Иброҳим Ҳаққул, Муртазо Қаршибоев. ХХ асрнинг энг яхши асарлари

http://n.ziyouz.com/images/ibrohim_haqqul.jpgИброҳим Ҳаққул — адабиётшунос олим

1. ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 энг яхши асари деб қайси асарларни тилга оласиз?

Жаҳон адабиётида ўлмас асарларни санаш учун жаҳон адабиётини, ҳар қалай, атрофлича билиш керак. Мен эса, ҳатто Шарқ халқлари адабиёти намуналари билан ҳам етарли даражада таниша олганим йўқ. Аммо XX аср жаҳон адабиётидан қайта-қайта ўқилиши зарур бўлган китобларнинг сони ўндан ортади, деб ўйлайман.

2. ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши 10 асарни тилга олинг.

Ўқишга арзирли уч-тўрт китоб яратилган. Лекин инсон қалби ва руҳининг ашаддий ғаними бўлган XX асрда биргина буюк асарга эришди, холос. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Қолаверса, бу кўз нурини аяш “илми”ни билмай, дуч келган ёки мақталган ва мақталмаган китобларни ўқишдан чиқарилган бир хулоса эрур.

* * *

Муртазо Қаршибоев — мунаққид:

1. Жаҳон адабиётининг ўн буюк мўъжизасини ажрим қилиб бериш бизга қолибдими? Шу соҳанинг нонини еб, шу йўлда сочи оқарганлардан сўранг буни.
Қўрқаманки, бу қадар улкан масалалар хусусида бош қотиришга каминанинг илми ҳам, журъати ҳам етмаса керак.
Энг осон йўли дунё жамоатчилиги эътироф этган ўнта асарнинг номини айтиб кўяқолиш. Шунда сих ҳам куймайди, кабоб ҳам, бу борадаги нодонлигимиз ҳам, мутолаага танбаллигимиз ҳам билинмай кетади. Лекин дунё тан олган деб дуч келган нарсани мақтайвериш ҳам инсофданмикан? Биз учун бошқалар ўқиса, биз учун бошқалар фикрласа, бизнинг ишимиз фақат маҳлиёлиқдан иборат бўлса…
Ҳамонки, шундай савол берилган экан, кўнглимда борини айтиб қўяқолай: аввало мутолаа санъатини ўрганиб олайлик, баҳолаш бўлса қочмас.

2. Нега энди фақат XX асрда ёзилган асарларни назарда тутиш керак? Асримиз поёнига етиб бораётгани учунми? Ундай десак, фақат бир аср эмас, балки мингйиллик ҳам ниҳоя топиб бормоқда-ку? Ёки XX асрдан наридаги асарларни ҳам саноққа тортадиган бўлсак, бу тарафдагиларга бўш ўрин қолмайдими?
Башарти, адабиётимизни замонларга бўлмай, айнан ўнта асарнинг номини қайд этиш зарур бўлса, тўққизтасини Алишер Навоий ижодий меросидан танлаб олган бўлар эдим. Биттаси эҳтиёжи шарт келажак учун тургани маъқул. Шоядки, истиқболда Алишер Навоийдек яна бир буюк ижодкор пайдо бўлса…

Манба: «Ҳуррият» газетаси, 1999 йил, 12-18 май сони.