Америкалик кардиолог Клайд Янси ҳар бир киши камида 90 йил яшаш, ҳатто юз ёшга етиб, уни тўйдай нишонлаш учун тўқсон фоиз имкониятга эга, деб ҳисоблайди. Олимнинг таъкидлашича, бунинг учун бор-йўғи еттита оддий қоидага, ҳар замонда бир эсга тушганда эмас, изчил риоя этиш шарт экан.
1. Кўп ҳаракат қилиш. 6-8 соатлаб ўрнидан жилмай ишлайдиган кишида 60 ёшга қадар инсулт ёки юрак хуружига учраш хавфи икки баробар юқори бўлади. Юрак шифокори Т.Огнева ҳам олимнинг фикрини тасдиқлаб, ҳар куни 40 дақиқадан кам бўлмаган вақтда фаол жисмоний ҳаракат қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Негаки, айнан шу вақт мобайнидаги фаол ҳаракатдан сўнггина организм сут кислотаси ишлаб чиқара бошлайди, аъзолар ва тўқималар кислород билан тўйиниб, юрак бир маромда ишлайди. Шунингдек, иш куни мобайнида ҳар ярим соатда беш дақиқадан зинапояларга чиқиб-тушиш ёки қисқа муддат бадантарбия билан шуғулланмоқ керак.
2. Холестерин меъёрини билиш ва уни назоратга олиш. “Ёмон” холестерин қон босими ошиши ва юрак етишмовчилигига сабаб бўлади.
Холестериннинг меъёрдаги кўрсаткичи:
– умумий — 5 ммол/л(200 мг/дл);
– сийрак зичликдаги “ёмон” холестерин (ЛПНП) миқдори — 3,5 ммол/л(130 мг/дл) ;
– юқори зичликдаги “яхши” холестерин (ЛПВП) — 1ммол/л (39 мг/дл).
30 ёшдан ўтган кишилар йилига бир марта, 45 ёшдан ошганлар эса йилига икки марта қонидаги холестерин миқдорини текширтиришлари зарур.
3. Сифатли ва ранг-баранг таомларни истеъмол қилиш. Қон томирларнинг ҳаётий фаоллигини таъминлаш ва гормонларнинг меъёрида ишлаб чиқилиши учун ҳар куни бириктирувчи тўқима (клетчатка)ларга, ўсимлик ва ҳайвонот оқсилларига, енгил ҳазм бўладиган карбон сувлар (углеводлар) ва аминокислоталарга бой таомларни истеъмол қилиш керак. Ҳар куни ҳеч бўлмаганда бирор-бир турдаги янги мева-сабзавот истеъмол қилиш одатга айланмоғи лозим.
4. Артериялардаги босимни кузатиб бориш. Ҳозир ёшлар ўртасида ҳам қон босимининг ошиши эпидемияга айланган. Маълумотларга кўра, ҳозир ёши 35-40 дан ошган кишиларнинг 40 фоизидан ортиғида қон босими барқарор эмас.
Меъёрдаги қон босими даражасининг энг ози — 115-110/70.
Энг мақбули — 120/80.
Меъёрдагиси — 120-129/80- 84
Меъёрдаги даражанинг энг юқориси — 130-139/85- 89.
Артериал гипертония — 140/90 ва ундан юқори.
5. Вазнни меъёрда сақлаш. Вазннинг 15 кг. ортиқчалиги умрни ўн йилга қисқартириши тадқиқотларда исботланган. Ёш ошиши билан белнинг ҳажмига ҳам эътибор қаратиш зарур: аёлларда бел ҳажми, қоматига қараб, 80-85 см.дан, эркакларда эса 95—105 см.дан ошмаслиги керак. Қорин атрофида ёғ тўпланиб қолиши модда алмашинуви бузилишига ҳамда қон томирлар билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади.
6. Қон таркибидаги қанд миқдорини билиш. Қорин оч пайтда қондаги нормал қанд миқдори 3,3 – 5,6 ммол/л.ни ташкил этади. Таомдан сўнг фақат 7,8 ммол/л.гача ошиши мумкин. Ундан ошгани яхши эмас. Россияда ўн миллион киши қанд касаллигидан азият чекади. Унинг асоратлари, айниқса, юрак-қон томир ҳамда организмнинг гормонал тизими билан боғлиқ хасталикларда хавфли ҳисобланади.
7. Чекмаслик. Чекишни ташлагандан сўнг, орадан 15 йил ўтгандан кейингина организм ўзини тўла тиклаши мумкин экан. Энг охирги тамакини чеккандан кейин орадан бир неча соат ўтгач никотин билан заҳарланган организм ўзини тиклай бошлайди. Бинобарин, чекишни қанча эрта ташласангиз, узоқ умр кўриш имкониятингиз шунча ортиши мумкин.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 16-сонидан олинди.