Соатни нега чап қўлга тақишингиз сабабини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Албатта, кўпчилик шундай таққани учун, деб мантиқий жавоб беришингиз мумкин. Ёки бўлмасам, соат чап қўлга тақишга мослаб ишлаб чиқарилади, дейишингиз ҳам мумкин. Унда яна ўринли савол туғилади? Ўша кўпчилик нима учун соатларини чап қўлларига тақишади? Ёки нима учун соатлар чап қўлга тақишга мослаб ишланади? Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, саволларга аниқ жавобни топамиз.
Биринчи бўлиб қўлга тақиладиган соатни 1868 йилда Патек Филипп ихтиро қилган. Бу аслида, қимматбаҳо тошлар билан безатилган билагузук бўлиб, унга соат ҳам жойлаштирилган эди ва буни фақат аёллар тақар эдилар.
1904 йилда бразилиялик ҳарбий учувчи Алберто Сантос Дюмонт соатсоз дўсти Луис Картердан уруш ва жангларда ҳам ечмай тақиб юрса бўладиган қўлсоатини ясаб беришни илтимос қилган. Дўстининг илтимосига кўра, Картер ҳар тарафлама қулай бўлган қўлсоатини яратди. Ушбу соатни ҳар қандай вазиятларда ҳам тақиш мумкин бўлиб, ҳеч халақит бермас эди. У соатни фақат эркаклар тақишар эди. Картер уни “Сантос қўлсоати” деб номлади. Ушбу қўлсоат 1911 йилдан сотувга чиқди. Шундан кейин у анча оммалашди. Кейинчалик Франция, Швейцария каби давлатларда қўл соати тақиш урфга кирди. Чўнтак соатига қараганда бу соат анча қулай эди. Ана ўша пайтда Картер мазкур қўлсоатини чап қўлга мослаб ясаган. Чунки, урушда аскарлар ўнг қўлларига қурол ва бошқа нарсаларни ушлайдилар. Бошқа иш қилинаётган пайтда ҳам инсон одатда ўнг қўли билан ишларини бажаради. Чап қўлга тақилган соат эса, ишлаётган ёки урушда қурол кўтариб жанг қилаётган аскар учун халақит бермайди. Учувчи Алберто айнан мана шу қулайликни кўзлаб, дўстидан қўл соати ясаб беришни илтимос қилганди.
Шу билан бирга соатнинг ёнидаги бурагичлари ҳам чап қўлга мослаб жойлаштирилган. Агар соатни ўнг қўлга тақсангиз, унинг бурагичидан фойдаланиш анча қийин ва ноқулай бўлади. Ёки соатни ечиб, бураб, кейин яна тақиб олишга тўғри келади.
Ўнг қўл кўп иш бажарадиган қўл бўлгани учун ҳам соатни чап қўлга тақсак, унинг тимдаланиш, дарз бўлиш ёки синиш эҳтимоли анча камаяди. Ҳозирда кишилар бунга эътибор қилмай қўйишди. Ҳамма соатини истаган қўлига тақяпти. Бундан ташқари ҳозирги пайтда кўп соатлар иккала қўлга ҳам тақса бўладиган қилиб ишланяпти.
Ишониш қийин, аммо ҳақиқат!
1. Оддий қўл телефонида ҳожатхонадаги унитаздагидан кўра кўпроқ бактерия бўлади.
2. Агар инсоннинг юзи хижолатликдан, уятдан қизарса, ошқозонининг ички тарафи ҳам қип-қизил тусга киради.
3. Табиатда шундай бактерия ҳам борки, унинг вазифаси олтин ишлаб чиқариш.
4. Билл Гейтснинг шахсий бойлиги шу даражадаки, жаҳондаги 18 ёшдан катта бўлган ҳар бир кишининг тўрт йил олийгоҳда шартнома асосида таълим олишига етади.
5. Юпитер сайёрасининг ичига бир вақтнинг ўзида Қуёш системасидаги қолган барча сайёраларни жойлаштирса бўлади.
6. Эркак сичқонлар ҳам бошқа жонзотлар сингари урғочи сичқонларга “Севги қўшиғи”ни “куйлайди”. Мана шу “куйлаш” асносида улар инсон эшита олмайдиган товуш – ультратовуш чиқаради.
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.