Ялпиз табиатда маданий ва ёввойи ҳолда ўсади. Унинг бир неча тури таомларга қўшилади. Булар: қалампир ялпиз, лимон ялпиз, жимжима баргли ялпиз ва ҳоказо. Улар кўп йиллик доривор гиёҳ саналиб, очиқ далада, қишда эса хоналарда ҳам ўстирилади. Тувакка экилса, баҳорда айвонга олиб чиқиб қўйиш керак.
Одамлар ялпизнинг барча турларидан неча минг йиллардан буён фойдаланиб келади. Қадимда юнонлар ва яҳудийлар ундан дил қулфини очадиган хушбўй атир тайёрлашган. Меъда-ичак, сийдик йўли хасталиклари, йўтал ва бош оғриғини даволашда ҳамда ҳашарот ва илон чаққанда ҳам ялпизнинг фойдаси кўп. Римликлар эса, асал аралашган ялпиз мусаллас ичилгандан сўнг нафас йўлини тозалашини кашф этишган. Ялпиз чойга ёки таомларга қўшиб истеъмол қилинса, танани бироз қиздиради, қон айланишини яхшилайди, хасталикдан тузалаётганда қувватни оширади.
Ялпизнинг юрак фаолиятини яхшилаши, тез-тез уриши олдини олиши, қон айланишини меъёрга келтириши ва терлатиш хусусиятлари замонлар синовидан ўтган. Ундан шамоллашда ва иситмани туширишда фойдаланилган. Ялпизнинг бўшаштирувчи ва аъзолар яллиғланишига қарши малҳамлиги маълум. Меъдада оғриқ, санчиқ, сиқилиш бўлганда, қорин дамлаганда, жиғилдон қайнаганда, меъда сустлигида, ҳиқичоқ тутганда, қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниш ва денгиз касаллигида бу неъмат ажойиб муолажа бўлади. Ялпиз таркибидаги танинлар меъдани қўзғалишдан ҳимоялайди, ичбуруғнинг олдини олади, қориндаги ярали ич қотишга шифо. Унинг таркибидаги тахир моддалар жигар ва ўт қопини мустаҳкамлайди, шунинг учун жигарни тозалаш, ўт қопи тошларини туширишда ҳам ялпиздан фойдаланилади.
Ялпиз мойи хушбўй, терини мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Шунинг учун ваннага солинади. Бош айланиш ва ҳушдан кетиш ҳолатида ҳидланади. Артрит ва бўғимлар подаграсида ялпизнинг янги узилган барглари оғриган жойга эзиб боғланади. Ялпиз таркибидаги эфир мойлари, айниқса, камфора ва ментол мойи аъзоларни совуқ урганда, бирор жой тилинган ёки чақа бўлганда газак олиб йиринглашдан сақловчи яхши антисептикдир. Шунингдек, бу мойни нафас йўллари хасталикларида ҳидлаш ва томоқ оғриғини қолдириш учун оғиз чайиш фойда беради. Ялпиз мойи тиш оғриғини қолдиради, бир томчиси қулоқ оғриғига даво.
Буюк ҳаким Ибн Сино ялпиз меъдани қувватлантиради, уни қиздиради, таом ҳазмига ёрдам беради, шиллиқ модда ва қон қусишни тўхтатади, сариқ хасталиги муолажасида нафи кўп, деб ёзган ва ялпиз билан ичдан қон кетишни даволаган.
Ялпиз пазандалик, қандолатпазлик ҳамда ликёр-ароқ саноатида кенг қўлланади. Ширин кулча, ўткир спиртли ичимликларга ялпиз ёғи қўшилади. Унинг янги узилган кўкати турли салатлар ва қатиқли нордон шўрваларга, гўштли таомларга солинади. Қуритилган ялпиз баргларидан яхна ичимлик тайёрлаш ёки уни чойларга қўшиб дамлаш мумкин.
Қуритилган ялпиз баргини чойга қўшиб ёки дамлаб ичилса, турли меъда-ичак бузилишларида ёрдам беради. Ялпизнинг озишда ҳам нафи кўп. Масалан, қишдан сўнг икки-уч кило озаман десангиз, ҳар икки соатда янги узилган ялпиз баргини ҳидланг. Бу таомдан 23 фоиз кам калория олишга ёрдам беради. Агар янги ялпиз топилмаса, қалампир ялпиз мойидан ҳидлаш кифоя.
Бош оғриганда қора ёки кўк чойни яхшилаб дамлаб, бир чимдим ялпиз қўшинг ва икки пиёлани ичинг. Орадан 20 дақиқа ўтиб бош оғриғини унутасиз. Шамолламаслик учун ҳам ялпизли чой ичиб юринг. Бундай чой руҳий безовталикни, асабийликни даф этади, уйқуни яхшилайди. Дераза токчада гултувакда ялпиз ўстирсангиз шамоллашдан қутуласиз, ўзингизни бардам сезасиз. Бир стакан қайноқ сувга бир ош қошиқ қуритилган ялпиз солиб, ўн дақиқа дамлаб ичган маъқул.
Уч-тўрт кун оқшомлари беш ош қошиқ қуруқ ялпизни дока халтачага солиб, устидан иссиқ сув оқизган ҳолда ванна олиб чўмилсангиз чарчоқ кетади, тетиклашасиз, тери тоза бўлади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 29-сонидан олинди.