Ҳозир олча, қорағат, хўжағат (малина), ер тут, черника каби резавор мевалар айни пишган палла. Бу каби резавор мевалар табиат яратган энг фойдали неъматдир. Уларда турли биологик фаол моддалар кўп ва тиғиз. Фойдасиз моддалар эса, деярли йўқ ҳисоби. Шунинг учун бу турдаги мевалар Ғарбда “суперфуд”, яъни идеал неъмат сифатида қадрланади.
Олимлар бундай меваларни тиббий дори-дармонларга тенг қўйишади. Чунки улар холестеринни камайтиради, қон томирларни атеросклероздан ҳимоялайди, қанд хасталигида шифо беради, саратон ривож олишига тўсқинлик қилади, айрим турдаги ўсма ҳужайраларига қирон келтиради. Хуллас, резавор меваларнинг афзалликлари илмий тадқиқотларда тасдиғини топган.
Аслида, ҳар қандай резавор мева фойдали. Бироқ айримлари жуда фойдали. Масалан, бу жиҳатдан қора қорағат қизил ва оқ қорағатдан устун туради. Қизил хўжағат оч ранглисидан, кўкимтир олхўри ва қора рангли гилос сариқ ранглисидан кўра фойдали моддаларга бойроқ. Мевалардаги нордон ва тахир таъм ҳам уларнинг фойдали эканидан далолатдир. Шунинг учун оддий олча ҳаммавақт йирик ва ширин гилосдан кўра фойдали. Айни чоғда гилоснинг ўзида ҳам фойдали моддалар беҳисоб.
Ҳозир мавсумий тармевалар кўплиги учун улар кунлик таомлар рўйхатидан жой олиши керак. Камида кунига бир ҳовуч турли резавор мевалар истеъмол қилиш керак. Уларнинг тури қанча кўп бўлса, шунча яхши. Мавсум ўтгандан сўнг ҳам резаворларни унутиб юборманг. Ҳарорат остида ишлов берилмаган, музлатилган ва қуритилган тармевалар ҳам фойдали.
— Одамлар, мева ва резаворларни кўпинча таомдан сўнг истеъмол қилишга одатланишган, — дейди эндокринолог шифокор М. Богомолов. — Бу нотўғри. Уларни салатлар каби овқатланишдан аввал истеъмол қилиш организм учун фойдали. Енгил тамадди учун сузма-творог ёки қатиқ маҳсулотлари билан қўшиб ейиш янада фойдали. Негаки, биринчидан, резавор мевалар пектин моддасига бой. Агар таомдан аввал истеъмол қилинса, у холестерин, ёғлар ва айрим зарарли моддаларнинг организмга таом билан бирга сингишига тўсқинлик қилади. Иккинчидан, кўпгина резавор мевалар таркибида қанд ва углеводлар организмга сингишини меъёрга солувчи моддалар мавжуд. Агар улар таомдан сўнг истеъмол қилинса, холестерин ва углеводларнинг қонга сўрилишини тўхтатишга улгурмайди.
Резавор меваларни тушлик пайти биринчи таом сифатида истеъмол қилишда ҳикмат кўп. Чриантели деб аталадиган грузинча шўрва бунга мисолдир. Унга асосан олча, баъзан ткемали, маймунжон ёки бошқа тармевалар, булардан ташқари, бош пиёз, бодринг, кўкатлар ва саримсоқ пиёз ҳам солинади.
Яп-янги тармевалардан компот-шарбат тайёрлаб истеъмол қилишни ҳам унутманг. Фақат уни тўғри тайёрлашга эътибор беринг. Бунинг учун резавор тармеваларни қайнатиш шарт эмас. Яхшиси, термосга шу мевалардан солиб, устидан қайноқ сув қуйиб оқшомдан эрталабгача сақланг. Одатдаги мавсумий тармеваларга наъматак ва дўлана, шакар ўрнига эса стивия ўсимлиги япроқлари ёки унинг толқонини солган маъқул. Стивия гиёҳи ҳам ширин, ҳам енгил ҳазм бўладиган углеводларга эга эмас.
Ҳатто қанд касалига учраганлар ҳам резавор мевалардан бош тортмаслиги керак. Уларнинг таркибида қанд моддаси бўлса-да, айнан шу хасталик муолажаси учун наф келтирадиган фойдали моддалар анчагина. Кўплаб резавор мевалар таркибида калий ва магнийнинг зарур миқдорда мавжудлиги организмда инсулин ишлаб чиқилишига замин яратади. Хўжағат (малина) таркибида салицил кислотасининг кўплиги мазкур гормоннинг фаоллигини оширади. Ертут, маймунжон, қулупнай таркибидаги айрим моддалар қанд хасталигини даволашда фаол қўлланадиган бигуанид дорилари каби таъсирга эга.
Айни чоғда, боғ ва ўрмонларда ўсадиган тармеваларнинг кўм-кўк баргларини чойга қўшиб дамлашни ҳам унутманг. Улар ҳам ноёб шифобахш хусусиятга эга. Тармеваларни қирғичдан ўтказиб, чойга солса бўлади. Агар чой ширинроқ бўлсин десангиз, шакар эмас, мевага тенг миқдорда асал қўшган маъқул. Бу аралашма иссиқ ёки қайнатиб совутилган сувга қўшилса, янада хуштаъм ичимлик ҳосил бўлади. Музлатиш учун эса, меваларни яхшилаб ювиб, сувини селгитиб олиб, сўнгра пластик идиш ёки бошқа идишларга солиб совуқхона музхонасида сақлаш керак. Музхонадан олингандан сўнг қайта музлатманг.
Резавор меваларни 60 даражали ҳарорат остида махсус қуритгичларда қуритиб олса бўлади. Уларни патнисга ёйиб иссиқ плита ёнида қуритиш ҳам мумкин. Сўнгра меваларни қаҳва майдалагичдан ўтказиб, эрталаб ва кечқурун бир чой қошиқдан истеъмол қилиб турилса, организм дармондориларга эҳтиёж сезмайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 33-сонидан олинди.