Абдулла Улуғов. ХХ асрнинг энг яхши асарлари

Абдулла Улуғов — мунаққид.

1. ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 энг яхши асари деб қайси асарларни тилга оласиз?

ХХ асрнинг энг эътиборли асарлари… Улар анча-мунча. «10 та энг сараси» деган мезон қўйиладиган бўлса, уларнинг қайси бирини кўрсатсам экан, деб иккиланиб қоласан, киши. Бироқ ХХ асрнинг энг эътиборли асарлари рўйхати бошида Фёдор Достоевский романлари кўрсатилса, албатта, адолатдан бўларди. Чунки бу асрнинг энг сара асарлари бўлган Жеймс Жойснинг «Улисс» («Одиссея»), Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита», Габриэл Гарсиа Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили», Томас Манннинг «Иосиф ва унинг акалари», Андрей Платоновнинг «Хандақ», «Чевенгур», «Ёшлик уммони» («Ювенильное море»), Владимир Набоковнинг «Лолита», Марсель Прустнинг «Сванга йўл» («Путь к Свану»), Август Стриндбергнинг «Қизил хона» («Красная комната»), Гайто Газдановнинг «Учиш» («Полёт»), Кнут Ҳамсуннинг «Пан», «Виктория», Андрей Белийнинг «Петербург» асарлари, Хорхе Луис Борхес ҳикоялари бағрида ҳаётни инсон дунёсини «Телба» муаллифига хос кузатиш, кўрсатиш аён бўлиб туради.
ХХ аср адабиётида «Тинч Дон» деган яна бир асар мавжудки, уни ким ёзганидан қатъи назар, беҳад мароқли, таъсирчандир.
Улкан истеъдодларнинг алоҳида битта асарини ажратиб олиб, айнан шуниси яхши, дейиш ниҳоятда машаққат. Чунки улар бир-бирига ўхшамайди. Ҳар бири ўз фазилати билан ярқираб туради. Шундай бўлса-да, Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» романи адиб ижодининг чўққиси саналади. Бу асар энг адолатли мезонлар билан ёндашилганида ХХ аср жаҳон адабиётининг энг сара ўнлиги биринчи бешлигида туришга муносиб.

2. ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши 10 асарни тилга олинг.

ХХ аср ўзбек адабиётининг энг сара ўн асари… «Энг сара»ни қайси мезонда ўлчаш керак? Агар «жаҳон адабиётининг энг эътиборли асарлари» мезонидан келиб чиқиладиган бўлса, ўзбек адабиётида шу мезонга лойиқ асар борми?
Ўзимизнинг жайдари мезонларимиз билан ёндашсак-чи… Ўнта чиқармикан? Санайликчи:

1. Чўлпон. «Кеча ва кундуз» (роман).
2. Абдулла Қаҳҳор. «Сароб» (роман).
3. Мақсуд Шайхзода. «Мирзо Улуғбек» (трагедия).
4. Одил Ёқубов. «Улуғбек хазинаси» (роман), «Кўҳна дунё» (роман).
5. Абдулла Қодирий. «Ўткан кунлар» (роман).
6. Абдулла Орипов. «Баҳор» (шеър).
7. Рауф Парфи. Шеърлар.
8. Мурод Муҳаммад Дўст. «Лолазор» (роман), «Дашту далаларда» (ҳикоя).
9. Наза Эшонқул. «Қора китоб» (қисса).

Ўнтага етмади. Лекин шу «рўйхат»нинг ўзи ҳам анча кўнгилчанлик билан тартибланди…

Манба: «Ҳуррият» газетаси, 1999 йил, 12-18 май сони.