Маълумотларга кўра, одамларнинг эллик фоизи гастрит (ошқозон шиллиқ пардаларининг яллиғланиши), шаҳарликларнинг тўқсон фоизи эса меъда-ичак муаммоларидан азият чекишаркан. Экспертлар фикрича, бунга кўп ҳолларда ошқозонни соғлом тутишга доир оддий қоидаларга риоя этмаслигимиз сабаб бўларкан. Хўш, бу қоидалар нимадан иборат? Профессор О.Драпкина бу қоидаларни бештага ажратиб таҳлил этади.
Биринчи қоида. Нонушта. Меъда-ичак йўлини ҳамиша соғлом сақлашнинг илк шарти тўйимли нонуштадир. Турли ёрмалар ва буғдой нон ҳар кунги тўғри нонуштанинг асоси ҳисобланади.
Бунга бир бўлак қайнаб пишган гўшт ёки пишлоқ қўшсангиз янада яхши. 25 ёшдан сўнг сариёғ ейишнинг ҳожати йўқ, бироқ аёллар оз-оздан сариёғ истеъмол қилишса, терини ёш тутиш учун А дармондорига эга бўлишади.
Гарчи, кўпчилик қаҳвани зарарли ҳисобласа-да, унинг таркибида сирка ва олма кислоталари, минерал моддалар мавжуд. Меъдани эрталабдан яхши ҳаракатлантириш учун сут ёки ёғсиз қаймоқ қўшилган бир пиёла қаҳва ичган маъқул. Қаҳванинг эритиладигани ҳам, талқони ҳам бўлаверади. Фақат эритиладиган қаҳвада кофеин камроқ. Фин олимлари тадқиқотида кунига уч пиёла (кофеин миқдори 300 мг.гача)дан оширмай қаҳва ичиб туриш инфарктнинг олдини олиши аниқланган. Мабодо эрталаб нонуштага иштаҳангиз бўлмаса, тунда овқатланишни тўхтатинг, шунда, албатта, эрталабки нонуштани одат қиласиз. Нонуштадан сўнг, албатта, кундуз соат 12 да тамадди қилиб олинг. Ғарбда ланчга одатланишган, биз учун эса энг яхшиси бирор мева истеъмол қилишдир. Шунга одатлансангиз, тушлик вақти соат 14.00 га тўғри келади. Ҳар куни тушликда, албатта, бирор суюқ овқат ичинг. Карам шўрва жуда фойдали, у гўштсиз бўлса, янада яхши. Лавлаги ҳам ажойиб неъмат бўлиб, у саратонни қўзғатувчиларга қирон келтириши билан ажралиб туради. Тушликда, албатта, лавлаги енг.
Сўнгги таомни 19.00дан кечга қолдирманг. Қийин бўлса ҳам шунга одатланиш шарт. Шунда уйқу равон бўлади. Агар озмоқчи бўлсангиз, кунига саккиз маҳал, ҳар сафар бир пиёлача миқдорида, тамадди қилинг. Соғлом одам кунига икки литрча суюқлик ичиши зарур.
Иккинчи қоида. Пиёда юриш. Меъда-ичак йўли меъёрида ишлаши учун жисмоний фаол бўлишнинг аҳамияти катта. Қимматбаҳо фитнес зарур эмас. Энг қулайи соатига беш километр тезликда кунига бир соатдан пиёда юришдир. Яхшиси бу машғулотни уйқудан олдинги сайр сифатида амалга оширсангиз, ҳар жиҳатдан соғлом бўласиз.
Учинчи қоида. Тиббий назоратдан ўтиш. Меъда-ичак йўли яхши ишлаётганига ишонч ҳосил қилиш учун поликлиникага бориб, энг оддий кўриклардан ўтиб туринг. Аввало, қондаги қанд миқдорини аниқлатинг. Агар у юқори бўлса, бу қандли диабет хасталиги белгиси бўлади. Сўнг холестерин миқдорига аҳамият беринг. 25 ёшдан сўнг ҳар бир киши ўзининг холестер даражасини билиб юриши керак. Агар қонингизда 5 ммоль/л. холестерин бўлса, бу — зарур меъёр ҳисобланади. Агар юрак етишмовчилиги, гипертония (қон босими), ўт пуфагида тош ҳосил бўлган бўлса, холестерин миқдори 4,5 ммоль/л.ни кўрсатади.
Қирқ ёшдан ошган ҳар бир киши бир марта тўғри ичакни ҳамда меъдани текширтириши — колоноскопия ва гастроскопия намуналарини олдириши шарт.
Тўртинчи қоида. Чекмаслик. Шу нарса аниқланганки, панкреатитлар (меъда ости безининг яллиғланиши), меъда хасталиклари, ошқозон ости бези, жигар ва ошқозон саратонларига, асосан, чекиш сабаб бўлади. Алкогол масаласига келганда шуни айтиш керакки, айримлар меъёрида қизил мусаллас ичиб юришни фойдали ҳисоблашади. Бироқ меъёрни ҳамма ҳам сақлай олмайди. Агар меъёрни сақлай олишингизга ишончингиз бўлмаса, ўзингизни ташвишга қўйманг: меъёр озгина бузилганда ҳам ошқозон ости бези, жигар ва бошқа аъзолар учун жиддий хавф туғилади. Шу сабабли, умуман, ичмаганингиз маъқул.
Тўртинчи қоида. Болалик одатлари. Бирор-бир таомга одатланиш болалик давриданоқ шаклланади. Агар болани гўдаклигидан сабзи ейишга ўргатсангиз, у катта бўлганда ҳам булочкани хушламайдиган бўлади. Болани рағбатлантириш учун у ёки бу таомдан, айтайлик, конфетлардан фойдаланмаслик керак. Оилада овқатланиш маданиятини шакллантириш, айниқса, ҳамманинг бир дастурхон атрофида бир пайтда овқатланишида ҳикмат кўп. Агар дастурхонда ҳамма нарса мўл-кўл бўлса, одам фақат энг кераклигини олишга одатланади.
Бешинчи қоида. “Дисбактериоз” даволамайди. Рекламаларга маҳлиё бўлманг. Айниқса, овқат ҳазмига ёрдам берадиган ҳапдорилардан ичиб, дисбактериоздан халос бўлишга чақирувчи рекламаларга ишониб чув тушманг. Амалда “дисбактериоз” деган тиббий атама умуман мавжуд эмас. Фақат ортиқча бактерияларнинг йиғилиб қолиш синдроми бор холос, бироқ у ҳар кимда ҳар хил сабабга кўра келиб чиқади. Шундай экан, бу сабаб аниқ бўлмай туриб, қандайдир мавҳум дисбактериозни даволаш — бу чумчуққа тўпдан ўт очгандай гап.
Айримлар профилактика учун ҳам ҳапдори ичишни маъқул кўради, яъни, масалан, алкоголли ичимликлар зараридан жигарни ҳимоялаш учун эссенциалли фосфолипед препаратларини қабул қилишади. Бу препаратларга нисбатан эътироз бўлмаса-да, бир пайтнинг ўзида ҳам алкогол ичиб аъзоларни заҳарлаш ва айни чоғда ҳапдори қабул қилиб ҳимояланишда бирор мантиқ борми? Ундан кўра, ўша алкоголнинг ўзидан воз кечиб қўя қолган минг чандон афзалдир. Негаки, ҳамма нарсада — овқатланишда ҳам, ҳапдориларни қабул қилишда ҳам меъёр бўлиши керак.
Узоқ ва соғлом умр кўрувчилар ана шу олтин меъёрни сақлай олувчилардир.
“АиФ”ниннг 2011 йил, 7-сонидан ЎзАС таржимаси.