилди. Тўй қайтадан бошланиб кетди. Матриза қудалари билан яхшилаб омонлик-эсонлик ҳам сўрашолмади – одамлар келиб-кетиб, кириб-чиқиб турибди, ёр-ёрлар авжига чиққан, ўртада ўйнаётганларга қараб, рақс тушиб кетгиси келади одамнинг.
Индамай ўтиришни ўзига эп кўрмадими, Холмурод гап бошлади:
— Қуда, самолёт билан Қизилқумни кесиб ўтиб келгандирсиз?
— Ҳовва, қизилми-сариқми, билмайман, ҳайтовур, худонинг кўп қумларининг устидан ўтдик, — деди Матриза ҳам суҳбатга аралашгиси келиб.
— Қумлардан ўтган бўлсангиз, шу бизнинг Нукусдан бошланадиган Қизилқум ўша…
— Билмадим, ишқилиб, айтяпман-ку ўркач-ўркач қумликлардан ўтдик деб. Ҳамма ёқда сап-сариқ қум ёйилиб ётибди.
— Шу-да шу… Шуни Қизилқум деб аташади географияда.
— Ҳой… сап-сариқ қумниям қизил қум дейдими, китобда?
— Мен шу қумнинг номланишини айтяпман, қуда, Қизилқум!
— Сариқ қум!
— Қизил!
— Сариқ!
Уларнинг товуши тобора кўтарилиб, тўй яна тўхтаб қолай деди. Ёшлар икки қуданинг тортишувига аралашолмай, ўзаро “ана бошланди” дегандай, кулишиб, терлаб-пишиб рақс тушавердилар. “Ўзлари келишиб олишар-да икки қуда. Энди кунда-кунора кўришиб турадилар-ку…” Аммо қудалар ўртасида қумларнинг ранги қизилми ё сариқлиги ҳақидаги баҳс авжига чиқиб борар, тўхтайдиган авзойи йўқ эди.
— Яхши, — деди қизариб кетган Холмурод. – Уйингизга борганимизда атшўкнинг полапонидан япалоқ чиқмайди, деб куйдирган эдингиз. Мана энди, қизил қумни сариқ деб енгмоқчисиз. Қани, юринг, бир четга чиқиб аниқлаб олайлик!
— Юринг! – деб қичқирди Матриза ҳам енгини шимариб, — шу гал сиздан қолсам, худойимнинг чап кўзига илинганим. Ўзингиз атшўк қартайса япалоқ бўлади, деганингиз етмагандай, энди мана сариқ қумни қизил қум деб ўтирибсиз!…
Иккала қуда четга чиқиб, нималарни ҳал қилиб олишди-ю, нималарга келишолмади – бизга номаълум, бироқ ўшанда ҳаммалари битта самолётда овулга қайтиб келишди…
Ўшандан буён ҳам орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Қудаларнинг бориш-келиши, бир-бирларидан хабар олиши ёмон эмас, бироқ “атшўк-япалоқ”, “сариқ қум-қизил қум” воқеаларини биладиган одамлар ҳалиям бу икки ўжар қариянинг учрашиб қолганларини кўришса, уларнинг ёнларига яқинлашгиси келмайди…
Узунқулоқ гапларга қараганда, чоллар неварали бўлибди. Лекин чақалоқ қайси бобосига кўпроқ ўхшаши тўғрисида ҳалигача баҳслашиб юришганмиш…

Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржимаси.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 48-сон