Ҳаммаси жуда оддий бошланган. 1759 йил Артур Гиннес Дублин шаҳрида пиво тайёрлаш корхонасини очади. Мазкур завод ХХ асрнинг ўрталаригача ҳам хотиржам фаолият кўрсатади. 1833 йилда оддий корхона Ирландиянинг энг йирик пиво заводи даражасигача кўтарилди. Хуллас, «Гиннес» савдо белгиси 1930 йилга келиб, Буюк Британияни тўлалигича забт этди.
1951 йилда «Воксфорд» компанияси маҳаллий овчилар учун ташкил этган кечки овқатга «Гиннес»нинг бошқарувчи-директори Хю Бивер ҳам ташриф буюради. Қизиққон жаноб Хю меҳмонлардан бири билан тилла ранг ржанка дунёдаги энг тез учадиган қуш деб тортишиб қолади. Баҳс қандай якунланганлиги номаълум, лекин бу масала орадан бир қанча вақт ўтиб, яна кўтарилади. Бу сафар тилла ранг ржанка тезроқ учадими ёки Шотландия каклигими, деган масала муҳокама мавзусига айланади.
Ана ўшанда жаноб Бивер бундай жумбоқларни ҳал этиш учун махсус маълумотнома бўлиши керак, деб ўйлади. Негаки, одамлар расмий бирор манбага эга бўлмай туриб соатлаб ва бесамар баҳслашаверишлари мумкин. Охир-оқибат томонлар кўпинча ўз фикрини маъқуллаганча қолаверади. Компания раҳбари ўзига хос бундай маълумотномалар Гиннес компанияси томонидан тарқатилса, ёмон бўлмасди, деган хаёлга боради.
Пиво энтсиклопедияси устида ишлаш Норрис ва Росси Макуиртерларга топширилди. Кўп сонли фактлар тўпланди, сараланди ва ҳар бири мутахассис тасдиғидан ўтказилди. Буларнинг ҳаммаси учун бир йил вақт керак бўлди. 1955 йил 27 августда биринчи марта 198 саҳифали нашр дунё юзини кўрди. Кейинроқ у «Гиннес рекордлари китоби» номини олди. Биринчи бор китоб босиш соҳасида оламшумул роман ёки детектив асар эмас, балки оддий энтсиклопедик маълумотнома довруғ қозонди.
Бугунги кунда «Гиннес рекордлари китоби» дунёнинг 40 та мамлакатида инглиз тилида нашр этилиб, 37 тилга таржима қилинади. 1984 йилда китобнинг миллион нусхаси сотилган. 1994 йилда эса, бу кўрсаткич 75 миллионга кўтарилган. «Гиннес рекордлари китоби» ўзига хос тизимга айланган. Негаки, ундаги маълумотлар қисқа вақтда эскиради. Уларни янгилаб туриш учун эса, турли мамлакатларда янги рекордларни рўйхатга олувчи ва махсус диплом билан тақдирловчи ҳайъат гуруҳлари тузилган.
Наргиза Тўхлиева тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди