Ҳикоянинг сеҳрли дунёси (Марҳабо Қўчқорова тавсия этади)

Марҳабо Қўчқорова, филология фанлари номзоди. 1976 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. “Бадиий сўз ва руҳият манзаралари”, “Ўтмишдан эртаклар” тадқиқи” илмий монографиялари муаллифи.

Мен болалигимда ёзувчи бўлишни орзу қилардим. Мендан ёзувчи чиқмади. Аммо танлаган касбимни севаман. Бадиий матн устида тадқиқотлар олиб бораман. Илмий изланиш олиб бораётган киши бадиий матнни ҳис қила олмаса, уни кўнгилдагидек, аниқ ва атрофлича, тайинли таҳлил эта олмайди. Адабиётшуносга бадиий матнни ҳис эта билиш қобилиятидан ташқари катта билим, тезкорлик, ўйлаганларини қоғозга тушира билиш салоҳияти, кучли ирода ҳам керак. Прозани ўқиш, уни таҳлил этиш жону дилим. Замонавий ўзбек ҳикоячилиги юз йилдан зиёд умрини яшаб қўйди. Албатта, бу жанрнинг шаклланиши, тараққиётида кўпдан-кўп адибларимизнинг адабий-ижодий тажрибалири тўпланиб, бугунги қиёфага эга бўлди. Ўзбек ҳикоячилик мактабини яратган намояндалардан Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Шукур Холмирзаев, шунингдек, Аҳмад Аъзам, Нормурод Норқобилов, Шойим Бўтаев, Собир Ўнар, Исажон Султон каби ёзувчиларимизнинг ўзига хос ижодий тажрибалари бугунги ёшларга ҳам катта сабоқ бўлади. Ҳикоя прозанинг энг кичик жанри бўлгани билан унинг бағрида жуда катта бадиий дунё яшайди. Ҳикояга ҳар хил таърифу тавсифлар берилган. Аммо ҳар бир ҳикоянинг таърифи, Эркин Аъзам таъбири билан айтганда, ўзи билан бирга туғилади. Шу маънода, мен азиз муштарийларимизга қуйидаги ҳикояларни мутолаа этишни тавсия қилар эканман, уларнинг ҳар бири алоҳида адабий ҳодиса, алоҳида дунёсига, қаҳрамон ва характерларига эга нодир асарлар дея оламан. Бу сеҳрли дунёдан баҳраманд бўлинг!

Абдулла Қаҳҳор. “Тўйда аза” ҳикояси

Ўзбек адабиётида ҳикоячилик мактабини яратган Абдулла Қаҳҳорнинг 1956 йили ёзилган “Тўйда аза” асари орадан роппа-роса олтмиш йил ўтган бўлса-да, ҳамон янгилигича турибди. Эскирмайдиган ҳикоя. Леонид Ленч: “Ўлим тўғрисида кулгили қилиб ёзиш жуда қийин гап, бу фақат Чеховнинг, французларнинг қўлларидан келган эди. Бизда бунинг уддасидан чиқадиганлар кам. Абдулла Қаҳҳор эса, бунинг уддасидан чиққан. Кичик ҳикояда сийқадай туюлган воқеа унинг қалами туфайли ҳаётнинг барча жонли ранглари билан товланиб кўринади”, деган эди. Бу ҳикоя ҳақида бундан ортиқ баҳо, ажойиб таъриф бўлмаса керак. Ҳақиқатан ҳам “Тўйда аза” Леонид Ленч айтганидек, “драматургнинг дадил қўли билан” ёзилган. Ҳикоя қаҳрамони ёши ўтиб қолган доцент Мухторхон Мансуров ёш “хўрозқанд”га уйланиб, ҳаётини кулгига қўяди. Домланинг бутун умр тўплаган обрў-эътибори бир кунда шамолга совурилади. Абдулла Қаҳҳор услубига хос сатира, карикатура тасвир, ўткир киноя, танқидий руҳ ҳикоянинг ҳар бир сатрида бўртиб турибди. Ёзувчи қаҳрамонининг аянчли тақдири орқали китобхонга сабоқ беради. Ҳурматли китобхон! Моҳир ҳикоянавис Абдулла Қаҳҳорнинг “Тўй”ида қандай аза рўй берганини билмоқчимисиз?! Унда эринмасдан ҳикояни ўқиб, фикрланг…

Ғафур Ғулом. “Ҳийлайи шаръий” ҳикояси

Ғафур Ғулом замондоши Абдулла Қаҳҳордан фарқли равишда заҳарханда кулги туридан фойдаланмайди. Унинг асарларида енгил, қувноқ, айёрона кулги кўзга ташланади. Адибнинг 20-30-йилларда яратилган қатор ҳикоялари: “Элатияда бир ов”, “Фарзанди солиҳ” ва “Ҳийлайи шаръий”да фольклорга хос бадиий шартлилик воситалари бўртиб кўринади. Ҳарҳолда, Ғ. Ғуломнинг шу йилларда яратилган ҳикояларида халқ оғзаки ижодининг фош этиш, саргузаштлилик, сатирик саҳналарни уюштириш каби шартлилик табиати устуворлик қилади. Қолаверса, адиб ижодида халқ латифалари, аския жанрининг маъно нозикликлари зуҳур топган. Хусусан, “Ҳийлайи шаръий”да 20-30-йиллардаги баъзи илмсиз дин пешволари ва уларнинг қора ишларини фош этиш учун сатира, халқона нозик юмор, енгил, қувноқ кулги устунлик қилади. Масалан, “Ҳийлайи шаръий”да Мулла Дилкаш ва Мулла Абдулбоқи Марғилоний сатирик киноявий образ, улар хотин устига яна хотин олишнинг янги бир йўлини ўйлаб топишади. Мулла Дилкаш хатти-ҳаракатлари китобхонда енгил кулги ҳосил этади. Бу кулги, айни пайтда асосий бадиий шартлилик воситаси ўлароқ истифода этилган. Асар қаҳрамонлари ўз мақсадларини амалга ошириш учун қандай ҳийлалар қилганини билишни истасангиз, Ғафур Ғуломнинг “Ҳийлайи шаръий” ҳикоясини ўқинг…

Шукур Холмирзаев. “Қария” ҳикояси

Ўзбек ҳикоячилик мактабининг дарғаларидан яна бири Шукур Холмирзаевнинг “Қария” ҳикояси 1975 йили ёзилган. Вақтнинг ўтишини қаранг. Бу ҳикоянинг яратилганига ҳам роппа-росса 42 йил бўлибди. Аммо ҳикоя ҳамон ёш ва янгидай турибди. Шукур Холмирзаевнинг қаҳрамонлари кўпинча оддий одамлар бўлади. Масалан, “Қария”нинг қаҳрамони Қўзибой чол сингари. Қўзибой чолнинг касби-кори тайин эмас, ёлғиз ва мискин одам. Аммо ўлгудай чайир, меҳнаткаш, ҳалол одам. Билмадим, гапим бироз кулгили туюлар. Қўзибой чол руҳи менинг руҳимга жуда яқин. Балки у – мендирман… Қизиқ бир парадокс! Абдулла Қаҳҳор қаҳрамони Мухторхон домла ўлимни ўйламасдан, тўсатдан ўлиб қолган бўлса, Шукур Холмирзаевнинг қаҳрамони ўлимга тайёргарлик кўради, лекин ўлмайди. Қўзибой чол ўлимлиги учун йиққан пулидан айрилиб қолса-да, тушкунликка тушмайди. Бетоблик ва алдовдан сўнг, шаҳд билан супургисини кўтариб, бозорга йўл олади. Айнан шу нуқта китобхонни руҳлантириб юборади. Жарчи, равоч олиб-сотар, чўғ тайёрлаб берувчи, фаррош каби хилма-хил юмушлар билан тирикчилик қилиб юрган мискин бир чолда бу қадар ҳаётсеварлик ва курашчанликни кўриб, ҳар сафар ҳайратланаман! Шунинг учун ҳам “Қўзибой чол – менман!” дейишга жазм этдим. Адиб эзгу ният билан эккан нур қаҳрамон тийнатида балқиб турибди. Одам қандай бўлиши керак? Қўзибой чолдек бўлабилиш керак, деган бўлар эдим! “Қария” ҳикоясини ўқиб, албатта, Қўзибой чолдан ҳаётий дарс олишни тавсия этаман.

Аҳмад Аъзам. “Ойнинг гардиши” ҳикояси

Аҳмад Аъзам асарлари ўзининг ёқимли бадиий услуби, қуйма, жонли тили, қишлоқ ҳаёти ва одамлариниг ишонарли тасвирлари билан мени доим мафтун этади. Адиб ҳикоялари орасида “Ойнинг гардиши” композицион қурилмаси, фавқулодда бадиий топилмаси билан ажралиб туради. Фикримча, Аҳмад Аъзамнинг бу ҳикояси ўзбек ҳикоячилигининг нодир намунаси. Ҳикояни қайта-қайта ўқийман. Ҳар сафар ҳайратланавераман. Ёзувчининг бадиий маҳорати, соф реализм қўйнида рамзийлик нақадар усталик билан берилганини кўриб қувониб кетаман. “Шундай асар яратиш мумкин экан-ку!” – ҳаяжон қалбимни чулғаб олади. Ҳикояда биографик деталлар, қишлоқ тасвири, қоронғида эшак миниб кетаётган боланинг ой билан мулоқоти, бола ўйларидаги лирик кайфият, шунингдек, халқона қарашлар, ҳиссий кечинмали мулоҳазалар юрак-юрагингизнинг ичига чуқур ўрнашади. Назаримда, эшак миниб кета туриб, боланинг ой билан суҳбати, унинг ички монологлари, турли мавзулар ҳақида сурган ўй-хаёллари ҳикоянинг бадиий композициясини тамомила янгилаган. Ҳикояни ўқиркансиз, тун қоронғисида, эшак устида, қабристон биқинидан ўта туриб, боланинг қўрқинчлари-ю, ойдек покиза хаёллари билан бақамти яшайсиз. Ниҳоятда тиниқ, табиий, жонли тасвирларга тўлиқ ҳикоя бу! “Қўтонланган ой” тасврида бадиий шартли тимсолни кўраман. Муаллиф “қўтонланган ой” бадиий тасвири орқали аслида “қўтон ичига қамалиб қолган ўзбек миллати” ҳақида ёзмаяптимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Хуллас, “Ойнинг гардиши” ҳикояси қайта-қайта ўқишга, фикрлашга, завқланишга имкон берадиган гўзал асар!

Нормурод Норқобилов. “Қўшнилар” ҳикояси

Замондош адибларимиз орасида ҳайвонот оламини ниҳоятда тиниқ, жонли тасвирлаётган ёзувчилардан бири – истеъдодли адиб Нормурод Норқобиловдир. Бинобарин, ёзувчининг “Қўшнилар” ҳикоясида ҳам одамлар ва бўрилар ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳикоя қаҳрамони Кўкан табиатнинг ҳақиқий ҳимоячиси. Бўриларни овлашни мақсад қилган жияни Соғинтойнинг қабиҳ ниятидан қўрққан Кўкан бўриларни ўз инидан кўчишга мажбур қилади. Натижада, қўшничилик бузилади. Аммо бу қўшничиликнинг бузилиши бўриларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган. Умуман олганда, бўридек йиртқич, ёввойи жонзот ҳақида ҳамма ҳам журъат қилиб ёза олмайди. Нормурод Норқобилов бўрилар ҳаётини, характерини, яшаш тарзини жуда яхши билади. Ёзувчи табиат ва ҳайвонлар ҳаётининг теран кузатувчиси экани “Қўшнилар”да жуда табиий ва ишонарли кўринган. Гўзал табиат, ҳайвонот олами, инсон ва табиатнинг сир-синоатлари ҳақида ўқишни истайсизми? Марҳамат, унда, албатта, адибнинг “Қўшнилар” ҳикоясини ўқишни унутманг!

Собир Ўнар. “Фаришта” ҳикояси

Собир Ўнар ўз дастхати ва услубига эга ёзувчи. Адиб бир қатор қисса ва ҳикоялари билан кенг китобхонлар меҳрини қозонган. У асарларида асосан қишлоқ одамлари ва уларнинг хилма-хил характерини маҳорат билан чизади. Хусусан, ёзувчининг “Фаришта” ҳикояси номаълум бўлиб қолган бадиий ечими билан диққатимни ўзига тортди. Ҳикояда Эшбой сариқнинг қизи Мағфират етим бола Турсунбойга турмушга чиқади. Уч йилдан сўнг ғойиб бўлади. “Фаришта”дек гўзал “Мағфират қайга кетди?”, “Нимага ғойиб бўлиб қолди?”, “Биронтаси билан қочиб кетдими?”, “Ёки Турсунбой уни ўлдириб қўйдими?” (аслида бундай бўлиши мумкин бўлмаган гап! Чунки, Турсунбой юмшоқ табиатли, китобсевар, мулла бир одам) каби ҳар хил гаплар фикру ўйингизни чулғаб олади. Собир Ўнар асарларида ўз жуфтидан айрилган қаҳрамон руҳияти, тақдирига кўп бора мурожаат қилинади. “Фаришта” ҳикояси Шарқ адабиётига хос ривоявий, сокин услуби билан китобхон эътиборини ўзига жалб этади. Ва яна ўша эски гапни эслаймиз: “Адабий асар жавоб эмас, муқаррар саволдир”. Буни билишни истасангиз, албатта, “Фаришта”ни ўқинг, жавобдан оғир саволга ЖАВОБ излайсиз.

Шойим Бўтаев. “Отам нега жим?” ҳикояси

Шойим Бўтаевнинг қатор роман, қисса, ҳикоя ва эсселарида ўзига хос бадиий маҳорати кўзга ташланиб туради. Жумладан, “Отам нега жим?” ҳикояси нимагадир қалбимга ўрнашиб қолган асарлардан бири. Унча катта бўлмаган ҳикояда ортиқча тафсилот, иллюстрация, кенг воқелик ҳам йўқ. Икки хил характер жуда тиниқ ва аниқ яратилган. Хидир бува ва Ота характери. Тасвирда кўпроқ икки уруш иштирокчисининг суҳбати берилади. Асосан Хидир бува гапиради, муаллиф-ҳикоячининг отаси эса эшитади. Узун қиш кечасидаги гурунглар бола нигоҳи, бола ҳиссиётлари билан баҳоланади, ҳикоя қилинади. Хидир бува урушда кўрган-кечирганларини муболаға қилиб ошириб-тошириб гапиради. Ҳикоячи боланинг тасаввурида Хидир бува жуда улуғлашиб кетади, отаси эса унинг “геройликлари” олдида жуда кичрайиб қолади. Ҳикояда урушнинг икки иштирокчиси Хидир бува билан Ота қаршилантирилади. Болаликда улуғвор бўлиб кўринган ҳиссиётлар вақти келиб алдамчи ҳислар экани ҳикоячи томонидан аниқ эътироф этилмаган бўлса-да, ҳикоядаги бадиий ўзан ўша тарафга қараб бурилиб кетади. Асл ҳақиқат ойдинлашади. Шойим Бўтаев “Отам нега жим?” ҳикоясида асл инсон билан сохта, иймонсиз одам образини жуда маҳорат билан яратган. Яхшиси, ҳикояни ўзингиз ўқиб хулоса чиқаринг!

Исажон Султон. “Шамолли кеча” ҳикояси

Исажон Султон асарларига хос ёқимли лиризм, Шарқ адабиётига хос сокин баён, халқ эртакларининг ривоявий услуби, баъзан эса машҳур жаҳон адибларининг асарларига эргашиш каби кўпдан-кўп хусусиятлар менинг диққатимни тортади. Жумладан, ёзувчининг “Шамолли кеча” ҳикоясини олайлик. Назаримда, бу асарда халқ эртакларига хос (ўгай она ва ўгай болалар мотиви) стилизация кўзга ташланади. Ҳикояни ўқир экансиз, шамолли кечада ўгай онанинг жаврашларидан қочиб, бувиникига йўл олган ака-сингилнинг ҳиссиётларини росмана ҳис этасиз. Улар билан қадам-бақадам тўқайзордан, қўрқинчли тун қўйнидан бувининг уйигача етиб борасиз. Ярим йўлда орқада қолиб кетган сингил учун қайғурасиз. Буви билан қўшилишиб, акани сўкасиз. Одамзод доим эзгу ният билан яшайди. Ҳикоя гарчанд аканинг сингилни топган-топмагани ноаниқ хулоса билан якунлаган бўлса-да, унинг топилишини ич-ичимиздан истаймиз.
Ёзувчи ҳикояда Фарғонанинг қатор қишлоқлари номларини санайди. Назаримизда, ҳикояда истифода этилган кучли шамол нафақат табиат ҳодисаси, балки рамзий маънода жамиятдаги турли талотўплар, ғалаёнлар, руҳий зўриқишларнинг ҳам тимсоли дейишимиз мумкин. “Шамолли кеча”ни ўқинг-да, ўзингиз бир хулосага келинг!

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон