Туш кўрасизми?

Шундай ҳолат борки, унда инсон ҳаракатланса-да, ўйлаш ва ҳис қилишдан маҳрумдир. Бу пайтда у ўзини англай олмайди. Шунга қарамай унинг қон томирлари уришда давом этади, юраги бир торайиб, бир кенгаяди. Ўпкаси эса ҳаётбахш ҳаво олиб ишлайверади. Бу таърифланган ҳолат уйқу эканлигини зийраклик билан топган бўлсангиз, ажаб эмас. Ҳа, барчамиз уйқуни яхши кўрамиз.

Ҳатто умримизнинг учдан бир қисми уйқу билан ўтиб кетишини баъзида пайқамай ҳам қоламиз. Чунки уйқу асносида табиат бизнинг ҳаёт ташвишларидан чарчаган асабларимизни аллалайди, миямизга дам беради ва руҳимиз ором топади. Асабларимизнинг бўшаши ва миямизнинг дам олиши натижасида руҳимиз озодликка чиққандек бўлади. Бу ҳолат биз деярли ҳар куни кўраётган тушларимиздир.

«999 туш таъбири» китобида айтилишича, тушлар уч хил бўлади: илоҳий, шайтоний ва инсоний тушлар. Илоҳий тушда яхши хабарлар етказилади ва бўлажак бир воқеа хусусида огоҳлантирилади. Шайтоний тушлар қўрқинчли бўлиб, киши ваҳимага тушади. Инсоний тушларни кундалик тушлар деб шарҳлаш мумкин. Бу туш кишининг ўнгидаги кечинмалари, ўйлари, руҳий ва жисмоний ҳолати таъсирида содир бўлади. Шунингдек, китобда шайтоний ва инсоний тушлар таъбир қилинмайди, чунки улар хабар билдирмайди, дейилган.

Гален, Гиппократ, ар-Розий  ва Ибн Сино фикрлари бўйича, инсон мижози қандай бўлса, туши ҳам шунга яраша бўлар экан.

Масалан, ўта иссиқ мижозли одам жуда қотиб ухлаб, оғир тушлар кўради. Ўрта даражада иссиқ ва ўртача қуруқ мижозли одамлар эса енгил ухлаб, ёқимли тушлар кўрар экан.

Уйқу масаласида буюк табибимиз Ибн Сино «Инсон овқатга тўйиб ухлаганда алоқ-чалоқ тушлар кўриши билан бирга пишиб терлайди, бу тарзда ухлаган одамнинг руҳи дам олмайди, агар кам овқатланиб ухласа, яхши тушлар кўриши мумкин. Бу ҳолатда уйқу ўз жойини топади, қон айланиши мўтадиллашиб, кишига янгитдан куч бағишлайди» дейди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, кундузги уйқу ҳам турли хил касалликларни юзага келтирар экан. Кундузги уйқу тери рангини ўзгартиради, асабларни бўшаштириб, одамни дангаса қилади, иштаҳани бўғади, ҳатто безгак касаллиги ҳам шу туфайли қўзғалиши мумкин. Чунки кундузги уйқу оз бўлиб, инсон организмига етарли даражада дам беролмайди.

Туш кўришни масофадан туриб фикр узатиш деса ҳам бўлади. Чунки туш кўриб кашфиёт қилган ёки буюк асарлар ёзган адиблар, олимлар ҳақида кўп эшитганмиз. Масалан, Абдулла Қодирий «Меҳробдан чаён» романини ёзишдан олдин Солиҳ Маҳдумни тушида кўрганлигини ўзи эътироф этади. Ёки Д.И. Менделеев барча кимёвий элементларни тушида кўргач, ўз жадвалини яратади. Шунингдек, машҳур скрипкачи Тартани кўрган туши таъсирида «Шайтоний шодиёналар» сонатасини яратган.

Туш кўрган одам ўша воқеаларни тушунмаса ва уларни йўя билмаса, ҳар кимга ҳам мурожаат қилмаслиги лозим. Тушни билимдон ва хушмуомала таъбирчига айтиш керак, дейилган ҳадисларда.

Халқимизда «Тушингни сувга айт» деган нақл бор. Бу мақол ҳозирда кинояга айланган. Яхши-ёмон тушни ҳам оқар сувга айтиш керак, бинобарин, сув тушларнинг ёмонини оқизиб кетади, барча ғуборларни тозалайди.

Тиббиёт ходимларининг кузатишича, инсон тунги 1 дан то 4 гача мириқиб ухлар экан. Бу пайтда инсон тана ҳарорати 36,2дан 35 даражага тушиб кетар экан. Демак, уйқу бизнинг тана ҳароратимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатиб,  кейинги кунга янгидан куч бағишлар экан.

Азиза Ҳайдарова тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди.