Сўнгги пайтларда дунёнинг қайсидир бурчида ўрмон ёнғинлари ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келадиган бўлиб қолдик. Оловнинг шиддатли тарзда катта-катта ўрмонларни эгаллаб, уларни йўқ қилаётгани, ўт ўчириш ишлари бесамар кетаётгани мазкур хабарларнинг асосий мавзуси. Баъзиларимиз, наҳотки шунчалик даражадаги техника тараққиёти ҳам оловни ўчириш ёки кенгайиб кетишининг олдини олишга ожизлик қилаётган бўлка, деб ўйлаб ҳам қоламиз.
Ёки қандай қилиб ўрмонларда ўз-ўзидан олов чиқиб, катта-катта ҳудудлар куйиб кул бўлаётганига ақлимиз етмайди. Ҳўл шох-шаббалар ҳам шунчалик тез ёнар эканми?
Хўш, ўрмон ёнғини ўзи нима? У қандай келиб чиқади? Уни бутунлай тўхтатишнинг иложи борми? Мана шундай саволларга жавоб топиш учун турли манбаларни ўрганиб, уларга жавоб топиш билан бирга яна аллақанча қизиқарли маълумотларга ҳам эга бўлдик. Қуйида ана шуларнинг айримларини сиз билан баҳам кўрамиз.
Ёнғин қандай бошланади?
Ўрмон ёнғинлари аслида табиий ҳодиса ҳисобланади. Бундай ёнғинлар Австралия, Жанубий Африка ва АҚШнинг Калифорния ўрмонларида тез-тез учраб туради. Одатда ёз ва куз фаслларида ёнғинлар кўп рўй беради. Чақмоқ чақиши, одамларнинг эҳтиётсизлик билан ўрмонларда гулхан ёқиши, вулқон отилиши ва ер ости кўмир конларининг ёниши каби ҳолатлар ўрмонда ёнғин чиқишининг асосий сабаблари ҳисобланади. Ҳаводаги иссиқ оқимлар, қурғоқчилик, тсиклик иқлим ўзгариши ҳам ёнғин келиб чиқишига олиб борадиган омиллардир. Қурғоқчилик даврида ерга тўкилган шохлар, хазонлар қуриб тез ёнувчан ҳолга келади. Натижада, табиий ёки бошқа сабабларга кўра ҳосил бўлган кичик учқун ҳам оз фурсатда бутун ўрмонга ёйилиб кетиши мумкин. Олимлар фикрига кўра, дунёнинг исиши қурғоқчиликни кучайтириб, ўрмонларда олов чиқиш хавфини янада оширган. Бундай табиий ёнғинлар ўтлоқ жойларда ҳам учраб туради.
Қурғоқчилик ва кучли шамол оловни тез атрофга ёяди. Қолаверса, ўрмондаги аксар дарахтлар барги, танаси ёғли бўлиб, бу уларнинг ҳўл бўлишига қарамай гуриллаб ёнишига сабаб бўлади.
Ҳар йили дунё бўйлаб ана шундай оловларнинг ҳосил бўлишидан миллионлаб гектар ўрмонлар ёниб битади. Ўрмонлар ёниши эса экология, иқтисод ва соғлиқ учун катта зарардир.
Ёнғиннинг маълум даражаси, аслида, ўрмонларнинг қайта янгиланиши учун зарур ҳисобланади. Меъёридан ошиб кетганда эса у ўрмонларни яксон қилиши билан катта ижтимоий ва иқтисодий зарар келтиради. Қуруқ тропик ўрмонларда табиий ўрмон ёнғинлари тез-тез учраб туради.
Кучли ёнғин ўрмонларнинг тузилиши ва структурасини ўзгартириб юборади. Ёнғиндан бўшаган ерлар тезда бегона ўсимлик ва дарахтлар билан қопланади. Деҳқонлар учун ёнғин ҳосилнинг ва ҳатто ҳаётларининг бой берилишидир. Урбанизация натижасида бугун турар-жой бинолари қурилишининг ўрмон ҳудудларигача етиб келиши бундай ёнғинларда иқтисодий зарарнинг янада каттароқ бўлишига олиб
келяпти, холос.
1997-1998 йилларда Индонезия, 2001-2002 йилларда Австралия ўрмонларида содир бўлган ёнғинлар келтирган зарар катталиги жиҳатидан ўрмон ёнғинлари тарихида алоҳида из қолдирди. Ушбу офат Индонезияда 75 миллион одамнинг ҳаётини издан чиқарди, улардан 40 минги астма, бронхит, пневмания, кўз ва тери касалликлари туфайли касалхоналарга ётқизилди. Етказилган зарарнинг умумий қиймати 9.3 миллиард доллар, деб баҳоланди.
Ўрмонзорлардаги ёнғинлар ўрмон экотизимининг табиий бир қисми экани ҳақидаги фикр бугун фанда кўпчилик томонидан қабул қилиняпти. Ҳатто айрим ўсимлик-дарахтлар бундай ёнғинлардан омон қолиш стратегиясига ҳам эга. Масалан, баъзи дарахтларда оловда куймайдиган махсус уруғлар бўлади. Ёки ёнидаги бошқа ўсимликлардан қутилиш учун айрим дарахтлар олов чиқариш хусусиятига ҳам эга бўлар экан. Улар баргларида тез ёнувчан ёғ ишлаб чиқаради ва ўз атрофида аланга чиқиш хавфини оширади.
Лекин Жанубий Калифорния ва Америка жануби-ғарбидаги даштлар экотизими бундай ёнғинлардан катта зарар кўрмоқда. Бу ерда оловларнинг меъёридан ошиб кетгани маҳаллий дов-дарахт ва ўсимликларнинг қирилиб, ўрнини бегона ўсимликлар эгаллашига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, ўсимлик буғланган сувнинг ўрнини ердан томири орқали сув олиш ҳисобига тўлдириб туради. Агар бу жараён бузилса, ўсимлик қурийди ва ундан этилин ёнувчи гази чиқади. Айни шу газ тўпланган ҳудудларда олов чиқиш эҳтимоли юқори бўлади. Демак, ўрмонларда юзага келадиган ёнғинлар, одатда, ана шундай табиий сабабларга кўра ҳосил бўлади.
АҚШнинг Невада Ер Бошқарув бюроси ўрмон ёнғинларининг бир неча тури бўлишини аниқлаган. Улар тезлиги, ёйилиши ва бошланишига кўра турлича бўлади. Айримларида олов ва чўғ парчалари шамол ёрдамида учиб, ҳатто йўл, дарёлардан ошиб ўтиб, бошқа ҳудудларда янги оловларни келтириб чиқарар экан. Масалан, Жанубий Калифорниядаги ёнғин Санта Ана шамоли таъсирида бир кунда 60 километр масофагача тезликда, соатига 1000 акр (4 кв. км.) майдоннинг кулини кўкка совуриш кучига эга.
Ёнғиннинг олдини олиш мумкинми?
Бир неча ўн йиллар давомида АҚШ Ўрмон Хизматининг сиёсати барча ўрмон ёнғинларини бартараф этиш эди. 60-йилларга келиб бу сиёсатнинг тўғрилигига шубҳа туғилди ва ўрмонлардаги ёнғиннинг маълум даражаси табиий бўлиб, бу ўрмон тсиклик ҳаёти учун ҳатто фойдали экани аниқланди. Натижада оловларни бутунлай ўчирмасдан, балки уларни назорат остига олиш дастури ишлаб чиқилди.
АҚШда бир йилда ўртача 4.3 миллион акр (17000 кв. км.) ер ёниб кул бўлади. Сўнгги йилларда федерал ҳукумат йилига оловни ўчириш учун 1 миллиард доллар сарфламоқда. 2002 йил ўрмон ёнғинлари борасида рекорд йил бўлди. Чунки Аризона, Калифорния, Колорадо ва Арегон штатларида улкан ёнғинлар содир бўлди.
Зарари катта бўлган ёнғинларнинг олдини олиш ёки уларнинг зарарини камайтириш учун турли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Масалан, об-ҳаво ўта қуруқ бўлмаган даврда атайлаб ўрмонда тўпланиб қолган ортиқча ўтин, шох-шаббаларни ёқиб улкан ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш мумкин. Ёки ортиқча ёнғин чиқарадиган дарахт ва кераксиз ёқилғи воситаларидан ўрмонларни олов ёқмасдан тозалаш керак.
Олов чиқиш эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда яшовчи одамлар одатда уйларини қуришда оловга чидамли материаллардан фойдаланишади ёки уй атрофи олов оладиган нарсалардан холи қилинади.
Маҳаллий одамлар бундай ёнғинлардан омон қолишнинг анъанавий усуларидан ҳам фойдаланишади. Улар ўрмон ичида дарахтлардан холи, ери ағдарилган очиқ майдонларни яшаш учун макон қилишади.
АҚШда ўрмон ёнғинларини ўчириш борасида яхши тажриба тўпланган. 2004 йили АҚШ ўт ўчирувчилари янги ўт олган ёнғинларнинг 99 фоизини катталашмасдан бурун ўчиришга муваффақ бўлишди. Аммо назорат қилиш имконсиз бўлган бошқа ёнғинлар келтираётган зарар ҳануз юқорилигича қолмоқда.
Тарихда ҳажми ва зарарининг катталиги билан алоҳида ном қолдирган ёнғинлар бор. Масалан, 1910 йил АҚШнинг Монтана ва Айдаҳо штатларида улкан ёнғин содир бўлган. У пайтлар ўт ўчириш воситалари яхши такомиллашмаган эди. Шунинг учун бу ёнғин узоқ вақт давом этиб, катта ҳудудни эгаллаб олган ҳамда штатлар иқтисодига улкан моддий зарар етказган.
Собиқ иттифоқда юз берган Курша -2 ёнғини ҳам замонавий дунёда содир бўлган йирик ўт балоси эди. Даҳшатли олов 1200 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Бу мудҳиш воқеа ҳали-ҳануз тарихда энг қора кун сифатида ўрганилади.
1987 йили Шимолий Калифорния ва Жанубий Орегонда бошланган ёнғин ҳам оз фурсат ичида 650,000 акр (2600 кв.км.) ҳудудни, 1988 йилги Сариқтош Миллий Парки ёнғини эса 793,880 акр майдонни кулини кўкка совурган. Уни фақат тўсатдан ёққан қоргина тўхтата олди.
Ўрмон ёнғинлари яна давом этадими?
Ўрмон ёнғинлари яна давом этади. Чунки, мақоламиз аввалида таъкидлаганимиздек, бу ҳодиса аслида табиий жараёндир. Табиат мана шундай қўпол кўринувчи усуллар билан ўзида мувозанатни сақлаб туради. Масалан, йиртқич ҳайвонларнинг заиф жониворларни овлаб ўлдириши табиатда мувозанатни сақлаш учун зарур бўлган жараён эканини эшитганмиз. Ёки бизга фақат зараркунанда бўлиб кўринадиган кўплаб ҳайвон ва ҳашаротлар бор. Булар нима учун яратилган экан, деб бошимиз қотади. Теранроқ ўйласак ва мутахассислар фикрига қулоқ тутсак, ҳар бир жонзот, ҳатто бир тош парчаси ҳам бежиз яратилмаганига, ҳар бирининг табиатда ўз вазифаси борлигига амин бўламиз. Бунга бир мисол. Ўтган аср Хитойда атроф-муҳитга катта зарар келтираётган бир қуш турини ёппасига қириш амалиёти ўтказилган эди. Аммо тўсатдан деҳқончиликнинг кушандаси бўлган бошқа бир ҳашарот тури кўпайиб кетиб, мамлакат қишлоқ хўжалиги оғир йўқотишга учрай бошлади. Натижада, мамлакатда яна ўша йўқолиб кетган қушларни
кўпайтириш бўйича янги ҳаракат бошланади. Чунки зараркунанда ҳашаротларни кўпайиб кетишдан асраб турган воситалардан бири мана шу қушлар экани аниқланган.
Ўрмон ёнғинларининг меъёрдаги даражаси ҳам аслида табиатдаги табиий жараённинг бир қисмидир. Улар табиатдаги мувозанатни тиклашга ёрдам беради.
Аммо улкан ёнғинлар инсон жиловига бўйсунишни хоҳламай, исталган пайтда исталган ҳудудда бош кўтариши мумкинлиги ҳам бор гап. Меъёрдан ортиқ бундай ёнғинларнинг келиб чиқишига ҳам аслида инсоннинг ўзи айбдор. Чунки дунёнинг исиши, қурғоқчилик каби глобал муаммолар ва улар келтириб чиқараётган оқибатлар башар фарзандининг экологияга нисбатан қилаётган қўпол муомаласига табиатнинг бераётган одил жавобидир. Биз табиатга, Она Ерга шафқатсизларча муносабатда бўляпмиз. Уни асраб-авайламаяпмиз.
Ақлли одамлар яхши билишадики, ҳар бир хатти-ҳаракатимизга жавоб бериш бор. Демак, бундай зарарли ёнғинларнинг олдини олиш ҳам яна келиб ўзимизга тақаляпти. Бизни бағрида тарбиялаб вояга етказган, биз учун ҳар хил неъматларни бераётган Она Ерни асраш биз Ер фарзандларининг муқаддас бурчимиздир. Агар биз ушбу мажбуриятимизни унутсак, бу хатти-ҳаракатларимиз жавобсиз қолмайди. Экологик вазият эка сиёсий чегараларни тан олмайди. Бир ҳудудда рўй берган муаммо қўшни давлатларга ва ҳатто бутун дунё экотизимига салбий таъсир қилиши мумкин. Айни шу масалани тушунган дунё ҳамжамияти бу борада давлатлар ўртасида амалий ишларни олиб боряпти. Аммо қилинаётган ишлар ҳали етарли даражада эмас.
Беҳзод Мамадиев