Хитойдаги Цзилин университети олимлари тухум оқсили истеъмоли артериал қон босимини туширишга ёрдам беришини аниқладилар. — «Тухум оқсили гипертониянинг олдини олиш ва даволашда фойдали бўлиши мумкин. Биз ўтказган тажрибалар бу борадаги аввалги маълумотларни тасдиқлади»,— дейди тадқиқот муаллифи Жипенг Ю.
Тухум оқсили айрим дори препаратларидан қолишмас экан. Ҳолбуки, шу вақтга қадар тухумда холестерин жуда кўп деб ҳисоблаб келинарди. Олимлар бунинг сири тухум оқсили таркибидаги моддаларда, деб ҳисобламоқда. Айнан улар юрак хасталикларини келтириб чиқарадиган омиллардан бири бўлган қон босимини туширишга ёрдам беради. Тухум оқсиллари истеъмоли беморлар қон босими меъёрини назорат қилишга кўмаклашади.
Мутахассислар тажриба чоғида қон босими юқори бўлган сичқонларни тухум оқсили таркибидаги пептид моддаси билан озиқлантириб, шундай хулосага келишди. Энди тухум оқсилининг бу хусусияти одамларда ҳам синаб кўрилади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 16-сонидан олинди.