Абдуқаюм Йўлдошев 1962 йили Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Тошкент Политехника институтини тугатган (1985). “Сунбуланинг илк шанбаси” (1998), “Тимсоҳнинг кўз ёшлари” (2003), “Парвоз” (2004), “Бир тун ва бир умр” (2007), “Алвидо, гўзаллик” (2011), “Банкир” (2012), “Катта ўйин” (2013), “Пуанкаре” (2014), “Бу дунёда мўъжизалар бор” (2015) каби китоблари нашр этилган.
Ziyouz сўрови: I. Сизнингча, жаҳон адабиётининг энг сара 10 та асари қайси?
1. Франсуа Рабле. Гаргантюа ва Пантагрюэль.
2. Мигель де Сервантес. Дон Кихот.
3. Иоганн Вольфганг Гёте. Ёш Вертернинг изтироблари.
4. Фёдор Достоевский. Телба.
5. Фёдор Достоевский. Ака-ука Карамазовлар.
6. Теодор Драйзер. Женни Герхардт.
7. Жек Лондон. Мартин Иден.
8. Габриэл Гарсиа Маркес. Бузрукнинг кузи.
9. Михаил Булгаков. Уста ва Маргарита.
10. Жорж Оруэлл. 1984.
Мухтасар изоҳ: Дастлабки тўрт китоб биз болалигимиз-ўсмирлигимизда севиб ўқиган халқ достонларидан сўнг кутилмаганда юрагимизга, онг-шууримизга бостириб кирган, қалбимизни парчалаб ташлаган асарлар эди. Улар сахийлик ила ато этган ҳайратларни сўз билан тасвирлаб бериш мушкулдир. Шу сабаб бўлса керак, саҳифаларни ўзингдан ўзинг қизғанган кўйи қайта-қайта ўқишлардан сўнг, титраб-қақшаб иккита шиғирмонанд бир нарсалар битиб қўйган эканман:
“ТЕЛБА”НИ ЎҚИЁТГАН ЙИГИТ
Қўйинг, дўстлар, чорламанг, қўйинг,
Унга азоб сайру боғ бешак.
Унга фақат ёлғизлик лозим,
Унга фақат сукунат керак.
Ўз-ўзини унутиб қўйган,
Кўз ёш тўкар, чекар изтироб.
Уни телба қутқуга солган
Фавқулодда буюк бир китоб.
Мўъжаз хона унга кенг дунё,
Саҳифалар титрар субҳу шом.
Бўғиқ ингроқ, фарёдлар аро
Ваҳший таъна янграр ноаён.
Мушкул уқмоқ инсон қалбини,
Қалб бу мангу савол бежавоб.
Эҳтирослар пўртанасини,
Билмам, қай дам симирди шитоб.
Қўйинг, дўстлар, чорламанг, қўйинг,
Қўйинг, унга ором бесамар.
У ногаҳон кўтариб бошин
Қалбимизга солмасин назар.
Оташ туйғу топмагай биздан,
Сокин қалблар сафога бетоб.
Ажабланиб, дўстлигимиздан
Воз кечмасин мангуга, ҳайҳот…
(1981)
“ВЕРТЕР” МУТОЛААСИ
Сўнгги сатрларин битади йигит
(О, унда изтироб қанчадан-қанча).
Бир четда жимгина ётар мунғайиб
Суюкли ёр тутган муздай тўппонча.
Сўнг… недир портлайди, ўрлайди тутун,
Талваса ичида ўртанади жон.
Буюк қалб эгаси кўз юмди бу тун,
Вақтидан илгари бўшатилди жом.
Сарғайган саҳифа намланар яна,
Оташин юракка қиламан таъзим.
Йўқ, ўқий олмайман…
Сизлар жимгина,
Илжайиб қўясиз майиндан-майин.
Сизга нима дейин?
Не дейин сизга?
Наҳот муҳаббатдан сизга ваъз айтсам.
Сизлар-ку, илоҳий туйғу ҳукми-ла,
Мангу содиқликка ичишган қасам.
Йўқ, йўқ, сўйламанг, бас, ёлғон ҳамдардлик
Босиқ мулоҳаза, ўгитлар нечун?
Англаганим: улкан, зимистон жарлик
Бизнинг орамизга тушган кун бу кун.
Унсиз сирдошимни кўксимга босиб,
Хилват ётоғимга шошилар асно,
Нафрат оловига муздай кул сочиб
Дилда ожиз таскин бўлади пайдо:
Буюк қалб фожесин эшитиб беҳис,
Кулинг. Лекин қисматда бор аняч битик —
Сизни ҳеч ким севмас унинг каби, қиз,
Сева олмайсиз ҳам унингдек, йигит…
(1983)
Қолган дурдона китобларга бирон изоҳ беришга зарурат ҳам йўқдир. Жуда нари борса, яна бир бор “ажойиб” сифатини келтириш билан кифояланармиз.
Фақат кўнгилда андаккина хижолатпазлик пайдо бўлдики, бу рўйхатдан Гоголь (“Старосветские помещики”), Бальзак (“Сағри тери тилсими”), Толстой (“Анна Каренина”), Брехт (“Жизнь Галилея”), Марк Твен (“Гекльберри Финнинг саргузаштлари”), Диккенс (“Оливер Твистнинг саргузаштлари”), Сент-Экзюпери (“Кичкина шаҳзода”), Ильф ва Петров (“Ўн икки стул”), Камю (“Бегона), Хемингуэй (“Алвидо, қурол”), Милорад Павич (“Хазарский словарь”), Ричард Бах (“Оқчарлоқ Жонатан Ливингстон”), Айтматов (“Жамила”), Мо Янь (“Мусаллас ўлкаси)” ва ҳоказо ва ҳоказо муаллифлар ҳам жой олишга ҳақли эди… Начора, танлаш имконияти жуда катта бўлгандан сўнг одам шошиб қоларкан: унисини ёзсанг, буниси қолиб кетаётгандай…
II. Жаҳон адабиётининг энг сара 10 та ҳикояси сифатида қайси асарларни эътироф этасиз?
1. Франц Кафка. Эврилиш.
2. Акутагава Рюноскэ. Ўргимчак уясининг толаси.
3. Рей Бредбери. Қичқираётган аёл.
4. Стефан Цвейг. Номаълум аёл мактуби.
5. Хуан Карлос Онетти. Соҳил бўйлаб чопаётган Эсберг.
6. Агата Кристи. Айблов томон гувоҳи.
7. Жером К.Жером. Рўё.
8. Антон Чехов. Кучук етаклаган хоним.
9. Проспер Мериме. Маттео Фальконе.
10. Нодар Думбадзе. Кўрнамак.
III. Ўзбек адабиётининг энг сара 10 асарлари рўйхатига қайси китобларни киритган бўлардингиз?
1. Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар.
2. Чўлпон. Кеча ва кундуз.
3. Ойбек. Навоий.
4. Абдулла Қаҳҳор. Ўтмишдан эртаклар.
5. Одил Ёқубов. Улуғбек хазинаси.
6. Мурод Муҳаммад Дўст. Лолазор.
7. Шуҳрат. Шинелли йиллар.
8. Эркин Аъзам. Шовқин.
9. Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар.
10. Исажон Султон. Боқий дарбадар.
IV. Ўзбек адабиётидаги энг ўқишли бўлган 10 та ҳикоя қайси?
1. Абдулла Қаҳҳор. Даҳшат.
2. Шукур Холмирзаев. Бодом қишда гуллади.
3. Эркин Аъзам. Анойининг жайдари олмаси.
4. Мурод Муҳаммад Дўст. Дашту далаларда.
5. Хайриддин Султон. Бунчалар ширинсан, аччиқ ҳаёт!
6. Асқад Мухтор. Чодирхаёл.
7. Олим Отахон. Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза.
8. Назар Эшонқул. Шамолни тутиб бўлмайди.
9. Исажон Султон. Ота қасидаси.
10. Муҳаммад Шариф. Сомон йўли.