Фараз қилинг: сиз сершовқин шаҳарда яшайсиз – кўп қаватли уйлардан бирида, яна денг, унинг энг тепа қисмидаги хонадонда яшайсиз. Эрталаб уйқудан уйғонгач, бошпанангизни шамоллатмоқчи бўлиб деразани очасиз. Шу асно беихтиёр ўзингизникидан пастроқ уйлар томига бирров назар ташлайсиз. Назар ташлайсизу, илкис ҳушёр тортасиз. Кейин томларда гуркираб-яшнаб ўсаётган анвойи гулларга, кўм-кўк майсаларга, турфа хил бута ва дарахтларга боқиб, дилингиз яйрайди. Еру осмон оралиғидаги яшилликдан кўзингиз қувнайди…
Э, йўқ, эътироз билдиришга андак шошманг, бу шунчаки хомхаёл эмас, балки дунёнинг айрим минтақаларида аллақачон амалга ошган ҳақиқатдир!
Зеро, ҳозирга келиб, шаҳарларнинг экологик ҳолатини яхшилаш энг долзарб масалалардан бири сифатида жумлаи жаҳоннинг эътиборини ўзига жалб этмоқда. Бир гуруҳ мутахассислар бу борадаги муаммоларни ижобий ҳал этишнинг самарали чораларидан бири сифатида одамлар яшайдиган кўпқаватли уйлар, катта-кичик корхона-ташкилотлар ва муассасалар жойлашган бинолар томларини кўкаламзорлаштириш даркор деган фикрни дадил олға сурмоқдалар.
Уларнинг таклифига кўра, томларда ҳам худди ердагидек чоғроққина майсазор, гулзор, иҳотазор барпо этилади. Бу шаҳар хўжалигига оид қатор муаммоларни ижобий ҳал этиш имконини беради. Аввало, чанг-ғуборларни ютиб, экологик мусаффоликни таъминлайди. Иккинчидан, кучли қор-ёмғир ёки жала ёғиши туфайли ҳосил бўладиган оқова сувларни камайтириб, маҳаллий канализация тизими ва сув тозалаш иншоотларини зўриқиб ишлашдан халос этади. Учинчидан, ёз кезлари кўпқаватли уйларнинг томлари, паст-баланд бинолардан иборат даҳа-мавзелар ҳавоси ҳаддан зиёд зиёд исиб кетишининг олдини олади.
Мана, ўзингиз бир қиёслаб кўринг: ҳаво ҳарорати Сельций шкаласи бўйича 27 даражага кўтарилган, қуёш кун бўйи нур сочиб турган пайтда битумланган ва оққа бўялган том 49 даражагача, қора бўёқ билан бўялгани 82 даражагача қизийди. Агар у ўсимликлар билан бурканган бўлса, ҳарорати 29-30 даражадан ошмайди. Демак, жазирама пайтлари кўпқаватли бинолар хоналарини электр асбоб-ускуналар воситасида салқинлатишга ҳожат қолмайди. Бу айни мақсадда ишлатиладиган бебаҳо энергияни тежаш, ортиқча сарф-харажатлар олдини олиш имконини беради, бинобарин, электр станцияларининг тиғиз дамларда ҳам зўриқмасдан, бир маромда ишлашига муайян даражада ҳисса қўшади.
Европа шаҳарларида томларни кўкаламзорлаштириш ўн-ўн беш йилдан буён амалга ошириб келинаяпти. Токиода эса шаҳарда мавжуд ўртача катталикдаги ва йирик биноларнинг ҳар бештадан биттасининг устки қисми албатта яшилликка бурканган бўлиши керак, деган талаб ўртага қўйилаяпти. АҚШда бу борада Чикаго шаҳри пешқадамлик қилаяпти. Ушбу шаҳарда, биринчи навбатда, янги қурилаётган, сўнгра эски уйлар томларига турли-туман ўсимликлар экилаяпти.
Ҳозирга қадар ўтказилган синов натижаларига қараганда, яшил томларда парваришлаш учун энг мақбул ўсимликлардан бири семизак ҳисобланади. Негаки, у иссиққа ва захга чидамли бўлиб, секин ўсади ва баргларида намликни кўп тўплайди.
Энг муҳими, қандай ўсимлик экилишидан қатъи назар, юзаси йирик томларни қисман ёки тўлиқ кўкаламзорлаштириш фойдадан холи бўлмайди. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, тупроқ танлашга алоҳида эътибор қаратиш керак. Иложи бўлса, табиий тупроқдан фойдаланмаган маъқул. Чунки у нисбатан оғир ва ёғингарчилик таъсирида зичлашиши тайин. Оқибатда унинг ўзида намликни сақлаш ва ўсимлик илдизига ҳавони етказиб бериш хусусияти камаяди. Шу боис оддий тупроқ ўрнига сунъий материаллар, жумладан, гил ёки гилсимон сланец, яъни куйдириб совитилган, органик аралашмалар ва ўғитлар билан бойитилган тоғ жинсларини ишлатиш ўринли бўлади.
Томларни кўкаламзорлаштиришда тупроқнинг қай тарзда, қандай қалинликда ва неча қават қилиб тўшалиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Борди-ю, унинг қалинлиги 75 миллиметр атрофида бўлса, намликка тўйинганда ва паст бўйли ўсимликлар экилганда ҳар квадрат метр юзага 70 килограммдан 120 килограммгача оғирлик тушиши мумкин. Тупроқ қалинлашса, бу вазн ўз-ўзидан ошади. Шу билан бирга, томда турли майсазор ва гулзорлар яратиш, буталар ва баланд бўйли дарахтлар ўстириш имконияти кенгаяди. Фақат бунинг учун кўпроқ маблағ сарфланади. Айни чоғда, ўсимликлар ривожланиб каттаргани, обиҳаёт ва ҳавога талаби ошгани сайин тупроқ қатламини мустаҳкамлаб боришга, қор-ёмғир сувларининг томда тўпланиб қолмай, махсус тарновлардан пастга оқиб тушишини таъминлашга тўғри келади.
Жонли томёпқичларни барпо этиш учун ҳар бирининг ҳажми 1 квадрат метрга тенг, бир хил қалинликдаги тайёр модуллардан фойдаланиш мумкин. Уларни бир-бирига уласангиз, томга қопланадиган ва устига тупроқ тўшаладиган яхлит шаклга келади. Ўта зич бириккани учун бинонинг усти қисмига ёки хоналар шифтига сув сизишининг олдини олади.
Турган гап, томларни кўкаламзорлаштиришнинг ўзига хос ташвиш-камчиликлари ҳам бор. Айтайлик, баъзи уйларнинг, айниқса, анча йиллар бурун қурилган иморатларнинг томлари етарли даражада мустаҳкам бўлмаслиги, демакки, яшил ёпқичлар оғирлигига дош беролмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Лекин бу муаммони ижобий ҳал этиш, ҳар қандай томни бемалол қаҳва ичадиган, тушлик қиладиган, қуёшда тобланадиган, жилла қурса, тоза ҳаводан тўйиб нафас оладиган баҳаво ва хушманзара жойга айлантирса бўлади.
Абдунаби Ҳайдаров