Дўстлик кутубхонаси. Поэзия (1979-1985)

Анатолий Софронов. Жанубда баҳор. Шеърлар, поэмалар, пьеса / Ред-кол.: Б. Бойқобилов ва бошқ.; Тўпловчи, сўз боши муаллифи ва масъул муҳаррир Мирмуҳсин. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979.

Атоқли рус шоири, драматурги ва жамоат арбоби, СССР Давлат мукофоти лауреати Анатолий Софроновнинг ушбу тўпламига унинг турли йилларда ёзилган шеърлари ва «Миус», «Плиев Одесса остонасида», «Олтин қирғоқ», «Қамчи» поэмалари ҳамда «Машаққатли йўл» драмаси киритилди.


Сулаймон Рустам. Бургутлик қоялар: Шеърлар. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари поэзияси).

“Дўстлик кутубхонаси”дан чиқаётган бу китобга Озарбайжон шоири Сулаймон Рустамнинг энг сара шеърлари таниқли ўзбек шоирлари Шайхзода, Зулфия, Шуҳрат, Ойдин Ҳожиевалар таржимасида киритилди.


Демьян Бедний. Шеърим: Сайланма, шеърлар, балладалар, поэмалар / Тўпловчи: А. Алимбеков; Редкол.: …К. Яшин (редкол. раҳбари) ва бошқ. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Машҳур совет шоири Демьян Беднийнинг номи ўзбек китобхонларига яхши таниш.
Йигирманчи йиллардаёқ унинг китоблари Ўзбекистонда рус тилида, ўттизинчи йилларда эса ўзбек тилида чоп этилган. Ушбу шеърлар тўплами шоирнинг 1963 йили Тошкентда нашр қилинган тўплами асосида қайта тузилиб ва янги таржималар билан тўлдирилиб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилаётир.


Имант Зиедонис. Бедор тош: Шеърлар. Эпифаниялар. Русчадан М. Солиҳ тарж.; Редкол.: Азимов С. О. ва [бошқ.]; Сўзбоши муаллифи О. Шарафиддинов. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Латвиянинг атоқли шоири ва носири Имант Зиедонвс кўплаб китобларнинг муаллифидир. «Ҳар қудуқнинг ўз акс садоси бор», «Тик қошиқ», «Менинг тошим бедор», «Эпифаниялар», «Асал денгизга оқади» сингари шеърий ва насрий тўпламлари уни кенг китобхонлар оммасининг севимли адиби бўлиб танилишига сабабчи бўлди. Мазкур тўплам ўзбек ўқувчиларини биринчи марта Зиедонис ижоди билан таништиради. Санъаткорнинг фалсафий изланишлари моҳияти, бу изланишларнинг мураккаблиги, ахлоқий муаммолар, муҳаббат ва Латвиянинг табиати ҳаҳидаги терак ўйлар ушбу мажмуанинг мундарижасини ташкил қилади.


Мўмин Қаноат. Эътиқодим: Шеърлар, достонлар. / Редкол.: Б. Бойқобилов ва бошқ.; Тўпловчи М. Ғаффорова. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти.)

Таниқли тожик шоири, СССР Давлат мукофоти лауреати Мўмин Қаноат номи ўзбек китобхонларига яхши таниш. Унинг бир қанча шеърлари, достонларидан парчалар таржима қилиниб тўпламларда, газета ва журналларда босилиб чиққан.
Шоирнинг ўзбек тилида биринчи марта мукаммалроқ тўплам ҳолида нашр этилаётган шеър ва достонлари китобхонларимизга манзур бўлади, деб ўйлаймиз.


Жубан Мўлдағалиев. Чўл баҳори: Шеърлар, достонлар.Тўпловчи М. Мирзаев, — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Таниқли қозоқ шоири, СССР Давлат мукофоти лауреати, Қозоғистон Ёзувчилар союзининг секретари Жубан Мўлдағалиевнинг ушбу мажмуасига турли йилларда ёзган энг сара шеърлари, “Салом айтдим” ва “Сел” номли достонлари киритилди.


Олег Шестинский. Дўстларимга: Шеърлар ва достон. Ред. кол. :… К. Яшин (редкол. раҳбари; Сайёр тарж. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти.)

Ушбу китобга таниқли рус шоири Олег Шестинскийнинг танланган шеърлари жамланди. Унда Улуғ Ватан уруши фидойилари, Ленинград қамали қаҳрамонлари, дўстлик, қардошлик туйғулари, ажойиб замонамиз, тинчлик учун кураш туйғулари тараннум этилади.
«Михаил Петровнинг саргузашти» достонида эса немис-фашист босқинчилари келтирган офат, уруш ва уруш туфайли саргардон бўлган одамлар тақдири қаламга олинади.


Галактион Табидзе. Ўйноқи гуллар: Шеърлар, достонлар. [Редкол С. О. Азимов ва бошқ.; Муҳаммад Али тарж.] — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Грузин совет адабиётининг асосчиларидан бири Галактион Табидзе (1892—1959) грузин шеъриятининг инқилоби саҳифасини ва улкан намояидалар қаторида жаҳон шеъриятининг грузин шеърияти деб аталган бобини очган сиймолардандир.
Шоирнинг ўзбек тилида илк бор чиқаётган “Ўйноқи гуллар” китоби унинг инқилобгача ва инқилобдан кейинги ижоди ҳақида тўла тасаввур беради.


Расул Ҳамзатов. Бир хонадон фарзандлари: Шеърлар. Саккизликлар. Тўртликлар. Битиклар. Тоғ элегиялари. Достондан парчалар / Редкол.: С. О. Азимов ва бошқ.; Тўпловчи ва сўзбоши муаллифи: Н. Шукуров. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти.)

Доғистон халқ шоири, Ленин мукофоти лауреати Расул Ҳамзатовнинг номи бутун дунё кишилари қатори ўзбек китобхонларига ҳам яхши таниш. Унинг китоблари ўзбек тилида илгари ҳам нашр этилган.
Мазкур тўпламга шоирнинг турли йилларда ёзган шеърлари, жумладан, «Тоғ қўшиғи», «Саккизликлари», «Тўртликлари», «Битиклари», «Элегиялари» саралаб киритилди. Шунингдек тўпламдан шоирнинг «Туғилган йилим» достонидан парчалар ҳам ўрин олган.


Микойил Мушфиқ. Абадият нағмаси: Шеърлар. Озарбайжончадан Ғ. Исмоилов тарж.; (Редкол.: С. О. Азимов ва бошқ.). — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти.)

Мазкур тўпламга озарбайжон шоири Микойил Мушфиқнинг Озарбайжон тупроғи гўзалликларини, замондошларнинг юксак орзу ва истакларини, соф муҳаббатини тараннум этган сайланма шеърлари киритилди.


Владимир Маяковский. Оқ ва қора: Шеърлар, Фожиа. Достонлар / (Редкол:. С. О. Азимов ва бошқ,). — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти.)

Мазкур китобга машҳур рус шоири Владимир Маяковскийнинг лирик шеърлари. «Владимир Маяковский» фожиаси, «Иштон кийган булут», «Умуртқамнинг сивизғаси», «Севаман» достонлари тўла киритилди. «Бу ҳақда» достонидан парча берилди.


Муса Жалил. Қўшиқларим (Шеърлар). Редкол.: С. О. Азимов ва бошқ.; Сўзбоши муаллифи А. Мухтор. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти.)

Муса Жалил — татар халқининг миллий қаҳрамони, ҳаётни, инсониятни мислсиз муҳаббат билан севган, Ватанига фидо бўлган шоирдир. Унинг жаҳонга танилган машҳур «Моабит дафтари» ўзбек тилида 1959 йилда нашр этилган эди. Мазкур тўпламга «Моабит дафтари»дан олинган ва илгари таржима қилинган шеърлар билаи бир қаторда шоир ижодининг дастлабки даврига оид ва Улуғ Ватан урушининг олдинги йилларида ёзилган янги сараланган шеърлари киритилди. Янги таржималар Раззоқ Абдурашид томонидан бажарилди.


Евгений Евтушенко. Оқ қорлар: Шеърлар ва достон / [Редкол.: Б. Бойқобилов ва бошқ.]. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Атоқли рус совет шоири Евгений Евтушенконинг шеърлари инсон онгига ва виждонига мурожаат қилиб, уни ўз манфаатларининг тор дунёчасида ўралашиб қолмасликка чақиради. Яхшилик ва адолатнинг тантана қилишига ишончни йўқотмасликка ундайди.
Ушбу китоб ўз мазмуни ва пафоси билан ҳозир ер юзида рўй бераётган кескин ва алангали воқеалар билан ҳамоҳангдир.
Тўплам яхши ниятли барча одамларнинг жаҳон тақдирига ва тараққиётига алоқадорлигини тасдиқлайди.


Янка Купала. Эрк қўшиғи: Шеърлар ва поэма / [Редкол.: Азимов С. О. (редкол. раҳбари)]. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Бу китоб атоқли белорус шоири Янка Купаланинг поэма ва шеърларидан тузилди. Бу асарларда шоир жафокаш халқнинг аянчли аҳволини ҳамдардлик билан акс эттириб қолмай, уларни зулм ва истибдодга қарши озодлик учун курашга чақиради. Октябрь инқилоби ва ундан кейинги янгиликларни шодлик билан куйлайди.


Какимбек Салиқов. Жезкийик: Шеърлар, достонлар [Сўзбоши муаллифи П. Шермуҳамедов]. — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1984. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари поэзияси).

Таниқли қозоқ шоири Какимбек Салиқовнинг шеър ва достонлари ўзбек тилида биринча марта эълон қилинмоқда. Уларда Қозоғистон диёрининг бепоён далалари, гўзал табиати, меҳнаткаш одамлари, дўстлик ва биродарлик, ёшлик ва муҳаббат куйланади. Тўпламга унинг Ўзбекистон ҳақидаги шеърлари ва «Хонатлас» достони ҳам киритилди.


Егор Исаев. Умрим достони: Достонлар / (Редкол.: С. Азимов ва бошқ.). — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1984. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари шеърияти).

Ленин мукофоти лауреати Егор Исаев номи ўқувчиларга таниш ва қадрдон. Унинг «Хотира уфқи», «Хотира ҳукми» достонлари айниқса машҳур. Бу икки достон ўзбек тилида биринчи марта жарангламоқда.


Туманбой Мўлдағалиев. Йигирма бешинчи баҳор: Шеърлар ва достон (Редкол.: У. Умарбеков ва бошқ. Бовурдошларимга. Муаллифники). — Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985. — (Дўстлик кутубхонаси. СССР халқлари поэзияси).

Олатовсиз мени етим, чин етим деб билинглар,
Бизнинг уйга келганда ҳам Олатов бўп келинглар.

Бу сатрлар таниқли қозоқ шоири Абай номли Қозоғистон Давлат мукофоти ҳамда Қозоғистон Ленин комсомоли мукофотининг лауреати Туманбой Мўлдағалиев қаламига мансуб. Туманбой юрак-юраги билан қозоқ ери, қозоқ элига мафтун, шу билан бирга, қардошлик, тинчлик, инсонпарварлик ғояларига камарбаста шоир.
Т. Мўлдағалиевнинг энг сара шеърларидан тузилган мазкур китоб сиз азиз китобхонларга манзур бўлар, деган умиддамиз.